Сохта ИИБ ходимига жазо тайинланди

Сохта ИИБ ходимига жазо тайинланди

Ҳар қандай ҳаракат ва уринишларга қарамай, инсонлар орасидаги ёвузлик ва жаҳолат каби иллатларга барҳам бериш билан бир қаторда жиноятчиликни ҳам маълум даражада камайтириш, тўхтатиш ёки чеклаш мумкин. Шу маънода, ҳозирги кунда республикамизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизими тубдан ислоҳ этилди, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилди. Жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида 2017 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор талаблари асосида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, бунда айниқса вояга етмаганлар ва ёшларга эътибор қаратиш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш борасидаги ишларнинг самарадорлиги ошириб келинмоқда.

Аммо шундай бўлишига қарамай ёшлар ўртасида жиноятчилик содир этиш давом этаётгани ачинарли ҳол.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан А.Азизовни айблаш ҳақидаги жиноят иши кўрилди.

Судланувчи А.Азизов 1990 йил Наманган туманида туғилган, муқаддам у 2015 йил ЖИБ Наманган шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги сабабли 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғриси”даги қарорининг 6-банди “а” кичик бандига асосан ўталмаган жазонинг учдан бир қисмига қисқартирилиб, 2016 йилда ЖИБ Оҳангарон туман суди томонидан ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 2 йил 2 ой 2 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга иш ҳақининг
25 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, қамоқдан озод этилган ва тайинланган жазодан 2016 йил 30 декабрь куни амнистия актига асосан озод қилин.

Аммо у бундай енгилликдан ўзига тўғри хулоса чиқармай яна жиноятга қўл урди. А.Азизов хавфли рецидивист бўлгани ҳолда 2017 йил 22 май куни соат 10:30 ларда Наманган шаҳар, “Фурқат” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ “Машраб” боғи ичида жойлашган каналга чўмилиш мақсадида бориб, у ерда уч нафар вояга етмаган болалар чўмилаётганлигини кўрган. Болалар уни кўриб, у ердан кетмоқчи бўлганида уларни тўхтатиб, улардан нима қилиб юрганлигини сўраганида улар бу ерга чўмилиш учун келганлигини, мактабда
8-синф ўқувчиси эканликларини айтишган. Шунда у ўзини уларга ИИБ ходими эканлигини айтиб, дарс вақтида нима қилиб юрганлигини сўраб, уларни ИИБ биносига олиб боришини ва ота-онасини чақириб, жарима солишини айтиб, қўрқитиб телефон ёки пули бўлса беришини айтган. Шунда вояга етмаган М.А. исмли бола “Артел” русумли телефони борлигини айтиб унга телефонини берган.

Шундан сўнг уларни қўйиб юборган. Болалар бу ҳолатни тўғри бориб ИИБ ходимларга бўлган воқеани айтиб ариза қилишган. Шундан сўнг ИИБ ходимлари болалар билан бирга “Машраб” боғига келиб уни қўлга олган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат қўлланилган. Аввал ҳам қамалиб чиққани учун қўрққанидан у Тошкент шаҳрига кетиб юборган.

 Шундан сўнг 2017 йил 18 июлда  суди томонидан қидирув эълон қилиниб, унга нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қамоқ эҳтиёт чорасига алмаштирилган.

Жорий йил октябр ойида уни Тошкент шаҳрида эканлиги аниқланиб, унга мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ сохасидаги ислоҳотлар тушунтирилди. Шундан сўнг у Наманганга қайтиб келиб ИИБ ходимларига ўзи таслим бўлди.

Суд ушбу жиноят ишини қўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг тушунтиришлари жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиб,  А.Азизовга қонун санкциясида назарда тутилган жазодан ҳам енгил жазо тайинлади. Яъни унга нисбатан  Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

 

Нодирбек Раимқулов,

ЖИБ Наманган шаҳар суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!