Спортга жуда ташна одам ва наркоман: нега уларнинг фарқи деярли йўқ?

Спортга жуда ташна одам ва наркоман: нега уларнинг фарқи деярли йўқ?

Бир пайтлар наркотик ва алкоголга қарамликдан азият чеккан Эминем бир неча бор ўлим ёқасига келиб қолади. Шундай ҳолатларнинг бирида бунга чек қўйишга қарор қилади. 2009 йилдан сўнг қўшиқчи спиртли ичимликлар истеъмоли ва наркотикдан воз кечади. Аммо унда янги қарамлик пайдо бўлади — югуриш. Унинг ўзи шундай дейди: «Бошида кунига уч мил югурдим, кейин эса — олти, кейин — ўн, сўнг — ўн беш, сўнгра — ўн етти… Ақлдан озаётганимни тушундим. Шунчаки бир қарамликни бошқасига алмаштиргандим. Баъзи кунлари оёқда зўрға турардим».

Ҳа, югуриш Эминем учун ҳақиқий қарамликка айланганди.

Кўпчилик қарамлик деганда кўз олдига наркотик моддалар, алкоголь маҳсулотларига ружу қўйиш, чекиш, видеоўйинлар ва ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиш сингари зарарли одатларни кўз олдига келтиради. Аммо биз фойдали деб ҳисоблайдиган машғулотларга ҳам қарамлик мавжуд. Улар наркотик моддалардан кам бўлмаган даражада жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Яна бир салбий жиҳати шундаки, ижобий ҳисобланувчи машғулотларга қарамликни кўпчилик зарарли эканини билмайди, аксинча, у ғурур манбайига айланади, атрофдагилар олқишига сазовор бўлади. Жумладан, спортга қарам одамларни ижтимоий тармоқларда соғлом турмуш тарзи тарғиботчилари сифатида олқишланади, улар ҳам ўз «устунлиги»дан фахрланади. Лекин танганинг иккинчи томонида нима борлигига қизиқиб кўриш керак. Ушбу мақолада спортга қарамлик ва унинг белгилари ҳақида гаплашамиз. Бу қарамликнинг оқибатлари ва ундан чиқиш йўлларини билиб оламиз.

Кун давомида сизда пайдо бўладиган (хоҳ ижобий, хоҳ салбий) ҳиссиётларнинг асосий қисми нима таъсиридан келиб чиқади? Бу саволга жавоб бериш орқали нафақат спорт, балки ҳар қандай машғулотга қарамлигингиз бор-йўқлигини билиб олиш мумкин. Масалан, мутолаага, меҳнатга ва ҳоказо…

Спортга қарамлик сабаблари

Соғлом ҳаёт тарзига қарамлик ҳақида илк бор 1997 йилдан бошлаб гапира бошланди. Америкалик Стивен Брэтман бунга алоҳида ном — «Орторексия» атамасини ўйлаб топди. Тўғри, Брэтман ушбу сўзда фақат тўғри овқатланишга қарамликни назарда тутган, кейинчалик унинг маъноси таркибига соғлом турмуш тарзи ва қоматга ҳаддан ташқари кўп эътибор ҳам киритилган. Уларнинг асосини эса спорт ташкил қилади.

Спортга қарамликнинг икки тури бор: бирламчи ва иккиламчи.

Бирламчи қарамликда спорт ўз ҳолича қарамлик объектига айланади.

Кўпинча, спортга қарамликнинг сабаби — жиддий ҳаётий қийинчиликлар, масалан, оиладаги муаммолар, ёлғизлик, ишдаги келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Таъсир қилиш қийин бўлган вазият билан юзма-юз келиш — қўрқинчли ва ёқимсиз. Машғулотлар залида эса ҳамма нарса назоратингиз остида: гавда тузилишингиз, қоматингиз қандай бўлиши сизга, сизнинг уринишларингизга боғлиқ.

Спорт билан шуғулланишни кўп ҳолларда тўлиқмаслик комплекси туфайли бошлаймиз. Кимдир ўзини хунук, кимдир эса ожиз деб ўйлайди, яна биров эса кимдандир хафа бўлиб, ўзига нисбатан баҳосини ошириш учун реаблитация воситаси сифатида спортга мурожаат қилади. Бундан келиб чиқадики, спортга қарамликнинг бош сабаби руҳий муаммолардир. Айниқса, ўсмирларда спортга қарамликни кўп учратиш мумкин. Тўғри, ўсмирликда спорт билан шуғулланиш — тўлиб-тошаётган энергияни сарфлашнинг фойдали йўлларидан бири. Аммо бу ўзига нисбатан баҳони ошириш истаги олдида жуда кичик сабаб. Ташқи кўринишидан қониқмаслик ва тенгдошларининг олдида даражасини туширмаслик ўсмирни спорт билан шуғулланишга ундайди. Машғулотлардаги прогресс ўзига ишонч ҳиссини беради. Бу ишончни мустаҳкамлаш учун машғулотлар кучайиб бораверади.

