Spark учун шартнома бериш тўхтатилди...

Spark учун шартнома бериш тўхтатилди...

UzAvtosavdo иловасида Spark автомашинаси учун контрактация тақдим этиш тўхтатилган. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги “UzAuto Motors” АЖнинг бир қанча дилерлик марказлари билан боғланди.

Маълум қилинишича, тахминан 2-3 ой олдин Spark учун шартнома бериш тўхтатилган. Компания бу ҳақда расмий хабар бермаган. Контрактация қачон тикланиши номаълум.

Spark учун шартнома бериш тўхтатилди...

Тошкентдаги "PSM Avtosavdo" МЧЖ дилерлик марказидаги нархнома

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январ-июн ойларида 7 543 дона Spark ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга кўп. Бироқ 2020 йилга нисбатан Spark ишлаб чиқариш қарийб икки баробарга қисқарган.

Узун навбатлар янада узайишда давом этмоқда

12 август ҳолатига, камида 50 фоиз пули олдиндан тўлаб қўйилган ва ишлаб чиқарилиши кутилаётган автомобиллар сони 128 160 тани ташкил этмоқда. Хусусан:

  • Cobalt учун – 32 497 дона;
  • Lacetti учун – 55 382 дона;
  • Traverse учун – 169 дона;
  • Tahoe учун – 51 дона;
  • Nexia-3 учун – 97 дона;
  • Damas-2 учун – 39 958 дона буюртма бериб қўйилган.

Фақатгина аксарият ўзбекистонликлар учун нархи қиммат бўлган Malibu-2, Equinox, Trailbazer автомобиллари учун навбатлар йўқ.

Дилерлик маркази ходимларининг билдиришича, шу кеча-кундузда “Lacetti-Gentra” учун пул тўланса, кейинги йилнинг май ойларида автомобилни салондан олиб чиқиш мумкин бўлади.

Соғлом рақобат шароитидаги бозорда таклиф қанчалик кўп бўлса, бу ишлаб чиқарувчининг манфаатларига хизмат қилади. Аммо бугун истеъмолчилар олдида бошқа муқобил танлов йўқ. Шу сабаб одамлар компаниянинг ҳаддан ортиқ қолипланган таклифларига кўнишга мажбур.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириш топшириғи берилганди. Шунингдек, 1 майга қадар автомобил харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси ҳам юклатилганди. Аммо бугунги кунга келиб, навбатлар сони апрел ойининг охирига нисбатан ҳам икки баробардан ортиқроққа (23 апрел ҳолатига 63 062 та навбат бўлган) кўпайган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!