Соҳилни 5000 тонна чиқиндидан тозалаган “Ер чемпиони”

Соҳилни 5000 тонна чиқиндидан тозалаган “Ер чемпиони”

Мумбайлик ёш адвокат Афроз Шоҳ кўп йиллар давомида Мумбайнинг шимолий-ғарбида жойлашган Версова пляжида йиғилиб қолган чиқиндилар билан курашди ва ғолиб чиқди. 86 ҳафта давомида Афроз кўнгиллилар билан биргаликда 2,5 километрлик пляжни 5,4 миллион килограмм чиқиндидан тозалашди.

2015 йил октябрь ойида Мумбайлик адвокат Афроз Шоҳ ва унинг 84 ёшли қўшниси Харбанш Матур чиқиндиларга тўлган шаҳар соҳилини кўриб, хафа бўлишади. Ва иккаласи ҳудудни тозалашга қарор қилишади.

Ўшандан бери, дам олиш кунлари икки ҳамроҳ соҳил тозалашга чиқишади. Кейинчалик уларга атрофдан кўнгиллилар қўшила бошлади. Уларнинг сони доимий равишда ўсиб борар ва минглаб одамлар тўпланиб қолган чиқиндиларни тозалашарди. 

Киночилар, полициячилар, ҳуқуқшунослар, балиқчилар ва шунчаки йўловчиларнинг бир сабаб билан бир жойга тўпланганидан ҳайратланган Шоҳ мутасаддиларнинг  керакли нарсалар: экскаватор ва юк машиналари билан таъминлаб, қўллаб-қувватлаганидан хурсанд бўлди.

Пляжни тозалаш ишлари 2017 йил май ойида якунланди.

“Пляж ниҳоят тоза! Бизнинг ҳаракатларимиз ўз самарасини берди”, - дейди Шоҳ. Аммо соҳилга сувда оқиб келаётган чиқиндилар яна тўпланиб қолаяпти. Шунинг учун Афроз Шоҳ расмийлардан пляж тоза бўлиши учун муссон шамоллари таъсирида қирғоқда йиғилиб қоладиган чиқиндиларни тозалашда амалий ёрдам беришини сўраяпти.

Афроз Шоҳ меҳнати учун БМТ томонидан “Ер чемпиони” унвонини олди. Унинг иши дунёдаги энг катта соҳил тозалаш иши деб номланган.

Лекин у бу билан тўхтаб қолгани йўқ. Энди у кўнгиллилар билан биргаликда маҳаллий аҳоли томонидан соҳилга чиқинди ташлашларига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилмоқда.

 

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!