Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалда – Дониёржон Тожибоев

A A A
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалда –  Дониёржон Тожибоев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис палаталарига мурожаатида адолат бу - давлатчиликнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Сўнгги тўрт йил давомида суд ҳуқуқ соҳасида устивор масалаларни ҳал қилиш учун қирқдан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги ушбу сохани нақадар мухим эканлигини кўрсатиб турибди.

Янги йилдан жорий этилган “Бир суд-бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунинг қабул қилиниши ислохотларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

Мазкур қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди.

Унга кўра апелляция шикояти (протести) туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори устидан берилганда - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан, ҳудудий ҳарбий суднинг ҳал қилув қарори устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда -Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши белгиланди.

Мазкур қонун қабул қилинганга қадар туман маъмурий судининг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция ва кассация шикоятлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўрилган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан кўрилган ишлар юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция ва кассация шикоятлари шу инстанция судларида қайтадан кўрилган.

Бунинг натижасида Президентимиз такидлаганидек 2019 йилнинг ўзида вилоят судлари томонидан қабул қилинган 13 мингта қарорлар Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.   

Қонунга киритилган бундай ўзгартиш келгусида суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиб хизмат қилади. 

   

Дониёржон Тожибоев,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!