Суд томонидан оқланган фуқаро асл ҳақиқатларни ошкор қилди

Суд томонидан оқланган фуқаро асл ҳақиқатларни ошкор қилди

Адолат қарор топаётганлиги кишини жуда ҳам қувонтиради. Давлатимиз раҳбарининг суд тизимида олиб бораётган ислоҳатларидан биз фуқаролар беҳисоб мамнунмиз.

Мен, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2013 йил 2 мартдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судлангандим.

Вақеани қисқача баён қиладиган бўлсам, 2012 йилнинг 16 март кунидан Навоий шаҳар ИИБ ушланган ва ҳибсга олинган шахсларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасининг бошлиғи лавозимида ишлардим.

Тергов органи мени Навоий шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган Шоимов Санжарнинг сақлаш шароитини яхшилаш ҳамда бирон-бир чекловсиз кийим-кечак ва озиқ-овқат бериш учун жиноят ишининг терговини олиб бораётган терговчининг рухсати ва хабардорлигисиз С.Шоимовнинг отаси Шоимов Собиржон Раимовичдан 2012 йил май-июль ойларида Навоий шаҳар ИИБ биноси ёнида 100.000 сўм, Кармана тумани ҳудудида 100.000 сўм, жазони ижро этиш муассасидан қайтиб келган Эгамов Алишер Уктамович орқали 200.000 сўм, Навоий шаҳар ИИБ биноси ёнида 100 АҚШ доллари ҳамда Навоий вилоят ИИБ ЖИЭБ 46-сонли жазони ижро этиш колонияси туркум бошлиғи С.Эгамбердиев орқали 100 АҚШ долларини, жами 400.000 сўм ва 200 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олганликда айблаган эди.

Ҳолатга изоҳ берадиган бўлсам, менга ўшанда ЖК 210-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айб эълон қилинишида фуқаро А.Эгамов ва С.Эгамбердиевларнинг аризалари асос булганди. Мен А.Эгамов билан олдиндан таниш бўлганман. А.Эгамовнинг турмуш уртоғи менга узоқ қариндош эди. Мен А.Эгамов билан олдиндан таниш бўлганлигим сабабли вақти-вақти у билан учрашиб, овқатланиб турганман. Бироқ А.Эгамов менга 2012 йил май-июль ойларида бирор маротаба С.Шоимовнинг ўғли Навоий шаҳар ИИБ ВСХ да сақланаётганлиги сабабли унга озиқ-овқат ва кийим-кечак ҳамда учрашув олиб беришга ёрдам беришни илтимос қилмаган эди. Ўша вақтда С.Шоимовга терговчининг рухсати билан кариндошларини аризасига кўра озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда учрашув берилган. Ушбу ҳолатлар дастлабки тергов давомида вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими терговчиси томонидан текширилгани, лекин ҳаммаси қонун доирасида бўлганлиги сабабли С.Шоимовни қариндошлари томонидан ёзилган аризалардан ҳамда “ВСХда сақланаётган шахсларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва учрашувларни берилиши тўғрисидаги аризаларни қайд қилиш” китобидан олинган нусхалар жиноят иши материалларига терговчи томонидан қўшилмаган. Дастлабки тергов жараёнида А.Эгамов билан мени юзлаштириш тергов ҳаракати ўтказилмаган эди. А.Эгамов Навоий шаҳар ИИБ ВСХда сақланаётган С.Шоимовга озиқ-овқат ва кийим-кечак киритиб беришга ёрдам беришни менга илтимос қилмаган. С.Шоимовнинг отаси Шоимов Собиржон менга пул берганлигини ҳам айтмаган. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси ўша пайтда Навоий вилоят МХХ ходимларининг тазйиқлари остида бўлганди. Жумладан, МХХ ходимлари мени ҳеч бир асоссиз 2 ой давомида ушлаб туришган. Ва мен мажбурликдан уларга иқрорлик аризаси ёзиб берганман.

Кейинчалик билишимча, 2012 йилнинг ноябрь ойида МХХ ходимлари гувоҳ тариқасида ўтган А.Эгамбердиевни уйидан идорасига олиб бориб “сен Б.Исакуловга 100 АҚШ доллари берганман деб айтасан” деб тазйиқ ўтказгани, у ҳеч кимга пул бермагани, у нима сабабдан “Б.Исакуловга 100 АҚШ доллари берганман деб айтишим керак” деганида МХХ ходимлари унга “сен Самарқанддансан, ҳамма яқин қариндошларинг яшаш ва иш жойи тўғрисида маълумот бор, агар Б.Исакуловга 100 АҚШ доллари бердим деб айтмасанг, ҳамма яқин қариндошларингни қамоққа оламиз” деб айтишганидан кейин у менга 100 АҚШ доллари бергани ҳақида ариза ёзиб беришга мажбур бўлган. Гувоҳ С.Шоимов ва А.Эгамовларга ҳам шундай тазйиқ ўтказилган экан.

Орадан мана шунча вақт ўтиб, тақдир тақазоси билан адолат тантана топишига умид боғлаб, менинг ҳаракатларимда жиноят аломатлари йўқлиги ва ишда мавжуд ҳақиқий далиллар йўқлигини эътиборга олиб жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг кассация инстанциясига ҳукмнинг менга оид қисмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраб шикоят билан мурожаат қилдим.

2019 йилнинг 10 июль санасида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъати томонидан очиқ суд мажлисида менга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Судлов ҳайъати, ишни холисона, ҳеч қандай тазйиқсиз кўриб чиқиб, мени Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 3-кисми (эски тахрирдаги) “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топиб, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлади.

Оилам, маҳаллам, иш жойим, дўсту-душманим, қолаверса давлатим олдида юзим ёруғ бўлди.

Адолат қарор топишига сабабчи бўлган адолат пешволарига мингдан минг раҳматлар айтиб қоламан.

Ва сўз охирида, Президентимиз Шавкат Миромоновичга олиб бораётган ислоҳатлари улкан самара бераётганлигини, бундан мен ва халқимиз рози бўлаётганлигимизни ишонч билан айта оламан!

 

Фуқаро Исакулов Баҳодир,

Навоий шаҳар, А.Темур кўчаси 32-уй.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!