Судланувчиларнинг жиноят содир этганлиги ўз исботини топмаганлиги сабабли ҳукм бекор қилинди

Судланувчиларнинг жиноят содир этганлиги ўз исботини топмаганлиги сабабли ҳукм бекор қилинди

Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман судининг 2018 йил 15 февралдаги ҳукми билан К.Р Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари билан энг кам ойлик иш ҳаққининг 75 баравари, яъни 11.233.125 сўм жарима жазосига; К.Б Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари билан энг кам ойлик иш ҳаққининг 75 баравари, яъни 11.233.125 сўм жарима жазосига судланганлар.

Суднинг ҳукмига кўра, К.Р отаси К.Б билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, 2017 йил 24 август куни Хива тумани, “Чинобод” қишлоғидаги яшаш уйида фуқаро О.Удан 124.900.000 сўм пулларни санаб олиб, отаси Б.К орқали ҳар бир АҚШ долларини 8.050 сўмдан ҳисоблаб, Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган “Абу Саҳий” савдо мажмуаси биноси олдида О.Унинг Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Эшонгузар” маҳалласи “Қадрият” кўчаси, 6-уйда яшовчи таниши Х.Рга
(1 АҚШ долларини сўмга нисбатан қиймати 4.182 сўм 30 тийин) давлат курси бўйича қиймати жами 64.407.420 сўм бўлган, кўп миқдордаги 15.400 АҚШ долларини қонунга хилоф равишда ўтказганликлари аниқланиб, 15.400 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 22-моддаси талабларига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Ушбу кодекснинг 463-моддаси 1-қисмига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Бироқ суд, судланувчилар Р.К ва Б.Кларга нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган қонун талабларига риоя қилмаган.

Судланувчи Р.К судда, у Тошкент шаҳридаги “Абу Сахий” бозори олдида турганида, Х.Р келиб, Хоразм вилоятидан 125,0 млн. сўм пулларини Тошкентга олиб келиб беришини айтганлигини, шу вақтларда Тошкентдаги уйларидан Хоразмга укаси Ж.Кни контракт пулини тўлаш ва қарзларини қайтариш учун пул олиб келиши лозим бўлганлиги сабабли уни таклифига рози бўлганлигини, сўнг, О.У орқали ушбу пулларни олиб, Тошкент шаҳрида бўлган отаси Б.Кга қўнғироқ қилиб, Х.Р.га 125,0 млн. сўм бериб юборишини, Хоразмда ушбу миқдордаги пуни Х.Рни танишидан олганини айтгани, лекин АҚШ доллари ҳақида гаплашмаганини билдирган.

Судланувчи Б.К судда ўғли Р.К қўнғироқ қилиб, Х.Рга 125,0 млн. сўм бериб юборишини, унинг танишидан Хоразм вилоятида шунча пул олганини айтганидан сўнг у Тошкент шаҳридаги “Абу Сахий” бозори олдида автомашинасида Х.Рга 125,0 млн. сўм берганлигини, шу вақтда бу ҳолатни таниши “Лочинбек” кўрганлигини, кейин у уйига кетганлигини, у “Наргиза” исмли аёлни танимаслигини кўрсатган.

Жиноят ишидаги “Ажиниёз” номли Нукус давлат педагогика институтининг 2017 йил 9 декабрдаги 23-сонли маълумотномасида, Ж.К шу институтнинг 2017-2018 ўқув йили учун 5110600-Тарих (ўзбек) бакалавр таълим мутахассислиги бўйича ҳужжат топшириб, 127,4 балл тўплагани, ўқишга кириш учун 12,4 балл етмагани, абитурентнинг бу тўпланган балли билан 10 ҳисса миқдордаги қўшимча контракт пули тўлаши юзасидан шартнома тузилгани, бироқ 2017 йил 30 ноябрга қадарли бу пуллар тўланмаганлиги кўрсатилган.

