Соқол, ҳижоб, болалар ва Интернетга кириш. Хитой нима учун миллионлаб уйғурларни қамоқ лагерларига ташлаяпти?

Соқол, ҳижоб, болалар ва Интернетга кириш. Хитой нима учун миллионлаб уйғурларни қамоқ лагерларига ташлаяпти?

Сўнгги икки ойдан бери Хитойда янги пайдо бўлган коронавирус васвасаси туфайли мамлакатдаги тузумга қарши Ҳонгконгда қарийб олти ой давом этган намойишлар ҳам, охирги йилларда ғарб давлатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг доимий танқидига учраб келган Хитойнинг уйғурларга қарши сиёсати ҳам гўё эсдан чиққандек. Аммо Шинжон Уйғуристонида ҳали ҳам миллионлаб уйғурлар эрксиз ва ҳуқуқсиз ҳолда қамоқ лагерларида сақланяпти ва бу воқеликни инкор қилиб бўлмайди. 

Шу кунларда Би-Би-Си ушбу мавзуга тааллуқли бир қатор ҳужжатларни ўрганиб чиқди. Бу ҳужжатлар воситасида Хитой ҳукумати юз минглаб мусулмон уйғурларни Шинжондаги қамоқ лагерларига ташлаш учун қандай асосларга таянгани борасида тасаввур ҳосил бўлади.  

Ҳужжатларда мамлакат ғарбидаги Шинжон провинциясида яшовчи уч мингдан ортиқ инсоннинг шахсий маълумотлари берилган. Бу инсонлар ҳаётининг энг махфий жиҳатлари 137 саҳифадаги электрон жадвалда батафсил тасвирланган. 

Масалан, ҳужжатда бир қатор исмлар келтирилган – уларнинг қанчалик кўп ёки ора-орада намоз ўқиши, қандай кийиниши, ким билан алоқа қилиши, ўзини қандай тутиши, оиласидаги ҳолатлар ҳақида маълумот келтирилган. 

Хитой ҳукумати вакиллари шу йўл билан террорчилик ва “ислом экстремизми”га қарши курашаётганини даъво қилади. 

Ушбу ҳужжатлар ўтган йили Халқаро журналистлар консорциумига катта ҳажмдаги маълумотларни сиздирган манбадан олинган бўлиб, Шинжондаги лагерларда қандай ишлар олиб борилаётганини очиб беради. 

Хитойнинг Шинжонда олиб бораётган сиёсати бўйича дунёдаги энг етакчи мутахассислардан бири доктор Эдриан Зенз, у Вашингтондаги Коммунизм қурбонлари хотираси фондининг катта ходими. Зензнинг фикрича, ҳозир муҳокама этилаётган ҳужжатлар ҳақиқий.    

“Бу ҳайратланарли ҳужжат мен кўрганларим ичида энг ишонлиси бўлиб, у расмий Пекин анъанавий дунё динларига амал қилганларни фаол таъқиб қилиб, жазолаётганига гувоҳлик беради”, дейди у. 

Қорақош уезди Шинжоннинг жанубий қисмида жойлашган, аҳолисининг 90%идан ортиғи мусулмон уйғурлар. Ҳужжатлар суратда кўрсатилган 4-"ўқув-машғулот" лагерига мансублиги айтилади.  

Лагерлардан бири ҳужжатда “Тўртинчи рақамли таълим маркази” деб номланган. Зензнинг қатъий ишонишича, бу ўтган йили Хитой ҳукумати уюштирган пресс-тур доирасида Би-Би-Си журналистлари ташриф буюрган лагернинг худди ўзидир. 

Ушбу ҳужжат Би-Би-Си журналистлари Шинжондаги қамоқ лагерлари ҳақида тўплаган маълумотларнинг аксарини тасдиқлайди. Ҳужжатда маълумоти берилганларни ҳимоя қилиш учун у нашр қилишдан олдин таҳрирланган. 

