ССВ — Чилим чекиш руҳий бузилишларга сабаб бўлади

ССВ — Чилим чекиш руҳий бузилишларга сабаб бўлади

Чилим чекишнинг зарари хусусида тиббиёт ходимлари ҳар қанча огоҳлантирмасин, сўнгги пайтларда унга ружу қўйганлар сони тобора ортиб бормоқда. Айниқса, бу иллат ёшлар орасида оммалашиб бораётгани янада ачинарлидир.

Хўш, чилим ўзи нима? Унинг таркибида қандай моддалар мавжуд? Чилимнинг инсон саломатлиги учун зарарлари нималардан иборат?

ССВ Матбуот хизмати мазкур мавзу юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат ШУКУРОВга мурожаат қилди:

— Чилим – тамаки ҳамда таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларнинг туташи ёки қиздирилиши натижасида ҳосил бўладиган тутунни нафас орқали ютишга мўлжалланган мослама бўлиб, аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш орқали (чилим сувдонидан) ўтади, — дейди Ш. ШУКУРОВ. — Тарихга назар солсак, чилим бундан 400 йил аввал Африка ва Осиёнинг туб аҳолиси орасида оммалашган. Кейинчалик эса бу русум дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам тарқалган.

Афсуски, сўнгги пайтларда юртимизда ҳам чилим чекувчилар сони ортиб бормоқда. Бугунги кунда айрим инсонлар емакхоналарга тамадди қилиш эмас, балки чилим чекиш учунгина кирмоқда. Аслида чилим чекиш наркоманиянинг енгил кўриниши бўлиб, инсонда никотинга қарамликни келтириб чиқаради.

Қолаверса, чилимнинг зарари сигарета чекишдан асло кам эмас. Унинг тутуни таркибида канцероген моддалар (нитрозаминлар, полициклик ароматик углеводородлар, учувчан альдегидлар, жумладан, формальдегид ва бензол) ҳамда азот оксиди ва оғир металлар каби заҳарли моддалар мавжуд.

Шунингдек, чилим кўмири ёқилганда кўп миқдорда углерод оксиди (ис гази) ва канцерогенлар ажралиб чиқади. Ушбу заҳарли моддалар чекувчиларда юрак ва ўпка касалликлари ҳамда саратон хасталикларини келтириб чиқаради. Қолаверса, оддий тамаки чекувчиларга қараганда чилим чекувчилар заҳарли ис газининг таъсирида кўпроқ бўладилар.

Ўтказилган тадқиқотлар натижасида чилим чекувчиларда юрак уриши, қон босимининг ошиши ва бошқа хавфли ўткир юрак-томир таъсирлари, ўпка функцияси бузилишлари ва яллиғланишлари, физиологик ҳимоянинг пасайиши, ис гази таъсиридан ҳушдан кетиш ва ўткир заҳарланишлар кузатилиши аниқланган.

Бу зарарли одат узоқ муддатли асоратлар қолдириши билан ҳам хавфли бўлиб, олиб борилган кузатувлар давомида чилим чекиш билан ўпка саратони, периодонт (тиш илдизи атрофидаги тўқима) касалликлари ҳамда кам вазнли бола туғилиши ўртасида узвий боғлиқлик борлиги маълум бўлди. Қолаверса, чилим чекиш оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, ошқозон ва сийдик пуфаги саратони, ўпка сурункали обструктив касалликлари, инсульт, сурункали ринит, эркаклар бепуштлиги, меъда-қизилўнгач рефлюкси ва руҳий бузилишларга ҳам сабаб бўлади.

Шундай экан, ҳар бир инсон бу иллатдан узоқ бўлиши, фарзандларни эса чилим чекишнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш зарур.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!