Иш хужжатларидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Хоразм вилояти бошқармасида 2017 йил 24 август куни билан рўйхатга олинган О.Унинг аризасида 2017 йил август ойи бошларида Хива туманидаги валюта қора бозорида С ва Р исмли шахслар биргалашиб, АҚШ доллари савдоси билан шуғуланиб келаётганликларини гувоҳи бўлганлиги, улар сотиб олган АҚШ долларини Тошкент шаҳрига олиб бориб валюта қора бозорида сотиш билан шуғулланиб келишаётганлигини эшитганлиги кўрсатилиб, уларни ноқонуний фаолиятига чек қуйилиши ва уларга қонуний чора кўрилиши сўралган.

Худди шундай, шу кун билан рўйхатга олинган З.Ннинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи номига ёзилган аризасида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғуланувчи С ва унинг Тошкент шаҳридаги жиноий шерикларига қонуний чора кўрилиши сўралган.

Гувоҳ О.У дастлабки терговда (и.в.1-жилд 85) ўз кўрсатмасида, З.Н билан гаплашган ҳолда Р ва унинг шерикларини ноқонуний фаолиятига чек қуйиш мақсадида маслаҳатлашиб, З.Н билан биргаликда ариза билан мурожаат қилганлигини билдирган.

Бироқ, О.У биринчи босқич судида Р.К ва Б.Кларни олдиндан танимаганлиги, уларни валюта олди-сотдиси билан шуғуланиши тўғрисида маълумотга эга бўлмаганлиги ҳақида, худди шундай, апелляция судида ҳам шу кўрсатмасини тасдиқлаб, Хива туманидаги қора бозор қаерда жойлашганлигини билмаслиги, С.С., Р.К ва Б.Кларни олдиндан танимаслиги, уларни ноқонуний АҚШ доллари савдоси билан шуғуланиб келганликларини кўрмаганлиги ҳақида кўрсатма бериб, аризани Н.Қни айтганлиги сабабли ёзгани ва унинг сўзидан ушбу шахслар АҚШ доллари савдоси билан шуғуланиб келаётганликларини гувоҳи бўлганлигини аризасида кўрсатганини, Н.Қ унга Клар  ҳамқишлоғи бўлганлиги сабабли улар тайизиқ ўтказишларидан қўрқиб ариза ёзмаслигини айтиб, ундан ариза ёзишини сўраганлигини, аризани компьютерда Департамент ходими ёзганлигини  маълум қилди.

Шу ўринда, Н.Қ ҳам дастлабки терговдаги кўрсатмасида, 2017 йил август ойи ўрталарида таниши Х.Рга қўнғироқ қилиб, ундан Хоразмдан пул олиб, Тошкент шаҳрида АҚШ доллари бериш билан шуғуланувчи такси ҳайдовчиси топишини сўраганлигини, шунда Х.Р. Тошкент шаҳридаги “Абу Сахий” бозорига бориб, у ердан шу иш билан шуғуланувчи ва уларни таклифига рози бўлган “Бахтиёр” исмли шахсни топганлигини, сўнг “Бахтиёр” исмли шахсни ноқонуний фаолиятига чек қуйиш мақсадида Департаментнинг Хоразм вилоятида ишловчи таниши Мга ушбу ҳолатни айтиб берганлигини, Б исмли шахс Хивадан бўлганлиги сабабли ўзига нисбатан тазийиқ ўтказиши мумкинлиги уйлаб, ўзи ариза ёзмаганлигини, таниши О. Уни жалб қилиб, унга ҳолатни тушунтирганидан сўнг О.У ариза ёзганлигини маълум қилган.

Булардан кўринадики, О.Уни шахсан ўзи ноқонуний валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш фаолияти билан шуғуланувчи шахсларни кўрмаган, аризани Н.Қнинг сўровига асосан ёзишга рози бўлган.

