Спектакль давом этади: Навоийда ўқитувчилар Ватанпарварлик руҳида пахта теримига чиққанини айтмоқда (видео)

Спектакль давом этади: Навоийда ўқитувчилар Ватанпарварлик руҳида пахта теримига чиққанини айтмоқда (видео)

Аввалроқ, Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилиб, пахта теримига олиб чиқилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. 

11 ноябрь куни QALAMPIR.UZ таҳририятига ушбу мактаб ўқитувчиларидан видеомурожаат етиб келган. Унда ўзини 30-умумий ўрта таълим мактаби  ўқитувчилари деб таништирган Мунаввар Асадова, Гулмира Тўраева, Баҳодир Қудратов ўқитувчилар жорий йилнинг 27 октябрь куни пахта теримига чиққани ва бунга уларни ҳеч кимга мажбурламагани, балки ўз хоҳиши билан Ватанпарварлик руҳида пахта тергани, бу ҳақида тилхат ёзиб бераётганда эса ёнларида мактаб директори бўлмаганини иддао қилади.

“6 ноябрда берилган хабарларда “Буёғи энди одатий спектакль бўлди”, деб айтиб ўтилган. Юқори ташкилотлардан келган текширувчилар биздан аноним сўровнома олганида, биз ўз хоҳишимиз билан пахтага чиққанимизни тасдиқлаб ёздик. Интернетдаги саҳифаларда эса директор босими остида ёзилган деб айтиб ўтилган. Аммо, биз ёзаётганимизда директор хонада йўқ эди ва бизга ҳеч қандай босим ўтказилгани йўқ. Биз ўз ихтиёримиз билан пахтага чиқиб, якшанба куни ўз ихтиёримиз билан пахта теримига чиққанмиз. Аммо буни бўрттириб, ёлғон-яшиқ гаплар билан интернетга қандай мақсадда чиқарилганидан бехабармиз”, дейди мактабда 2015 йилдан буён ишлаб келаётган Мунаввар Асадова. 

Сизнингча, уларнинг пахта теримига чиқиши ортида нима турибди. Жавобни 2016 йилдан буён шу мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаётган Гулмира Тўраева айтган. Бу – Ватанпарварлик!

“Биз ҳақиқатан ҳам 27 октябрда пахтада қатнашган эдик. Дам олиш куни, ҳеч ким мажбурлаган эмас. Раҳбарият томонидан бизларга ҳеч нарса дейилмаган. Ватанпарварлик руҳида пахтага чиққан эдик. У ерда сизларга берилган рўйхат ва 27 октябрдаги кўрсатилган суратлар, ҳеч қандай 5 ноябрда пахтада мажбуран раҳбарият томонидан чиқарилди деганига умуман алоқаси йўқ. Бизлар 5 ноябрда мактабда эдик. Бундан ташқари 27 октябрда тушган суратларнинг баландида қўйилган санасига қараб ҳам аниқлашингиз мумкин”, дейди 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гулмира Тўраева.

Видеода мактаб директори иштирок этмаган. Оқлов жараёнида мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари қатнашган. Ўзини Баҳодир Қудратов деб таништирган ўқитувчи шундай дейди: “Мактаб директори томонидан якшанба ва таътил кунлари ўқитувчиларнинг мажбурий пахта йиғим-теримига чиқариш тўғрисидаги масалага муносабат билдирмоқчиман. Мактабимиз ўқитувчилари 27 октябрь, якшанба куни ўз хоҳишлари билан пахта йиғим-теримига чиққанлар. 5 ноябрь куни деган маълумот нотўғри. Чунки 5 ноябрь куни тўлиқ мактабда бўлган. Буни мактабда ўрнатилган камералар исботлайди”.

27 октябрми ё 5 ноябрь – нима фарқи бор? Ўқитувчилар пахтага чиққан! Фақат бир нарса мавҳум. Улар пахта теримига чиқишга мажбурланганми ё йўқ? Агар улар ўз хоҳиши билан пахтага чиқаётган, қўшимча меҳнат билан шуғулланиб, даромад топаётган бўлса, ишдан ташқари вақтида, яъни якшанба куни пахтага чиқиши учун нимага директорни огоҳлантириши керак? Бунинг ўзи спектаклдек кўринмаяптими сизга? Ватанпарварлик руҳи дегани нимаси? Асл Ватанпарварлик сиз шу куни оила аъзоларингиз даврасида бўлишингиз, фарзандларингиз билан шуғулланишингиз, ўқувчиларингизга қўшимча вақт ажратишингиз ва жамиятга ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом авлодни етказиб бериш эмасми? Қачонгача Ватанпарварликни пахта ё ободонлаштириш билан ўлчайсиз. Ўз қадрингизни билмас экансиз, букилган қаддингизни ҳеч ким кўтара олмайди. 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!