Судланувчининг жиноий ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги  сабабли, суд ҳукми ўзгартирилди

Судланувчининг жиноий ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги  сабабли, суд ҳукми ўзгартирилди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2019 йил 26 июлдаги ҳукмига кўра, Н.Р Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилган ҳолда, 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суднинг ҳукмига кўра, Р.Н Бухоро шаҳар Пиридастгир кўчаси, 7/4-уй, 32-хонада рўйхатда турувчи ва Таиланд қироллигининг Патайя шаҳрида яшаган ҳолда уюшган жиноий гуруҳ тузиб, гуруҳ манфаатларини кўзлаб, опаси Н.Ф билан олдиндан тузилган режага асосан, Бухоро шаҳрида бўлган таниши Г.А орқали 2010 йил февраль ойида Когон тумани, Шох-Малик кўчаси, 31-уйда яшовчи фуқаро З.Ҳга чет элда юқори маош тўланадиган иш борлигини айтиб қизиқтириб, йўл харажатларини ўз ҳисобидан тўлаб беришиб, алдаб, З.Ҳни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун Тошкент халқаро аэропортидан Тошкент-Куалалумпур, Куалалумпур-Банкок йўналиши орқали Таиланд қироллигига жўнатишиб, Банкок шаҳрида кутиб олиб, Р.Ннинг Патайя шаҳридаги уйига олиб бориб, биргаликда З.Ҳни қўлидан фуқаролик паспортини олиб қўйишиб, ундан йўл харажатларига қилинган харажатлар учун деб 10.000 АҚШ доллари миқдорида пулларни фохишалик қилиб ишлаб беришини талаб қилишиб, эркин ҳаракатланишини чеклаб қўйишиб, уни ўзларига моддий қарам аҳволга солиб қўйишиб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитишиб, 2010 йил март ойи ўрталарида қадар уни ноқонуний равишда ушлаб туришиб, бу вақт ичида уни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаб, фохишалик қилишдан тушган пулларни ўзаро бўлиб олиб, ноқонуний даромад олиб келишган.

Бундан ташқари, судланувчи Р.Н уюшган гуруҳ тузиб, гуруҳ манфаатларини кўзлаб, опаси Н.Ф ва жияни У.Флар билан олдиндан тузилган режага асосан 2012 йил февраль ойида фуқаро И.Р (Т)ни чет элда юқори маош тўланадиган иш борлигини, Таиланд қироллиги, Патайя шаҳрида ўзига тегишли бўлган кафега ишга жойлаштиришларини айтиб қизиқтириб, йўл харажатларини ўз ҳисобидан тўлаб беришларини ваъда қилишиб, алдаб,
2012 йил апрель ойида И.Рни шаҳвоний мақсадларга фойдаланиш учун Тошкент халқаро аэропорти орқали Таиланд қироллигига жўнатишган.

Шундан сўнг, тузилган режага асосан У.Ф Банкок шаҳрида ушбу фуқароларни кутиб олиб, Р.Ннинг Патайя шаҳридаги уйига олиб бориб, Р.Н билан биргаликда унинг қўлидан фуқаролик паспортини олиб қўйиб, йўл харажатлари учун И.Рдан 10.000 АҚШ доллар миқдорида пулларни фохишалик қилиш йўли билан тўлаб беришни талаб қилиб, эркин ҳаракатланишларини чеклаб қўйиб, уни ўзларига моддий қарам аҳволга солиб қўйиб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, 2013 йил май ойига қадар уни ноқонуний равишда ушлаб туриб, бу вақт ичида фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаб, фохишалик қилишдан тушган пулларни ўзаро бўлиб олиб, ноқонуний даромад олиб келишган.

Судланувчи Р.Н ва унинг ҳимоячиси адвокат Ж.А томонидан келтирилган апелляция шикоятида, Р.Ннинг айбсизлиги ва жиноят содир этмагани ҳақида важлар келтирилиб, Р.Нни оқлаш ҳақида ажрим чиқаришни сўраган.

Биринчи босқич суди судланувчи Р.Нни жиноят содир этгани хусусида тўғри хулосага келган бўлсада, унинг ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан нотўғри квалификация қилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “г” бандида, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, одам савдоси жинояти содир этганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 29-моддасининг 4-қисмига кўра, икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги 37-сонли қарорининг 5-бандида, уюшган гуруҳ деганда жиноятларни содир этиш мақсадида икки ёки ундан кўп шахсларнинг барқарор бирлашмаси тушунилиши кераклиги,

жумладан, жиноий фаолиятнинг олдиндан режалаштирилганлиги, жиноий қасдни амалга ошириш учун зарур бўлган воситаларнинг тайёрланиши, иштирокчиларни танлаш, ёллаш ва улар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши, жиноятни яшириш чораларини таъминлаш, гуруҳда ўрнатилган интизомга ва ташкилотчининг кўрсатмаларига бўйсунишлик жиноий гуруҳнинг уюшганлигидан далолат беришлиги, айблаш фикрида ва суд ҳукмида айнан қандай асосларга кўра жиноий гуруҳ уюшган деб топилганлиги кўрсатилган бўлиши ҳақида судларга раҳбарий кўрсатма берилган.

Бироқ, биринчи босқич суди қандай асосларга кўра, Р.Н содир этган жиноятда, жиноий гуруҳни уюшган деб квалификация қилиш учун асосий мезон тариқасида, гуруҳнинг барқарорлигини, унда ташкилотчининг бўлишини, одатда, бир неча жиноятни содир этиш мақсадида тузилганлигини, жиноятни амалга ошириш режаси ва йўл-йўриғи ишланганлигини, ҳар бир иштирокчи ўртасида вазифалар тақсимланганлигини, техника билан таъминланганлигини, жиноятни яшириш чоралари кўрилганлигини, умумий интизомга ва жиноий гуруҳ ташкилотчисининг кўрсатмаларига итоат қилинишини ва шу кабиларни ҳисобга олинганлигини айблов ҳукмида асослаб бермаган.

Жиноят ишида тўпланган далилларга қараганда, судланувчи Р.Н, опаси Н.Ф ва жияни У.Флар билан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жабрланувчиларни давлат чегарасидан олиб ўтиб, жабрланувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйиб, қарам аҳволга солиб, уларни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб туриб, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, зўрлик ишлатиб, икки нафар жабрланувчилардан шахвоний мақсадларда фойдаланиб, одам савдоси жиноятини содир этган.

Аммо, иш материалларида судланувчи Р.нинг уюшган гуруҳда жиноий фаолият олиб боришганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

Қайд этилганларга кўра, апелляция инстанция суди, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2019 йил 26 июлдаги Н.Рга оид ҳукми ўзгартирилиб, Н.Рнинг айби Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “г” бандидан, ЖК 135-моддаси 2-қисмининг “б”, “г”, “е”, “з”, “и” бандларига қайта квалификация қилинди ва Н.Р Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 2-қисмининг “б”, “г”, “е”, “з”, “и” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 1-банди “а” кичик бандига асосан жазодан озод қилинди.

 

     А.Шайдоев,

АСҲ-3-04/184-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди раисининг

ўринбосари


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!