Апелляция судида эса гувоҳ Н.Қ ўз кўрсатмасида, бу иш Департамент ходимлари томонидан уюштирилганлигини, ўзининг оилавий муаммолари бўйича туҳматга қолиб кетганлиги сабабли маслаҳат ва ёрдам сўраш учун Департаментда ишловчи таниши Мдан ёрдам сўраб борганлигини, шунда М унга: “Майли ёрдам берамиз, лекин сен ҳам бизга ёрдам берасан”-деб айтганлигини, сўнг ундан Тошкентда таниши бор ёки йўқлигини сўраб, Тошкентга 125,0 млн. сўм  юбориш кераклигини айтганлигини, шунда Тошкентда таниши борлигини билдирганлигини, сўнг М унга: “Танишиз Тошкентдаги Хоразм йўналиши бўйича такси стоянкасидан пулни етказиш учун одам топсин” деб айтганлигини, сўнг ўзи билан бир фирмада ишлаган таниши Х.Рга бу ҳақда айтганлигини ва у Р.Кни топганлигини, келишув бўйича М 125.000.000 сўмни  Тошкентга “перевод” қилиш керак бўлганлигини, Р.К ва Б.Клар сўмни АҚШ долларига алмаштирганлигини кўрмаганлигини ва билмаслигини, дастлабки терговдаги кўрсатмаларини ўқимасдан имзолаганлигини, судларда чақирилганида уни Р исмли департамент ходими қандай кўрсатма беришини тушунтириб, уни йўл кирасигача берганлигини, Департаментнинг шунга ўхшаш айтилган шахсларни устидан ариза ёзиш ва уюштирилган ишларда иштирок этувчи
4-5 та одамлари бўлганлигини, У.О булар ичида биринчи ўринда туришини, у товламачи эканлигини, Департамент ходимлари орқасидан дўкон очиб олганлигини баён этди.

Шу ўринда, жиноят ишидаги хужжатларига кўра, айнан О. У., Н.Қларнинг аризалари бўйича тўпланган хужжатларга асосан бошқа шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, шунингдек, мазкур жиноят иши бўйича холис сифатида иштирок этган К.К бошқа жиноят иши бўйича ҳам холис сифатида иштирок этган.

Бундай ҳолатда юқорида қайд этилган гувоҳларни ўзларининг дастлабки тергов ва судларда айни бир ҳолатни турлича баён этиб кўрсатма берганликлари, шунингдек, уларнинг айни бир ҳолат бўйича кўрсатмалари бир-бирига тўғри келмаслиги сабабли ҳамда К.К муқадам бошқа жиноят иши бўйича холис сифатида иштирок этганлиги сабабли уларни шубҳали кўрсатмаларини ишончли деб топиб бўлмайди.

Гувоҳ З.Н биринчи босқич судида С.Сни ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғуланиб юрганлигини Хива туманида яшовчи танишларидан эшитганлигини баён этган бўлиб, апелляция судида ҳам шу кўрсатмасини тасдиқлаб, С.Сни ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғуланиб юрганлигини айнан қайси танишидан эшитганлигини изоҳлаб бераолмаслигини ҳамда Р.К ва Б.Кларни ҳам шундай ноқонуний фаолият билан шуғуланишини кўрмаганлигини ва эшитмаганлигини билдириб кўрсатма берди.

Шунингдек, гувоҳ З.Ннинг суриштирувдаги тушунтириш хати (и.в. 1-жилд 35) ва дастлабки терговдаги кўрсатмасида, (и.в. 1-жилд 113) тадбир давомида О.У унга телефон орқали “С” ҳар бир АҚШ долларини 8050 сўмдан ҳисоблаб, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи таниши Б орқали қанча АҚШ доллари керак бўладиган бўлса, “ҳавола” (перевод қилиш) усулида етказиб беришини ваъда қилганлигини, Хоразмда “С”га 125,0 млн. сўм беришини, сўнг унга олдиндан таниш бўлмаган Х.Р билан Бдан хизмат ҳаққисидан ташқари 15.400 АҚШ долларини олишлари кераклигини айтиб, унга Х.Рни уяли телефон рақамини берганлигини, шунингдек, орадан бир соатлар ўтгач О.У яна унга қўнғироқ қилиб, “С”га 125,0 млн. сўм тўлиқ санаб берганлигини, тезда Х.Р билан Тошкент шаҳрида яшовчи Бдан 15.400 АҚШ долларини олишлари лозимлигини айтганлиги баён этган.

