Суд ажрими нега бекор қилинди?

Суд ажрими нега бекор қилинди?

Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судининг 2018 йил 30 ноябрдаги ажримига кўра, Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 266-моддасининг 1-қисми билан юритилган жиноят иши ЖКнинг 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилган.

Суднинг ажримига кўра, Р. 2018 йил 21 октябрь куни тахминан соат 11:00 ларда ўзига тегишли “Дамас” русумли, 80 Р 591 КA давлат рақам белгили автомашинани Ғиждувон тумани, “Сарвари” МФЙ томонидан Шофиркон туман “Темирчи” маҳалла фуқаролар йиғини томонга бошқариб келиб, Шофиркон тумани, “Темирчи” МФЙ, “Темирчи” қишлоғи ҳудудига етган вақтда, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг “ҳайдовчи ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қарияларга ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши керак” деган 11-банди “г” кичик банди, “ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан бошқариши кераклигига, транспорт воситасининг тезлиги ҳайдовчига қоидалар талабларини бажариш учун унинг ҳаракатини доимо назорат қилиб бориш имкониятини бериши кераклигига, ҳаракатланишда ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф ёки тўсиқ пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз усулда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак” деган 77-банди талабларини қўпол равишда бузиб, йўналиши бўйича йўлни ўнг томондан, йўлнинг обочина қисмида велосипедда келаётган фуқаро Ҳ.ни уриб юбориб, йўл транспорт ходисаси содир қилган. Натижада Ҳ. ўртача оғир шикаст олган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 585-моддасида, ярашув тўғрисидаги ишларни кўришда, суд, ярашувнинг ихтиёрийлиги ва унинг сабабларини, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўз айбига ихтиёрий иқрор бўлганлигини, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўзи содир этган қилмишнинг оқибатларини англаганлигини ва етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўрган-кўрмаганлигини, жабрланувчига (фуқаровий даъвогарга) ёки гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчига бирон бир тазйиқ бўлган-бўлмаганлигини, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ масалаларни, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, уларнинг қонуний вакиллари ярашувга розиликларини аниқлаши қайд этилган.

Бироқ, биринчи босқич суди Р.га оид ярашув тўғрисидаги ишни кўришда, қайд этилган қонун талабларини бажармасдан, гумон қилинувчи Р. етказилган зарарни бартараф этиш чораларини кўрган-кўрмаганлигини, жабрланувчи Ҳ.нинг ярашувга розилик берганлиги сабабларини тўлиқ текширмаган.

Иш ҳужжатларига қараганда, биринчи босқич суди томонидан жабрланувчи Ҳ.дан Р. билан ўзаро ихтиёрий ярашганлиги, Р. ундан кечирим сўраганлиги, зарарларни қоплаганлиги, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, унга ЖПКнинг 583-моддаси мазмуни ва оқибатлари тўлиқ тушунтирилганлиги мазмунида аризаси олинган бўлсада, суд моддий ва маънавий зарарларнинг айнан қандай қопланганлигини ёки жабрланувчи ундирувдан воз кечган, кечмаганлигини аризада акс эттирмаган.

Биринчи босқич суди томонидан иш ҳолатлари атрофлича ва тўлиқ аниқланмаганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февралдаги ажрим билан суд ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан судда кўриш учун юборилди.

 

КСҲ-4-04/22-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди раисининг

ўринбосари А.Шайдоев

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!