ССВ 2-қаватдан итариб юборилгани айтилган талаба қизнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

ССВ 2-қаватдан итариб юборилгани айтилган талаба қизнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олаётган талаба-қизни зўрлашга қаратилган хатти-ҳаракатлар юзасидан хабарлар тарқалди. Шунингдек, мазкур нохуш воқеа давомида қиз бинонинг 2-қавати ойнасидан пастга итариб юборилгани айтиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган. Унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти ва муолажа жараёнлари давом этмоқда.

Бемор М. К. жорий йилнинг 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

Бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида унда қатор терапия амалиётлари бажарилган.

Шунингдек, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун давомида динамикада УЗИ қилинган. Қон таҳлиллари текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган.

Ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!