Бироқ, О.У ва бошқа гувоҳлар ўз кўрсатмаларида Хоразмда 125,0 млн. сўмни олиб, АҚШ долларига алмаштирган ҳолда Тошкентга “ҳавола” усулида етказиш хусусида “С” билан келишилганлигини билдирмаганлар, ишдаги хужжатларда ҳам бундай ҳолат кўринмайди, аксинча ишдаги бошқа  гувоҳлар Р.К билан юқорида қайд этилган келишув бўлгани, Р.Кга шу мақсадга пул берилгани баён этганлар, “С” деганда С.С назарда тутилган бўлса, гувохлар кўрсатмаси ва ишдаги хужжатлардан фақат уни Р.Книнг уйидан пулни олиб кетганлиги кўринади. Қолаверса С.С иш бўйича гумонланмаган ҳам, айбланмаган ҳам.

Апелляция судида З.Н дастлабки терговда берган кўрсатмасини тасдиқлашини, аммо тадбир жараёнида Тошкентда бўлганлиги, Хоразмда ким-кимга пул берганлигини кўрмаганлиги, шу сабабли О.Уни сўзларидан келиб чиқиб кўрсатма берганлиги билан изоҳлади.

Бу ҳолат О.Унинг кўрсатмаларини яна бир бор шубҳали эканлигидан далолат беради.

Ваҳоланки, агар З.Н ва О.Уларнинг аризалари бўйича департамент ходимлари тадбир ўтказишга қарор қилган бўлса, З.Нга О.У эмас, балким айнан тадбир ўтказувчи ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари тадбирни мазмуни, ким қандай ҳатти ҳаракатлар қилишини батафсил тушунтиришлари лозим эди.

Бундан ташқари, З.Ннинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмаларининг мазмунига кўра, Б.Кдан АҚШ долларини бевосита ўзи олмаган, фақат Х.Рнинг сўзидан ушбу 15.400 АҚШ доллари Б.Кдан олинганини эшитиб билган ҳамда шахсан Х.Рдан ушбу пулларни олган.

Худди шундай, тадбирда холис сифатида иштирок этган Д.Л ва Ф.Мларнинг ишдаги кўрсатмаларига кўра, улар Б.Кдан АҚШ долларини олинганини бевосита кўришмаган, фақат Х.Рни сўзидан ушбу 15.400 АҚШ доллари Б.Кдан олинганини эшитиб билганликларини баён этганлар.

Гувоҳ Х.Р ҳам дастлабки тергов ва судда Б.Кдан 125,0 млн.сўм эмас балки 15.400 АҚШ доллари олганини билдирган.

Бироқ, биринчи босқич ва апелляция судларида сўроқ қилинган гувоҳ Д.К 2017 йил 23 август куни Р.К ва Х.Рларни суҳбатини эшитганлиги, улар Хоразмдан Тошкентга пул “перевод” қилиш ҳақида гаплашганликлари, улар АҚШ доллари ҳақида гаплашмаганликлари фақат сўм ҳақида гаплашганликлари мазмунида кўрсатма берган.

Худди шундай, биринчи босқич ва апелляция судларида сўроқ қилинган гувоҳ Ю.Л “Абу-Сахий” бозори ёнидан ўтиб кетаётиб, Б.Кни автомашинасини кўриб уни ёнига борганлиги, автомашинани ичида бир аёл кишини кўрганлиги, аёл киши 10.000 сўмлик купюрали кўп миқдордаги пулларни санаб ўтирган бўлгани, автомашинада “Зара” ёзувли пакет ҳам бўлганлиги, Б.К телефонда ким биландир гаплашиб, 125,0 млн. сўм деб айтганлиги мазмунида кўрсатма берган.

Қолаверса судланувчи Б.К ҳам Р.К ҳам Хоразмда 125,0 млн.сўм олиб, Тошкентда ҳам 125,0 млн. сўм берилганлиги мазмунида кўрсатма берганлар.