Ижтимоий тармоқларда, айниқса, Instagram’да соғлом ва чиройли танани — олий мақсадга айлантирган блогерлар мустақил фикрли одамларга ҳеч қандай таъсир қилмаслиги мумкин, бироқ бу таъсирчан ва ўзига нисбатан баҳоси паст ўсмирга спорт муаммоларнинг қулай ечими бўлиб кўринади. Буни ҳеч ким тақиқламаслиги, аксинча, олқишлаши айни муддао. Спорт залига абонемент эса — бахтли ҳаёт сари чипта…

Спортга нисбатан қарамлик ёхуд спорт аддикцияси қандай шаклланади? Жуда оддий: жисмоний машқлар вақтида мияда завқ гормони – эндорфинлар ишлаб чиқарилади. Қанчалик кўп шуғуллансангиз, унинг организмдаги даражаси шунчалик ошади. Навбатдаги порцияни олиш учун спорт залига қараб отланасиз. Завқланиш кимга ҳам ёқмайди? Аста-секин спорт наркотикка айланади, усиз ўзингизни ёмон ҳис қила бошлайсиз.

Энди иккиламчи қарамликка тўхталсак. Бунда спортга қарамлик асосида озиқавий қарамлик ётади. Ушбу ҳолатда вазн камайтириш ёки қомат кўринишини ўзгаритиш зарурати туфайли спорт билан шуғулланишга кучли иштиёқ пайдо бўлади.

Кўпинча, бундай қарамлар танани аямайди, уни айёр ва дангаса ҳайвондай билиб, имкониятлар чегарасидан ташқарида ишлашга мажбур қилади.

Спортга қарамликни аниқлаш йўллари

Перформанcе ин Минд сайти муаллифи, спорт психологи Жозефин Перри кўп шуғулланиш билан жуда кўп шуғулланиш ўртасидаги нозик чегарани белгилайди: «спортга муносабатингиз жиддий бўлса, унга кўп куч ва вақт сарфласангиз, қолдирган машғулотларингиз учун афсуслансангиз — сизни интилувчан спортчи дея аташ мумкин. Аммо қандай бўлмасин, машғулотларга боришни канда қилмасангиз, спортни деб оилангиз, дўстларингиз ўртасида зиддият пайдо бўлса, носоғлом қурбонликлар қилсангиз — чегарадан ошиб ўтган бўласиз».

Америкалик олимлар спортга қарамликни аниқлайдиган иккита асосий мезонни белгилаган: бири машғулотларнинг қолдирилишига ўта салбий реакция, иккинчиси эса жисмоний юкламалар ҳажмининг нормасидан ошиб кетиши.

Ўзингизда спортга қарамлик бор-йўқлигини аниқламоқчи бўлсангиз, қуйидаги жумлаларни ўқинг ва уларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақида ўйлаб кўринг:

  • Машғулотлар — мен учун жуда муҳим;
  • машғулотлар ҳажмини доимий ошириб бораман;
  • кайфиятим яхшиланиши учун шуғулланаман;
  • шуғулланолмасам, азобланаман;
  • шуғулланмаган пайтимда айбдорлик ҳиссини туяман;
  • машғулотлар орасида танаффус бўлса, уларнинг сонини кўпайтириш орқали «айбимни юваман»;
  • спорт ҳаётимнинг мазмуни, усиз бошқа мақсад қўёлмайман.

Бу жумлалар асосий иши спорт бўлган профессионаллар учун нормал бўлиши мумкин, аммо шундоқ ҳам бошқа мажбурият ва ишлари бор ҳаваскорлар учун эмас.

Оқибатлари

Спортга қарамлар ҳар сафар зўриқишлар миқдорини ошириб боргани учун организмни стрессга, чарчоққа ва ҳатто жароҳатларга дучор қилади. Етарлича овқатланмаслик туфайли юзага келадиган калория етишмаслиги депрессия ҳамда очликдан ҳушни йўқотишгача олиб келиши мумкин.

Ортиқча шуғулланганда қуйидаги ҳолатлар пайдо бўлади:

  • Мушак ва бўғимлардаги оғриқ;
  • кейинги машғулотгача ўзини тиклаб ололмаслик;
  • тез чарчаш;
  • хотиржамлик вақтида ҳам юракнинг тез уриши;
  • машғулотлардан сўнг ҳамда дам олиш вақтида иштаҳанинг йўқолиши;
  • бош оғриғи;
  • кўнгил айниши;
  • уйқусизлик;
  • иммунитетнинг заифлашуви.

 Спортга қарамликдан қандай чиқиш мумкин?

Юқоридаги ҳолатларнинг аксарияти сизда бўлса, чора кўриш вақти келди. Биринчидан, эндорфинга қарамликни камайтириш учун ҳафтасига беш соатдан кўп шуғулланманг. Машғулотларсиз ҳеч бўлмаса, бир ҳафта яшасангиз, организмнинг нафас ростлаб олишига имкон берасиз. Вақтингизни эса қизиқарли бошқа бир ишга сарфлаб кўришингиз мумкин. Масалан, тоза ҳавода сайр қилиш, дўстлар билан учрашиш, китоб ўқиш ва ҳоказо.

Шахсий тренер хизматидан фойдаланинг: у организмингиз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, зарурий юклама миқдорини ҳисоблаб беради. Спортга қарамлик қандайдир оғир ҳаётий муаммоларга олиб келаётган бўлса, психолог кабинетига ҳам мўралаб кўриш фойдали.

Спортга қарамликдан қутулишнинг энг муҳим йўли — «Машғулотларга қатнашимга сабаб нима?» дея савол беришдир. Тўғри саволлар тўғри ечимларга олиб келади. Шуни билинг, спорт мия овозини ўчириб қўядиган, баъзи муммоларни унутишга ёрдам  берадиган «наркотик»ка айланиши мумкин. Бунинг ўрнига муаммоларга тик қараб боринг ва ҳал қилинг.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!