СOVID-19нинг янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай белгилар билан намоён бўлмоқда?

СOVID-19нинг янги варианти болалар ва ҳомиладорларда қандай белгилар билан намоён бўлмоқда?

🦠 Хабарингиз бор, жорий йилнинг ёз ойларида мамлакатимиз ҳудудида “омикрон” штаммининг ВА.2 версияси етакчилик қилганди. Айни пайтга келиб эса беморларнинг қарийб барчасида ВА.5 субварианти аниқланмоқда.

❓Хўш, ушбу янги мутация болалар ва ҳомиладор аёлларда қандай клиник белгилар билан намоён бўлмоқда?

— Ўн саккиз ёшгача бўлган аҳоли қатлами ҳамда ҳомиладор аёлларнинг иммун тизими нисбатан суст бўлади, — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори ўринбосари Ҳилола Алимова. — Шу боис уларнинг юқумли касалликлар, жумладан, коронавирусга чалиниш эҳтимоли юқори.

🩺 Хасталик белгиларига келсак, ВА.5 субварианти аломатлари аввалги ВА.2 версияси симптомлари билан деярли бир хил кечмоқда.

📌 Жумладан, болалар ва ҳомиладор аёлларда тумов, томоқда оғриқ ва қизариш, ЎРВИ, қолаверса, 3-5 фоиз ҳолатларда аллергияга мойиллиги бор беморларда диарея ҳамда обструкция (бўғилиш хуружи) белгилари кузатиляпти.

🤰🏻Шунингдек, муддатига етган, учинчи 3 ойликдан юқори муддатдаги ҳомиладорларда (30 ҳафтадан юқори муддат) хасталик чоғида ҳомила сувининг сезиларли миқдорда камайиши ва лойқаланиши юзага келади. Бу эса ҳомиланинг димиқишига олиб келмоқда.

📌 Бундай аёлларда коронавирус юқори ҳарорат, бош ва мушакларда оғриқ, ҳолсизлик, уйқучанлик, ринит ва тонзиллит белгилари билан намоён бўлмоқда. Қолаверса, баъзи беморларни кучли йўтал, кўкрак қафасида оғриқ безовта қиляпти.

Қолаверса, фон касалликлари бор беморлар, масалан, тутқаноқ хасталиги мавжуд болалар, кардиологик муаммолардан азият чекаётган аёллар ва ўғил-қизларда коронавирус нисбатан оғирроқ кечмоқда.

✅ Қувонарли жиҳати, ушбу муддатдаги ҳомиладорларда касаллик енгил кечиб, ўпка тўқимасининг зарарланиши деярли кузатилаётгани йўқ. Шунга қарамай, ҳомиласи 30 ҳафталикдан ошган опа-сингилларимизга стационар шароитда даволанишни тавсия этамиз.

‼️Ҳомиладорликнинг биринчи ва иккинчи 3 ойлигидаги беморлар эса қатъий равишда ҳудудий оилавий поликлиникалар назоратида бўлиб, тегишли муолажаларни олишлари шарт.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!