Иш бўйича Х.Рдан олиб қуйилганлиги кўрсатилиб, 15.400 АҚШ доллари ашёвий далил деб эътироф этилган, бироқ, тадбир жараёнида Б.К бевосита Х.Рга пул берган вақтида ушланмаган, Х.Рдан З.Н пулларни олгунига қадар муайян вақт ўтган бўлиб, ушбу вақтда пуллар алмаштириш мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу шубҳали ҳолатни судда ҳам текшириб аниқлашни имкони йўқ. Шу сабабли гарчанд дастлабки терговда 15.400 АҚШ доллари ашёвий далил деб эътироф этилган бўлсада, уни судланувчилар Р.К ва Б.Кларни айблаш учун мақбул далил деб бўлмайди.

Баён этилганларга асосан Х.Рни кўрсатмалари юқорида қайд этилган гувоҳлар ва судланувчиларни кўрсатмалари билан инкор қилинган бир вақтда бошқа объектив далиллар билан тасдиқланмаганлиги сабабли уни ишончли деб эътироф этишни имконини йўқ.

Шунингдек, гувоҳ Д.Онинг кўрсатмасига кўра, у ишда холис сифатида иштирок этган, О.У пулларни Р.Кни уйига олиб кирганини кўрган, уларни суҳбатларини эшитмаган, бироқ, гарчанд апелляция судида Р.К уйида департамент ходимлари билан нима ҳақида суҳбатлашганини эсламаслигини кўрсатган бўлсада, суриштирув ва дастлабки терговда Р.Кни уйига кирилганида, Р.К Тошкент шаҳрида Х исмли аёлга 15.400 АҚШ доллари бериши эвазига 124.900.000 санаб олганлигини айтганлигини эшитгангини баён этган.

Шу ўринда Р.К дастлабки тергов ва судда ўз кўрсатмасида Хива туман СВОЖЖДЛҚК департамент ходимлари уни йўқлигида уйига бостириб кириб асоссиз равишда тинтув ўтказганликларини, у келгач уни қўлини қаериб, Хива туман прокуратурасига олиб кетганликларини, у ерда унга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилганлигини, онаси Н.М ва укаси Ж.Кларни ҳам олиб келиб, алоҳида хонада сақлаб ушлаб турганликларини, сўнг мажбур бўлиб, улар айтгани бўйича улар томонидан ёзилган тушунтириш хатига имзо қуйганлигини ҳамда видео тасвирга олиш жараёнида АҚШ долларини сўмга алмаштирганлиги мазмунида кўрсатма берганлигини, шундан сўнг соат 1ларда уни қуйиб юборишганини маълум қилган.    

Ишда худди шу мазмундаги Р.Книнг Хива туман прокурори номига 27.08.2017 йил ёзилганлиги кўрсатилган ва 28.08.2017 йил Хива туман прокуратурасида рўйхатга олинган аризаси ҳам мавжуд.

Шунингдек, биринчи босқич судида қўшимча гувоҳ сифатида сўроқ қилинган Н.М., Н.К., Ж.Клар ҳам судланувчи Р.Книнг кўрсатмасини тасдиқлаб, унинг кўрсатмасига ўхшаш кўрсатма берганлар.

Қолаверса, биринчи босқич судида қўшимча гувоҳ Д.Ю жиянлари Р.К., Ж.Клар ва янгаси Н.Мларни департамент ходимлари олиб кетмоқчи бўлганликларини, шунда янгаси Н.М ва жияни Ж.Кларни ўзи автомашинасида этишига ходимларни кўндирганлигини, шундан сўнг улар Р.Кни олиб кетганликларини, уларни ортидан янгаси Н.М ва жияни Ж.Кларни ўзи автомашинасида прокуратурага олиб борганлигини, уларни кечгача ушлаганликларини, талаб қилгани сабабли янгаси Н.М ва жияни Ж.Кларни соат 22ларда чиқаришгани, аммо Р.Кни ушлаб турганликларини, шунда Р.Кни қуйиб юбормаганликлари сабабли адвокат олиб келганлигини, аммо адвокатни прокуратурага киришга қуйишмаганлигини, сўнг соат 01ларда Р.Кни қуйиб юборганликларини баён этган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги 07-сонли қарорининг 16-бандида “...судланувчи томонидан терговда ёки судда айбини бўйнига олиш ҳолати у иш бўйича тўпланган ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан холисона исботланган тақдирдагина айблов ҳукми чиқаришга асос бўла олади” деб раҳбарий тушунтириш берилган.

