Суд мажлисида суратга олиш, видео ва аудио ёзиш мумкин

Суд мажлисида суратга олиш, видео ва аудио ёзиш мумкин

2021 йил 28 июлда Президент томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни ҳам судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шунингдек, қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга этиб белгиланди.

Шу билан бирга, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди. Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади. Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун 65 ёшни ташкил этади.

Қонунда судяларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади. Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда белгиланган тартиб-қоидалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг судлар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!