Сояли сайр кўчаларининг аҳолига фойдаси қандай?

Юртимизнинг 32 та шаҳар ва туманларидаги аҳоли юрадиган асосий тротуарларда «Сояли сайр кўчалари» тармоғини яратиш таклиф қилинмоқда. Таклифда Республиканинг яшиллик даражасини 14,1 фоизга етказиш, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлакларини қуриш кўзда тутилган.
Бу ҳақда «Ўзбекистон–2030» стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида алоҳида қайд этилган.
Яшил майдонлар депрессияни камайтиради
Аҳоли томонидан олинган мурожаатлар ва таклифларга асосан, яшаш ҳудудларида экологик муҳитни яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш талаб этилади. Хитойнинг «Хуажун» фан ва технология университети олимлари атроф-муҳит ва инсоннинг психологик ҳолатини ўрганиб, яшил респондентларнинг уйлари яшиллик ҳудудларига 300, 500, 1000 ва 1500 метр радиусда яқинлигини, фаровонлик, касалликка чалиниш ва ўлим ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилдилар. Натижада яшил майдонларда узоқ вақт бўлиш депрессия ва ташвишланиш хавфини камайтириши маълум бўлди.
Халқаро тажриба
Франциянинг Париж шаҳрида экологик муаммоларни бартараф этиш, шаҳарда кўкаламзорлаштириш тадбирларини янада такомиллаштириш мақсадида «Катта табиат, кичик бетон» акцияларига эътибор ортди. Бу билан шаҳарларда кўплаб бино ва иншоотлар олдидаги бетонлар йўқ қилиниб, яшил қопламалар барпо этиш ёки дарахт кўчатлари экиб, ўрмон билан қопланиш даражасини оширишга эътибор қаратилган.
Жумладан, 2004 йилда Париж шаҳридаги «Отель-де Вил-ратушей» бетон қоплама билан қопланган майдон 2020 йилга қадар дарахтзор билан қопланган экооазисга айлантирилди.
Қандай фойдали жиҳатлари бор?
Лойиҳага кўра, «Сояли сайр кўчалари» тизимини жорий қилиш бўйича 2025–2027 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади. Бу аҳоли ҳаракатланадиган гавжум тротуарларда ҳаво ифлосланишини 5-10 фоизга ва тротуарлар бўйлаб ҳаво ҳароратини 3-5 даражага камайтиради. Шунингдек, аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириб, соғлом турмуш тарзини олиб бориш имкониятини яратади.
Маълумот учун, Президент Фармони лойиҳаси «Ўзбекистон-2030» халқ стратегияси онлайн порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лойиҳа 2025 йил 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади. Унда сиз ҳам фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни узбекистан2030.уз онлайн портали ҳамда @Ekologiya_yili_bot телеграм боти орқали юборишингиз мумкин!