Электрон жадвалда 311 кишининг маълумотлари – уларнинг қисқа ҳаёт тарихи, динга бўлган муносабати, юзлаб қариндошлари, дўстлари ва қўшнилари билан шахсий муносабатлари келтириб ўтилган. 

Сўнгги устун – ҳукм учун: агар гап лагерда сақланаётган инсон ҳақида кетаётган бўлса, уни озод этиш керакми; агар гап озодликдаги инсон ҳақида бўлса, уни лагерга жўнатиш вақти келмадими?

Агар рўйхат ҳақиқий бўлса, у Хитой ҳукуматининг бу лагерларда шунчаки ўқув курслари ўтилиши ҳақидаги даъволарини рад этади. 

Journal of Political Risk (“Сиёсий таҳдидлар журнали”) учун ёзган мақоласида Доктор Зенз ушбу ҳужжатни батафсил таҳлил қилган. Унинг қатъий ишонишича, бу ҳужжат Шинжондаги қамоқ лагерлари нима учун очилганига гувоҳлик берувчи камсонли ҳужжатлардан бири саналади.

“Ҳужжатда келтирилган жадвал у ёки бу инсонни лагерга ташлаш учун буйруқ бераётганлар қандай ўйлашини тушуниш имконини беради. Лагер тизими мафкуравий ва маъмурий микроқурилмадир”, дейди доктор Зенз.

Рўйхатнинг 598-рақамидаги шахс Хелчем исмли 38 ёшли аёл – у бир неча йил олдин ҳижобда юргани учунгина лагерга “қайта ўқитиш” учун жўнатилган. 

Бу асоссиз жазолаш ҳолатларидан фақат битта ҳолат, холос. 

Ҳужжатда исми келтирилган яна бир шахс хорижга чиқиш паспортини олиш мақсадида давлат органларига мурожаат қилгани учун лагерга ташланган – демак, расмий Пекин фуқаролардаги четга чиқиш ниятини ҳам радикаллашиш белгиси сифатида кўради. 

66-рақамдаги шахс Меметтоҳти шарифли 34 ёшли эркак – айнан шу сабабли лагерга тушган. Ҳолбуки, унинг шахсий тавсифномасида “алоҳида хавф туғдирмаслиги” кўрсатиб ўтилган бўлган. 

239-рақамдаги шахс 28 ёшли Нурмамат – “бир ҳаволага (линк) босиб, бехосдан хорижий вебсайтга кириб қолгани учун” лагерга жўнатилгани ёзилган. Ҳужжатда айтилишича, бу фуқаронинг ахлоқида бошқа ҳеч қандай муаммо бўлмаган.        

Шинжондаги қамоқ лагерларига қандай сабаблар билан тушиш мумкин: туғиш назорати сиёсатини бузиш, "ишончсиз" одам бўлиш, диндор бўлиш, хориждаги кимдир билан алоқада бўлиш, аввал ҳибсга олинган бўлиш, IJOP тизими эътиборига тушиш, расман жиноятда айбланиш, қамоқдагиларга алоқадор бўлиш

  Рўйхатдаги 311 кишининг барчаси Шинжон Уйғуристонидаги Қорақош уездида яшаган. Бу уезд Хўтан шаҳрига яқин бўлиб, аҳолсининг 90%и уйғурлардан иборат. 

Доктор Зенз “Қорақош рўйхати” деб номлаган ҳужжат бугун Хитой ҳукумати ҳар қандай диний аломат ва эътиқодни ишончсизлик белгиси деб кўриб чиқишига гувоҳлик беряпти.

Бундай “ишончсизлик” билан курашиш учун давлат уйғурларнинг шахсий ҳаётига аралашиш учун йўл топиши лозим эди. 

2017 йил бошида уйғурларни ташқи дунёдан иҳоталаш сиёсати кучга кирганида “қишлоқ ишчи гуруҳлари” деб аталган коммунистик партия вакиллари уйғур жамиятини оқ-қорага саралай бошлади.  

