Суд Жиззахдаги муштумзўрга якуний ҳукм чиқарди

Суд Жиззахдаги муштумзўрга якуний ҳукм чиқарди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати 2020 йил 17 майда Facebook ва YouTube тармоқларида эълон қилинган фуқаро Р. Маҳкамовнинг видеомурожаати юзасидан маълумотларни эълон қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан айбланган Раҳимжон Маҳкамовга оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг иш юритувига 2020 йил 8 апрель куни келиб тушган.

 Жиноят иши ҳужжатларига кўра, судланувчи Р. Маҳкамов 2020 йил 24 февраль куни соат 17.00 да Шароф Рашидов туманидаги “Тошкентлик” маҳалласи худудидан ўтувчи “Жиззах шаҳри-Темирязов” кўчасининг “Темирязов” йўналишида давлат рақам белгиси 25 М 680 ЕА бўлган “Нексия” русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, шу йўналишда ўзидан олдинда давлат рақам белгиси 25 414 ОАА бўлган “Cobalt” русумли автомашинасини бошқариб кетаётган Жиззах шаҳри “Қассоблик” маҳалласи “Янгихаёт” кўчаси 19-уйда яшовчи фуқаро Умид Маннонов билан ўзаро тортишиб қолиб, ушбу йўл четида тўхтаб, У. Манноновга “нега менга йўл бермайсан” - деб, унинг юз қисмига ўнг қўли билан бир маротаба муштлаб уриб, судга оид тиббий экспертизасининг 2020 йил 27 февралдаги 552-сонли хулосасига кўра У. Манноновга бош мияни ёпиқ жароҳати, пастки жағ суягининг чап томондан бўғим ўсиғи асосидан ва биринчи тишлар орасидан синиши, ёноқ лунж, ияк соҳалари юмшоқ тўқималарига “Ўртача оғирликдаги шикастлар” етказган.

 Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди раиси томонидан 2020 йил 15 апрель куни жиноят ишини суд мажлисида кўриш ҳақидаги тайинлаш қарори чиқарилиб, ишни мазмунан кўриш 2020 йил 24 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди биносига тайинланган.

 Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси аниқланиб карантин эълон қилинганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси судларида “COVID-19” коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги РС-13-20-сонли Қарорига асосан 2020 йил 24 апрель куни жиноят ишини кўриш тўхтатилган.

 2020 йил 4 май куни жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди биносида ўтказилган суд мажлисида судланувчи Р. Маҳкамов ва жабрланувчи У. Манноновга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси талаблари, яъни тарафлар ўзаро бир-бирлари билан ярашган тақдирда иш ярашув асосида ҳаракатдан тугатилиши тушунтирилган.

 Бироқ жабрланувчи У. Маннонов судланувчи Р. Маҳкамов билан ярашмаслигини билдирганлиги сабабли жиноят ишини умумий асосларда кўриш давом эттирилган.

 Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг 2020 йил 12 май кунги ҳукмига кўра, судланувчи Р. Маҳкамов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, унга нисбатан қўлланилган шахсий кафиллик эҳтиёт чораси ўзгартирилиб суд залидан қамоққа олинган ҳамда жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

 Судланувчи Р. Маҳкамовнинг ҳимоячиси Жиззах шаҳар “KAFOLAT” адвокатлар ҳайъати адвокати Ж. Турғунбоев томонидан 2020 йил 14 май куни апелляция тартибида шикоят тақдим этганлиги сабабли, апелляция шикояти расмийлаштирилаётганлиги маълум қилинади.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!