Суданда ҳарбий тўнтарувга уриниш амалга оширилди – ОАВ

Суданда ҳарбий тўнтарувга уриниш амалга оширилди – ОАВ

Суданда ссобиқ президент Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин мамлакатни бошқараётган муваққат ҳарбий кенгашни тўнтаришга уриниш амалга оширилди. Бу ҳақда Al-Arabiya телеканали ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда хабар берди.  

Маълум қилинишича, амалга ошмай қолган тўнтарувда иштирок этган 68 ҳарбий ҳибсга олинган. Уларга нисбатан тергов олиб борилмоқда. Исёнчи ҳарбийлар орасида собиқ тузумга содиқ ҳарбийлар кўпчиликни ташкил қилади.

11 апрелда Суданни 30 йил бошқарган Умар ал-Башир ҳарбийлар томонидан ағдарилганди. Ал-Башир дастлаб уй қамоғида сақланган, сўнгра ўта хавфли жиноятчилар сақланадиган турмага жўнатилган. 15 май куни кенгаш вакиллари мухолифат билан 3 йиллик келишувга эришганларини маълум қилишган. Келишувга кўра бу 3 йил давомида ҳокимият тепасида муваққат ҳукумат бўлиши керак эди.

Бироқ кейинроқ ҳарбийлар мухолифат билан келиша олишмагани аниқланган. 3 июнда полиция ва Судан махсус кучлари пойтахт Хартумдаги қуролли кучлар бош қўмондонлиги бош қароргоҳи ёнида норозилик билдираётган одамларни куч билан ҳайдашга тушган. Бунинг оқибатида 60 га яқин одам ҳалок бўлган.

Шундан кейин мухолифат армия билан мулоқотни тўхтатишини ва умумий забастовка бошланишини эълон қилган. 

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!