Бу гуруҳларнинг ҳар бир аъзоси бир нечта оилаларга бириктирилган эди. Бу вакиллар ўз қўл остидаги кишиларнинг уйига борар, улар билан дўстона муносабатлар ўрнатар ва ҳар бир оиладаги “диинй вазият” борасида батафсил ҳисоботлар тайёрлар эди. Масалан, уларга бириктирилган оилаларнинг уйида нечта Қуръон бор, оила аъзолари бир кунда неча марта намоз ўқийди, каби саволларга жавоб изланарди. 

Шу кунларда ошкор бўлган ҳужжат айнан ўша маълумотлар одамларни лагерга ҳукм қилиш учун асос бўлганини тасдиқлайди.

Шунингдек, бу ҳужжат бутун бошли оилани лагерга жўнатиш билан расмий Пекин ҳалигача жамоавий масъулият принципини амалда қўллаётганини билдиради.

Ҳужжатда ҳар бир шахсга тегишли бўлимнинг 11-устунида унинг қариндошчилик алоқалари ва у мулоқотда бўлган одамларнинг исм-шарифлари тиркалган. 

Ҳар бир қариндош ёки дўстнинг исми ёнида у одамнинг неча маҳал намоз ўқиши, бунгача тарбия лагерида ёки хорижда бўлган-бўлмагани ҳақида қисқа изоҳ берилган.

Рўйхатдагиларнинг барчасининг хорижда қариндоши борлиги қайд этилган. Катта эҳтимол билан бу ҳужжатдагиларнинг ҳаммаси айнан шу сабабли “ишончсиз” кишилар тоифасига кириб қолган. 

Ҳужжатнинг 179-, 315- ва 345-бўлимларида Юсуф исмли 65 ёшли эркакка тавсиф берилган. У ерда айтилишича, Юсуфнинг иккита қизи бор ва улар “2014 ва 2015 йилларда ҳижоб ва чодра кийишган”. Унинг ўғли “сиёсий Исломга мойил”, оиласи эса “хан хитойликларга (яъни, Шинжонга мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан кўчириб келтирилган этник хитойларга) очиқ қарши кайфиятда” бўлган.

Юсуфга чиқарилган ҳукм – “тарбияланишни давом этдириш”. Бу Юсуф нафақат ўзининг амаллари ёки сўзлари, балки, оиласининг “ишончсизлиги” сабабли ҳам лагерда қолишини англатади. 

“Қишлоқ жамоалари” йиғадиган маълумотлар Шинжонда ташкил этилган йирик миқёсдаги маълумотлар тизимига бориб тушади. Бу тизим Joint Operations Platform (Биргаликдаги амалиётлар платформаси) ёки IJOP деб аталади. 

IJOP тизими кузатув маълумотлари ва минтақадаги полиция ишларининг йиғиндисидан иборат. Бу ерга яна ташқи кузатув камералари ва провинциядаги ҳар бир киши телефонига юклаб олиши лозим бўлган давлат мобил иловаларидан иборат ғоятда йирик тизим маълумотлари ҳам келиб тушади.

Доктор Зензга кўра, IJOP тизими сунъий интеллект ёрдамида бундай улкан маълумотлар омборидаги кесишув нуқталарини топиш имконига эга. Кейинги қадам эса Коммунистик партия аъзоларининг телефонига энг шубҳали шахсларнинг исм-шарифи ва манзилини хабар қилиб жўнатиш бўлади.     

Масалан, “хорижий вебсайтга кириб қолган эркак”ни айнан IJOP маълумотлари асосида лагерга жойлаштириш мумкин эди.

Аммо мураккаб технологиялар ҳар доим ҳам керак бўлмайди. Рўйхатдаги 88 киши “ишончсиз” деган сифат билан қайд этилган. Ҳужжатдан маълум бўлишича, Хитойда кенг тарқалган бу “белги” лагерга тушиш учун ягона асос бўлиши ҳам мумкин. 

