СССРнинг энг яхши спортчиси: «Ҳар сафар ўйинга тушганимда Қуръон ва заҳира қўлқопимни дарвозанинг бир бурчагига илиб қўярдим»

СССРнинг энг яхши спортчиси: «Ҳар сафар ўйинга тушганимда Қуръон ва заҳира қўлқопимни дарвозанинг бир бурчагига илиб қўярдим»

Мен ўз динимни ҳеч қачон яширмаганман. Исломий байрамларнинг барчасини ўз вақтида нишонлаб келаман. Ҳар сафар ўйинга тушганимда ўзим билан кичкина қўл халтамни олиб тушардим. Қуръон ва заҳира қўлқопим солинган бу халтачани ўйин вақтида дарвозанинг бир бурчагига илиб қўярдим. Бу мен учун одатга айланганди. Ҳатто Испанияга қарши ҳал қилувчи баҳсда ҳам бу одатни тарк қилмадим.

Фаолиятим давомида бир маротаба ёқимсиз вазият бўлган. Ҳайит байрами куни Тинчлик проспектидаги масжидга бордим. Ҳайит намозини ўқиб уйга қайтдим. Эртасига эрталаб машғулотга келганимда Бесков чақиртириб,“ кеча қаерда эдинг?”, деб савол берди.

Ҳавотир аралаш “Уйда эдим”, дея жавоб бердим.

“Масжидга бордингми?”, деб давом этди у, мен эса  борганимни айтдим.

“Мана энди Лубянкага борасан, жавобингни тайёрлайвергин” деди.

Менимча кимдир у ерда ибодат қилаётганимни кўрган-у, бориб КГБга етказган.

Турли хаёллар қуршовида айтилган манзилга етиб бордим. У ердаги ходимлар дастлаб менга қилаётган ишим хатолигини яхши гап билан уқтиришга ҳаракат қилишди. Фойдаси бўлмагач, қўрқитишга ўтилди. Сўнг яна ширин муомала...

КГБ қўмита аъзоси яхши одам экан, гап бошлади.

- Ринат, сизга масжидга бориш мумкин эмас!

- Нима учун?

-Сиз таниқли инсонсиз, сизни ҳамма танийди. Ғарб оммавий ахборот воситалари сиз ҳақингизда ёзиши мумкин. СССРнинг энг яхши спортчиси масжидга боради, деб.

- Сизга-чи, бориш мумкинми, — дея ундан қизиқиб сўрадим.

- Менга мумкин, чунки мен таниқли шахс эмасман, — дея истеҳзо қилди суҳбатдошим.

Бахтимга устимдан иш очмади. Худди ўша кунлари мени тақдирламоқчи бўлиб юришган эди. Тақдирлаш маросими олти ой кейинга сурилди.

Аммо мен бу воқедан кейин ҳам масжидга боришни канда қилмадим. Айтиб ўтишим керак, Старостин ва Бесков кейинчалик ҳам, умуман менга бу ҳақида индамадилар.

Рус тилидан Назиржон Усманов эркин таржимаси

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!