Бироқ, Р.Книнг айби бошқа далиллар билан холисона исботланмаган, шунингдек, кейинчалик дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмаларида унга тазйиқ ўтказилгани боис, айбини буйнига олганини баён этган.

Бундай ҳолатда, Р.Книнг тушунтириш хати, ишга илова қилинган СД дискдаги видеотасвирдаги уни сўзлари ҳамда Р.Кни айбига иқрорлик билдиргани мазмунидаги гувоҳ Д.Онинг кўрсатмасини холисона исботланган деб ҳисоблаб бўлмайди.

Шунингдек, иш бўйича дастлабки терговда 2017 йил 30 октярбда 10.000 сўмлик купюрадан иборат жами 125,0 млн. сўм пуллар кўк рангли пакетга жойлаштириш мумкин ёки мумкин эмаслиги бўйича эксперемент ўтказилиб, кўк рангли пакетга жами 70,0 млн. сўм жойлаштирилганлиги қолган 55,0 млн. сўмни жойлаштириш имкони бўлмагани аниқланган.

Бироқ, ушбу эксперементни ўтказишдан олдин Б.К томонидан пул солинганлиги кўрсатилган пакетни ҳажми, номи аниқланмасдан, уни рангидан келиб чиқиб, кўк рангли пакетни эксперементда фойдаланилишини сабаби асослантирилмаган ҳолда ўтказилган.

Қолаверса, Б.К томонидан айнан қандай турдаги пакетга пуллар солинганлиги маълум қилиниб, ушбу пакетга ўхшаш пакет терговга тақдим этилиб, қайта эксперемент ўтказилиши илтимос қилганида, тергов органи бу илтимосномани рад қилиб, буни сабабини асослантирмаган ва фақат тушунарсиз ҳолатда уни жиноят ишига қўшиб қуйиш билан кифояланган.

Шу сабабли юқорида қайд этилган эксперемент натижасини ҳам иш бўйича мақбул далил деб ҳисоблаб бўлмайди.

Шу ўринда, Р.К ва Б.Кларнинг айбсизлиги ҳақида келтирилган важлари гувоҳ Л.Ю., Д.Сларнинг кўрсатмалари ҳамда ишдаги “Ажиниёз” номли Нукус давлат педагогика институтининг 2017 йил 9 декабрдаги 23-сонли маълумотномаси билан ҳам тасдиқланган. 

Бундан ташқари, З.Н ва О.Уларнинг аризалари бўйича ўтказилган тадбирда ҳам бир қатор мавҳум ҳолатлар мавжуд.

Жумладан, 2017 йил 24 август кунидаги аризачига назоратли харид учун пулларни бериб юбориш ҳақидаги баённомаси асосида О.Уга 125,0 млн. сўм берилгани кўрсатилган.

Бироқ, ушбу пуллар қаердан, кимдан олинганлиги ва олиб қуйилганидан сўнг, қаерга кимга топширилгани бўйича жиноят ишида бирор бир маълумот мавжуд эмас.

Шунингдек, юқорида қайд этилган баённомага кўра, О.Уга 125,0 млн. сўм берилган бўлсада, 2017 йил 24 август кунидаги текшириш тадбири давомида сўм пулларни санаш ҳамда олиш ҳақидаги баённомада Р.К тушунтиришида 124.900.000 сўм санаб олганлигини айтгани ҳамда С.С ҳам айнан 124.900.000 сўм топширганлиги кўрсатилган. Гувоҳ О.У ҳам ўз кўрсатмасида Департамент ходимларини талаби бўйича ўзининг шахсий пулларидан уларга 100.000 сўм берганлигини баён этган.

