Сохта экспорт операциясига чек қўйилди

Сохта экспорт операциясига чек қўйилди

Афсуски, бугун орамизда “уддабурон тадбиркорлар” ҳам борки, улар яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ноқонуний ва алдов йўллар билан божхона ходимларини чалғитиб, товарларни бошқа ном билан декларациялаб, уларнинг нархини сунъий ошириб, экспорт қилишга уринмоқда.

Ана шундай тадбиркорлардан бири 2019 йил 24 август куни юк кузатув ҳужжатларига кўра Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган “G’ulomjon-Bog’lari” фермер хўжалигининг ишончли вакили фуқаро Х.С. томонидан вазни 21 тоннани ташкил этувчи 720 та қопларга жойланган, умумий қиймати 315 минг АҚШ долларлик қуритилган қалампир уруғлари товарини “Экспорт” божхона режимига расмийлаштириш учун божхона юк декларациясини Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият постига тақдим қилади.

Мазкур божхона юк декларацияси божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланганлиги сабабли “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали товарни тўлиқ божхона кўригидан ўтказишни кўзда тутувчи “қизил” йўлакка йўналтирилган ҳолда пост ходимлари ва холислар иштирокида автотранспорт воситасига ортилган товар божхона кўригидан ўтказилади. Натижада божхона кўриги давомида божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган товардан бор йўғи 134 та қопда  жами 2,65 тонна мавжудлиги, ҳужжатларда кўрсатилганидан 586 та қоп, 18,35 тоннага камлиги маълум бўлди.

Бунинг ўрнига эса автотранспорт воситасида ҳужжатларда умуман кўрсатилмаган 443 та қопга жойланган, вазни  9,53 тоннани ташкил этувчи  қуритилиб майдаланган олма маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Божхона кўриги натижасига асосланиб, фермер хўжалик ишончли вакили Х.С.га нисбатан божхона қоидабузарлик баённомасини расмийлаштирилиб, ҳужжатларда кўрсатилмаган товарлар вақтинча сақлов олиб қўйилди.

Хўш, юқоридаги қонунбузарлик ҳолатини  содир этган “уддабурон”  ўзининг қинғир хатти-ҳаракатлари билан нимага эришди?

Эндиликда мазкур ташкилот томонидан амалга ошириладиган экспорт ва импорт операциялари “Хавфни бошқариш тизими” томонидан автоматик равишда  юқори хавф даражасига мансублиги белгиланиб, “қизил” йўлакка йўналтирилади.

Бу эса ушбу “тадбиркор”нинг ҳалол тадбиркорлар учун кўзда тутилган соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан муайян муддатга фойдалана олмаслигини англатади.

Зеро, қонунга итоаткор тадбиркорлар ҳамиша қонун ҳимоясидадир!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!