“Ушбу “ишончсиз” деган тушунча Хитойнинг қамоқ лагерлари жиноят қилганлар эмас, балки, расмий Пекин шубҳали деб ҳисоблайдиган бутун бошли миллий гуруҳлар учун барпо этилганини исботлайди”, дейди доктор Зенз. 

Пекин расмийлари Шинжонда “эътиқод эркинлигини ҳурмат қиладиган, уни ҳимоялайдиган” қонунлар амал қилаётганига ишонтиришга уринади. Улар яна уйғурларни алоҳида ажратиб қўйиш дастури (расмий атамаларга кўра “профессионал тайёрлов дастури”) “террорчилик ва экстремизмга қарши мақсадларда қўлланаётгани”ни уқтиради. Лагерларга шу каби жиноятларда айбдор деб эътироф этилганлар тушаётгани ҳақида айтилади.

Бироқ “Қорақош рўйхати” бу даъволарга зид келади. У ерда бирон инсоннинг лагерга тушишига сабаб бўладиган кўплаб сабаблар келтирилган. Бу фуқаролик, оила, чет элда яшовчилар билан алоқа ва “ишончсизлик” туфайли юз бериши мумкин.               

Агар рўйхатга ишониладиган бўлса, унда барча уйғурлар Хитойнинг оилани режалаштириш ҳақидаги қатъий қонунларини бузгани сабабли эртами-кечми шу лагерларга тушиши мумкин. Чунки расмий Пекин наздида кўп болали бўлиш – “уйғурлар ўз анъаналарини дунёвий давлат қонунларидан устун қўйиши”нинг энг биринчи белгиси бўлади. 

Хитой ҳукумати ўзининг Шинжондаги амалларини оқлаб, буни экстремизм таҳдидига тезкор муносабат билдириш дастури деб номлайди. 

Ҳақиқатдан ҳам “Қорақош рўйхати”да бу каби жиноятларга кўплаб ишоралар берилган. Камида олти киши лагерга “террорчилик ҳужуми уюштиргани” ёки “шунга ҳаракат қилгани” учун тушган. Яна икки киши эса “тақиқланган видео” томоша қилгани учун бу ерга келтирилган. 

Бироқ ҳужжат муаллифларини энг кўп қизиқтирган нарса диний саволлар бўлган. Унинг 100 дан ортиқ бўлимида у ёки бу оиладаги “диний вазият” ҳақида гапирилган. 

Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш қийин – унда на муҳр, на имзо бор. 

Осиё Абдулаҳиб "ҳужжатни ошкор қилиш Шинжондаги яқинларини хавф остига қўйишини, аммо бу жиноятларга кимдир чек қўйиши кераклигини" айтади

Ҳужжатни сиздирган манбанинг маълум қилишича, бу рўйхат Шинжонда ўтган йили, бошқа махфий ҳужжатлар билан бирга тарқалган. 

Ўша ҳужжатларнинг барчаси бир уйғур қочқиннинг қўлига тушиб қолган, кейин у ўз алоқалари орқали ҳужжатларни хорижга чиқариб юборган. Бундан фақат шу кунларда юзага чиққан рўйхатгина мустасно бўлган.   

Ўтган йили Хитойдаги қамоқ лагерлари ҳақидаги ҳужжатлар ғарб оммавий ахборот воситаларида нашр қилинганидан кейин ўша қочқин “Қорақош рўйхати”ни ҳам ўз каналлари орқали Амстердамда истиқомат қиладиган уйғур аёли Осиё Абдулаҳибга жўнатди. 

Абдулаҳиб Би-Би-Сига ҳужжат ҳақиқий эканини тасдиқлайди.