Ишдаги хужжатларда, О.У унга берилган пуллардан 100.000 сўмини ўзига сақлаб қолиши тадбирда режалаштирилгани кўринмайди, аксинча
125,0 млн. сўм Р.Кга бериши келишилган, қолаверса О.У ўзи ариза ёзган ва унинг аризаси бўйича тадбир ўтказилаётганлигини, унга берилган пуллар қайтарилишини билган бир ҳолатда ўзида сақлаб қолиши ҳам мантиққа зид. Шундай бўлсада, суриштирув давомида бунга аниқлик киритилмасдан О.Удан 100.000 сўм олиб қуйилган.

Бундан ташқари, ишдаги хужжатларда тадбир ўтказилишидан олдин СВОЖЖДЛҚК Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонижан 2017 йил 24 август куни аризачи О.Уга Р.К билан ўрталарида бўлиб ўтадиган суҳбатни ёзиб олиш учун овоз ёзувчи ускуна диктафон холислар иштирокида баённома асосида берилиб, худди шундай тадбирдан сўнг холислар иштирокида баённома асосида диктафон олиб қуйилган. О.Унинг кўрсатмасига кўра, мазкур тадбирда диктафонни ишлатган, бироқ, ноъмалум сабабларга кўра, суриштирувда ҳам, дастлабки терговда ҳам ушбу диктафонда ёзилган овозлар эшитилилиб кўрилмаган, белгиланган тартибда стенограмма қилинмаган.

Шунингдек, номаълум сабабларга кўра, О.У ва З.Нларнинг аризалари юзасидан тадбир ўтказилиши жараёнида Р.К. ва О.У.ларнинг ўрталарида бўлиб ўтган телефон сўзлашувлар, Х.Р ва Б.Кларнинг ўртасида бўлиб телефон сўзлашувлари, ёки бевосита олди-бердилари вақтидаги суҳбатлари махсус овоз ёзувчи мосламадан фойдаланилган ҳолда ёзиб олинмаган, Б.К пулларни Х.Рга бераётган вақтида ушланмаган.

Гувоҳ Х.Рнинг 2017 йил 23 август куни унга О.У телефон қилиб, Тошкент шаҳрида яшовчи Бахтиёр исмли шахсни телефон рақамини бериб, 2017 йил 24 август куни ундан 15.500 АҚШ долларини олишини илтимос қилганлиги мазмунидаги кўрсатмаси З.Н ва О.Улар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Хоразм вилояти бошқармасига 2017 йил 24 августда ариза билан мурожаат қилишидан бир кун олдин О.У., Б.Кни 15.500 АҚШ долларини қонунга хилоф равишда сотаётганида ушлашни режалаштирганлигидан далолат беради.

Шунингдек, Х.Рнинг дастлабки терговдаги кўрсатмаларига кўра, у тадбирга жалб қилинмаган ва уни ўтказилиши режалаштирилган тадбирдан хабари бўлмаган. Аксинча иш материалларидан кўринишича З.Н., Б.Кдан 15.500 АҚШ долларини олиш учун тадбирга жалб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан З.Н ва О.Уларнинг аризаларига асосан 2017 йил 24 август куни тадбир ўтказилиши режалаштирилиб, Б.Кдан АҚШ долларини олиш учун З.Н жалб қилинган бир вазиятда, шу куни тадбир ўтказилаётганидан хабари бўлмаган Х.Рга тадбир иштирокчиси О.У қўнғироқ қилиб, Б.Кдан АҚШ долларини олиб З.Нга бериб қуйишини сўраганлик ҳолати тадбирда белгиланган режа ва мақсадларга тамомила зид бўлиб, гувоҳлар Х.Р., З.Н ва О.Уларнинг кўрсатмаларини ҳаққонийлигини яна бир бор шубҳа остига қуйяди.

Айни вақтда ушбу ноаниқликларни бартараф этиш ҳамда Р.К ва Б.Кларни айбини тасдиқловчи далиллар тўплашни имконияти ҳам мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддасига мувофиқ, қилмишида жиноят таркиби бўлмаган шахс айбсиз деб топилиши лозим.

Қайд этилганларга асосан, апелляция судлов ҳайъатининг 2019 йил 30 июль кунидаги ажрими билан Р.К ва Б.Кларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 177-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, улар Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан оқланди.

 

       АСҲ-3-08/96-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят судининг

судьяси Ф.Турсунов

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!