Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Савол: Поччамга содир қилган жинояти учун озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Ҳозирда мазкур жазони деярли ўтаб бўлди. Поччамнинг судланганлик ҳолати тугаланган ҳисобланадими?
Гули Ализода, Фарғона вилояти
Жавоб: Дастлаб судланганлик ҳақида тўхталсак. Судланганлик — бу шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилинишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.
Судланганлик ҳолати тугалланиши шахснинг судланганлиги факти билан боғлиқ барча оқибатларнинг жазо тури ва муддатидан келиб чиққан ҳолда ЖК 78-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтганлиги натижасида автоматик тарзда (ўз-ўзидан) барҳам топишини англатади.
Бундай ҳолларда судланганлиги тугалланган шахс, унинг вориси, қонуний вакили ёки адвокати илтимосига кўра ҳукм чиқарган суд томонидан судланганлик ҳолати мавжуд эмаслиги фактини тасдиқловчи маълумотнома берилади.
Жиноят кодексининг 78-моддасига асосан, шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
— шартли ҳукм қилинганларга нисбатан – синов муддати тугаган кундан бошлаб;
— мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;
— жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин – 1 йил ўтгач;
— озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин – 2 йил ўтгач;
— 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – 4 йил ўтгач;
— 5 йилдан ортиқ, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – 7 йил ўтгач;
— 10 йилдан ортиқ, лекин 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – 10 йил ўтгач.
Нодиржон Раимқулов,
Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг раиси