“Ҳужжатда муҳр бор-йўқлиги муҳим эмас. Бу ҳақиқатдан мавжуд, тирик одамлар ҳақидаги маълумот. Бу ҳеч қандай йўл билан матбуотга чиқмайдиган одамларнинг шахсий маълумотлари. Хитой ҳукумати буни “сохта” деб айта олмайди”, дейди у. 

Хитой ташқарисида яшовчи бошқа кўплаб уйғурлар каби Абдулаҳиб ҳам “қайта тарбиялаш” дастурлари бошланиши билан Шинжонда яшовчи оиласи билан алоқани йўқотган. Аёл ушбу рўйхатни бир қатор халқаро оммавий ахборот воситаларига, жумладан Би-Би-Сига берган. Унинг айтишича, бошқа танлови йўқ эди.  

“Албатта, мени дўстларим ва қариндошларимнинг хавфсизлиги ташвишга солади. Аммо агар ҳамма ўзи ва оиласини ўйлаб жим юраверса, бу жиноятлар давом этаверади”, дейди Осиё Абдулаҳиб. 

Ўтган йил охирида расмий Пекин Шинжондаги қамоқ лагерларига ҳукм қилинган барча уйғурлар “таълим олишни якунлагани” ва озодликка чиққанини эълон қилди. Шу вақтнинг ўзида ҳукумат вакили “агар собиқ ёки янги таълим олганлар яна ўқишни истаб қоладиган бўлса”, бир нечта лагерлар очиқ қолаётганини айтиб ўтди. 

“Қорақош рўйхати”га тушганларнинг 90%и “озод этилган” ёки “озод этилишга тайёр” деб қайд қилинган. 

Бироқ доктор Зензнинг фикрига кўра, қайта ўқитиш лагерлари бу – нисбатан кенг миқёсдаги қамоқ тизимининг бир қисми холос; тизимнинг асосий қисми дунё оммасидан сир тутилади.  

Рўйхатдаги шахсларнинг йигирмадан ортиғи “саноат паркида ишлаш учун” озодликка тавсия этилаётгани белгилаб қўйилган. Бундай “тавсия”га бўйсунмаслик қийин. Ҳозир кўпчиликнинг айтишича, Хитой уйғурларнинг “ёрқин келажаги”ни муқаррар таъминлаш мақсадида мажбурий меҳнат тизимини ишлаб чиқяпти.

Рўйхатда қайд этилган икки ҳолатда таълим марказидаги муддат оддий қамоқхонага ҳукм қилиш билан тугаган. Бу Хитой қамоқ тизими сўнгги йилларда охиригача тўхтамай ишлаётганини билдиради.       

Ҳужжатда исми кўрсатилган кўпчилик шахсларнинг қариндошлари узоқ йиллик қамоқ жазоларини олган, бир қатор ҳолатларда уларнинг айби оддий диний расм-русумларга риоя қилгани бўлган. 

Масалан, рўйхатдагилардан бирининг отаси “қалин, хинага бўялган соқол қўйгани ва диний адабиётларни ўрганадиган гуруҳ тузгани учун” беш йил қамоққа ҳукм қилингани айтилган.  

Ҳужжатдагилардан яна бирининг қўшниси “хориждаги одамлар билан Интернетда алоқа ўрнатгани учун” 15 йил олган, бошқа бир кишининг акаси эса “телефонидаги хоинона суратлар учун” 10 йилга ҳукм қилинган. 

“Хитой ҳозир Шинжондаги қамоқ лагерларини ёпган-ёпмагани муҳим эмас. Чунки ушбу рўйхат бизга у ердаги ҳокимият тизимининг зеҳнияти ва руҳиятини кўрсатиб турибди. Биз минтақанинг ижтимоий ҳаётида худди аввалгидек бугун ҳам “жодугарларни овлаш” (йўқ жойдан душман топиш) кайфияти ҳукмронлик қилаётганини кўряпмиз”, дейди доктор Эдриан Зенз.   

Manba: sof.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!