ССВ: Хусусий тиббиёт муассасаларига қатор солиқ имтиёзлари жорий қилинди

ССВ: Хусусий тиббиёт муассасаларига қатор солиқ имтиёзлари жорий қилинди

2021 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан хусусий тиббиёт муассасаларига бир қатор солиқ имтиёзлари жорий қилинди.

Хусусан, Солиқ кодексининг 243-моддаси 1-қисми 11 ва 14-бандларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:

✅ Тиббиёт муассасалари тиббий хизматларни (бундан косметологик хизматлар мустасно) реализация қилиш бўйича айланма солиқ солишдан озод этилди.

✅ Тиббий хизматлар жумласига тиббий ёрдам ва санитария хизмати кўрсатишга доир, ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш бўйича хизматлар, стоматологик, шу жумладан тишларни протезлаш бўйича хизматлар кириши белгиланди.

✅ Санаторий-курорт, соғломлаштириш хизматларини, жисмоний тарбия ва спортга доир хизматларни реализация қилиш айланма солиқ солишдан озод этилди.

Бунда, санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматлари жумласига санаторийлар:
📌 шифохоналар,
📌 профилакторийлар,
📌 курортлар,
📌 пансионатлар,
📌 дам олиш уйлари ва зоналари,
📌 болалар дам олиш оромгоҳлари ҳамда бошқа дам олиш ташкилотлари томонидан уларнинг асосий фаолияти доирасида кўрсатиладиган, улар юридик шахслар ёки юридик шахсларнинг таркибий бўлинмалари томонидан кўрсатилишидан қатъи назар, йўлланмалар ёки жойсиз даволаниш учун бериладиган ҳужжатлар билан расмийлаштирилган хизматлар кириши белгиланди.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 337-моддаси 1-қисми 4-бандига кўра, тегишли лицензия асосида тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар бўйича, хусусан:

📌 тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш,
📌 ташхис қўйиш,
📌 профилактика ва даволаш хизматлари,
📌 стоматологик хизматлар,
📌 тиш протезларини ўрнатиш хизматлари бўйича (бундан косметология хизматлари мустасно) фойда солиғига 0% ставка қўлланилиши белгиланган.

Худди шундай, Солиқ кодексининг 428-моддаси 2-қисмига мувофиқ:

✅ Соғлиқни сақлаш объектлари эгаллаган ерлар (бундан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари банд қилган ерлар мустасно) солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киради.

Бундан кўринадики, хусусий тиббиёт билан ўз эгалигидаги ерларда, шу жумладан ижара асосидаги бинолар жойлашган ерларда шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига ер солиғи бўйича ҳам кенг имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Тақдим этилган ушбу солиқ имтиёзлари хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини беради.

Бўшаган маблағлар уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бино ва иншоотларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!