Соҳибқироннинг «ваннаси» қаерда?

Соҳибқироннинг «ваннаси» қаерда?

«Ishonch» газетасининг 2018 йил 15 сентябрдаги сонида чоп этилган «Гидлар нималарни ҳикоя қилмоқда?» сарлавҳали мақоласида бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири кўтарилган.

Ҳақиқатан ҳам гидлар масала моҳиятини тўғри сўзлаб бермаса, тингловчида нотўғри тасаввур пайдо бўлади. Бунга бир неча бор гувоҳ бўлганман. Масалан, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгашининг ташаббуси билан Россиянинг турдош касаба уюшмаси бўлган «Рос­химпрофсоюз»нинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ҳудудий ташкилоти ҳамда Беларуснинг турдош касаба уюшмаси – «БЕЛХИМПРОФСОЮЗ» ташкилоти вакилларини Самарқанд шаҳрининг тарихий ёдгорлик­лари ва маданий объектлари билан таништиришни юқори савияда ташкил этиш мақсадида ­гидлар ёрдамидан фойдаланишга тўғри келди.

Россиянинг турдош касаба уюшмаси вакиллари билан бўлган суҳбатда гиднинг савияси ва билими, нафақат Самарқанд, балки Марказий Осиёнинг тарихини мукаммал билиши ҳамда Ислом дини тўғрисидаги маълумотлари барчани ҳайратга солди. Лекин Беларуснинг турдош касаба уюшмаси ташкилоти вакиллари билан бўлган суҳбатдаги гиднинг савияси бунинг акси бўлиб чиқди. У Амир Темур мақбарасига киришдаги айрим археологик топилмалар ҳақида нотўғри сўзлади. Унинг тушунтиришича, мақбарага кираверишдаги харсанг тошдан ўйилган идиш Амир Темурнинг ювиниш ваннаси (?) экан…

Ҳолбуки, бу идишдан Амир Темур кўп йиллик сафарлари олдидан лашкарларини қўл билан санаш бехосият экани сабабли идишни анор суви билан тўлдириб, уларга ичирган ва қайтгандан сўнг ҳам шу тадбирни қайтариб, ўртадаги фарқ билан сафарда қанча одамини йўқотганини аниқлаган. У шу каби анчагина ҳақиқатдан йироқ маълумотларни келтирди. Бундай салбий ҳолатларга Бухоро ва Хоразмдаги тарихий ёдгорлик­лар зиёратида ҳам гувоҳ бўлганман.

Шундай экан, гидларнинг билими ва савияси билан алоҳида шуғулланадиган пайт келди, деб ўйлайман. Бунинг учун юқори даражадаги давлат комиссияси тузилиб, улар бир ёки икки йилда имтиҳон қилинса, шундагина бу касб билан шуғулланиши учун тегишли сертификат берилса, нур устига нур бўларди.

Manba: zamin. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!