Судга келган ҳар бир фуқаро адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак

Судга келган ҳар бир фуқаро адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак

 Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади. Одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва су      дга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Жамиятда ўрнатилган очиқлик сиёсати туфайли аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, сайёр судлар ўтказиш амалиёти кенгайди. Одамларни юзма-юз ўтириб эшитиш-уларнинг дардини ҳис қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тўғирлаш каби хайрли ишларга йўл очди десак муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг 30 июнь куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда одил судловни амалга ошириш борасида бир қанча ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ислоҳотлар натижасида судлар томонидан 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани қайд этилди. Ҳақиқатдан ҳам кейинги пайтларда судларда оқланаётган шахслар сони кескин ошди.

Судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари жорий йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида тўхталиб ўтди.

Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талабидир. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, қонунчиликка киритилиши режалаштирилаётган яна бир таклиф бу назорат инстанциясини бекор қилиш бўйича ҳам таклиф билдирилди. Мазкур масалага Давлатимиз Раҳбари “Суд тизимда эскилик сарқити бўлган” деб ҳаққоний баҳо бердилар.

Ваҳоланки, шундай экан келгусида қонунга киритиладиган ўзгартириш билан суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича таклиф илгари сурилгани эса судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишига таъсир ўтказувчи яна бир омилни бартараф этади.

Илгари судьялар, суд раислари билан одамлар ўртасида тўсиқ бор эди, бугунги кунда эса, аҳолининг судьялар ва суд раислари билан бевосита мулоқот қилмоқда.

Зеро, ҳар қандай жамиятда фуқароларнинг ўзаро ижтимоий муносабатларида суд идораларига мурожаатларнинг кўп бўлиши ҳам табиий. Аммо ҳар бир мурожаатчини эшитиш, унинг арзини қонуний ва адолатли ҳал этишга биз судьялар масъулмиз.

 

Маҳкамжон Абдуманобов

Қувасой шаҳар маъмурий суди раиси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!