Суд мажлисларида аудиоёзишни жорий этиш — давр талаби

Суд мажлисларида аудиоёзишни жорий этиш — давр талаби

Маълумки, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан, Республика Олий Мажлиси Сенати раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Бош вазир ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида 2020 йил 30 июнь куни “Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар” юзасидан ўтказилган видеоселекторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қанча масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги ҳақидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий принциплардан бири баён этилган. Зеро, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг бошқа барча ижтимоий муносабатлардан устуворлигини таъминлаш ҳуқуқий давлатнинг энг асосий вазифаси ҳисобланади.

2018-2019 йилларда оқланган 307 нафар шахсга оид 192 та жиноят иши бўйича давлат айбловчилари айбловдан воз кечишмагани танқидга олиниб, айбловдан воз кечиш институтини шакллантириш ислоҳотларнинг асосий мезонларидан бири бўлиб, бу фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ишончини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаши таъкидланди.

“Суд биносига келган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиши керак”лиги мунтазам уқтириб келинаётганига қарамасдан судларда ишлар узоқ муддат кўрилаётгани юзасидан келиб тушаётган мурожаатларнинг сони камаймаётгани судларда ишларни турли инстанцияларда қайта-қайта кўриш амалиётига чек қўйишни тақозо этаётгани учун “Бир суд, бир инстанция” тизимини жорий этиб, ишларни назорат тартибида кўриш амалиётини тугатиш тавсия этилди.

Шу билан биргаликда ҳар чоракда суд раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари орқали одил судлов фаолияти юзасидан ахборот беришларини йўлга қўйиш, судьялар Олий мактабида судьялар ва суд ходимларини сиртқи, кечки, масофавий ўқувларини ташкил этиш, гендер тенгликни таъминлаш мақсадида суд корпусида аёл кадрларни янада кўпайтириш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида видеоконференцалоқа тизимини жорий қилиш, суд мажлисларида аудиоёзишни жорий этиш давр талаби эканлиги таъкидланди.

Судлар том маънода адолат қўрғонига айланиши шарт. Шу орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик-ҳу­қуқий давлат, очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъ­минлаш мумкин.

 

Ш.Бакаев,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!