ССВ: Қорақалпоғистонда аллергик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда

ССВ: Қорақалпоғистонда аллергик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда

Илмира Разикова,
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори:

— Орол денгизининг қуриган қисмида ҳосил бўлган саҳродан йилига миллионлаб тонна тузли чанг кўтарилиши, аввало, ушбу ҳудуд аҳолиси саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Бу эса минтақада турли сурункали касалликлар, жумладан, бронхиал астма ва аллергик ринит кучайишига олиб келаётгани сир эмас.

🏥 Шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази янги лойиҳани рўёбга чиқаришга киришди. У Қорақалпоғистон аҳолиси ўртасида атопик синдромни эрта аниқлаш, ташхислаш усулларини татбиқ этиш ва жойларда “Аллергия ва астма” мактабларини ташкил этишга қаратилган.

🗂 Лойиҳа ижроси доирасида дастлаб бронхиал астма, аллергик ринит, конъюктивит, қаварчиқлар, кўп шаклли эритема, атопик ва аллергик дерматит, токсикодермия, инсект аллергия ҳамда ангионевротик шиш каби касалликлар бўйича тиббий рўйхатда турувчи беморлар тўғрисида маълумотлар жамланмоқда.

📋 Ўз навбатида, Нукус шаҳридаги оилавий поликлиникалар ходимлари кўмагида аҳоли ўртасида махсус сўровномалар ўтказиляпти.

🤧 Шу орқали аксириш, бурун битиши, бурун оқиши, кўз соҳасида қичишиш, кўз ёшланиши, қизариш, нафас йўлларида қичишиш, йўтал, хириллаш, ҳаво етишмаслиги, турли тошмалар, шишлар пайдо бўлиши каби белгилар кузатилаётган беморлар аниқланмоқда.

📌 Бинобарин, уй ҳайвонлари билан мулоқотда, ҳашаротлар чаққанда, дорилар қабул қилганда ва таомланганда аллергик реакциялар қайд этилувчи беморлар рўйхати шакллантириляпти. Саволномалар 18 ёшдан катта аҳоли қатламини қамраб олмоқда.

📲 Айни пайтда янги очилган махсус телеграм-бот орқали таҳлилий маълумотлар қабул қилиниб, тегишли тартибда таҳлил қилиняпти. Бу жараён уч ой давом этиши белгиланган.

💉 Кейинги босқичда хасталикка гумон қилинган фуқаролар махсус аллергологик текширувлардан ўтказилади. Шундан сўнг аниқ ташхис асосида бронхиал астмага чалинган беморларда даво чоралари эрта босқичда бошланади.

👩‍🏫 Қолаверса, 25 та бирламчи бўғин тиббиёт муассасаси ходимларига аллергик касалликлар билан курашиш, унинг олдини олиш ва аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан 36 соатлик маҳорат дарслари ўтилди.

🗃 Шунингдек, мазкур лойиҳа ҳудудлар кесимида атопик касалликлар статистикаси ва базасини ишлаб чиқиш имконини беряпти. Тўпланган маълумотлар мавжуд хавф омилларини аниқлаш, баҳолаш ва унга қарши кенг қамровли чоралар кўришга хизмат қилади.

‼️ Лойиҳанинг якуний босқичида оилавий поликлиникаларда ишловчи шифокор, ўрта тиббиёт ходимлари учун атопик касалликлар бирламчи диагностикаси ҳамда профилактикасини ўргатишга қаратилган “Аллергия ва астма” мактаблари фаолияти йўлга қўйилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!