ССВ: Юртимиз аҳолиси 13 турдаги касалликларга қарши режали эмланмоқда

ССВ: Юртимиз аҳолиси 13 турдаги касалликларга қарши режали эмланмоқда

Хасталикни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал. Тиббиётда касалликлар профилактикасига алоҳида эътибор қаратилишининг сабаби шу. Қолаверса, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Мутахассислар хулосасига кўра, бундай ёндашув иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда самарали. Масалан, юқумли касалликларга қарши оммавий эмлаш тадбирлари нафақат турли эпидемиялар тарқалишининг, балки соғлиқни сақлаш муассасаларига юкламалар кескин ортиб кетишининг ҳам олдини олади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим раҳбари Дилором Турсунова билан юртимизда олиб борилаётган иммунизация ва вакцинация тадбирларининг аҳамияти ҳамда самарадорлиги ҳақида суҳбатлашдик.

— Аҳолини бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш ушбу хасталикларни камайтириш, инфекция ўчоқларини жиловлаш ва бартараф этишда асосий восита ҳисобланади, — дейди Д. Турсунова.

— Шу сабабли мамлакатимизда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Унга мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар — дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюэнца тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.

Профилактик эмлашлар учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ажратилган. Чақалоқларни силга ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғуруқ комплексларида амалга ошириб келинмоқда.

Муҳими, сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этяпти. Мамлакатимизда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олингани йўқ.

Муҳими, иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд”, 2017 йилда эса “Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд” номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!