«Соғлом болалар» глобал ташаббуси дастурининг 25 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Москва шаҳрида бўлиб ўтган «Тўғри овқатланиш ҳақида мулоқот» дастурининг 25 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи Зарина Абдуллаева вазирликнинг «Саломатлик йўналишлари» дастури билан ҳамкорлиги муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади.
–Жорий йилнинг май ойида «Саломатлик йўналишлари» дастурини кенгайтириш ва унга янги вектор – экологик таълимни қўшиш бўйича муҳим қарор қабул қилинди, – дейди З.Абдуллаева. – Бу қарор нафақат ўз саломатлиги ҳақида қайғурадиган, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фаол иштирок этувчи соғлом ва масъулиятли авлодни шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу янги компонент доирасида дастурга мактаб ўқувчиларида экологик маданиятни ривожлантиришга қаратилган дарслар киритилган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон тўғри овқатланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилувчи, атроф-муҳитга онгли муносабатда бўлиш ва ёш авлод саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаётгани қайд этилди.
–Дунёнинг кўплаб давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам келажак авлод саломатлиги жамият барқарор ривожланишининг гарови ҳисобланади, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази директори Шерзоджон Худайқулов. – Шунинг учун ҳам Ҳукумат таълим ва тарбиявий мақсадларни ўзида мужассам этган «Саломатлик йўналишлари» дастурини фаол амалга оширмоқда. Унинг асосий мақсади мактаб ўқувчиларининг соғлом овқатланиш тамойиллари ва экологик таълимга оид билимларини оширишдан иборат. Биз болаларда жисмоний ва маънавий баркамолликнинг асосига айланадиган тўғри одатларни шакллантиришни мақсад қилганмиз.
Конференция давомида лойиҳа ҳамкорларининг чиқишлари, дастурнинг 25 йиллик фаолияти натижалари муҳокамаси, тўғри овқатланиш бўйича танлов ва тренинглар ўтказилди.
– «Саломатлик йўналишлари» дастури хусусий бизнес, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришнинг ажойиб намунаси, – дейди «Саломатлик йўналишлари» дастури муаллифи, педагогика фанлари номзоди Александра Макеева. – Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кўмагида Ўзбекистонда бир неча йил ичида яхши натижаларга эришдик. Чунки, бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудлари дастурда иштирок этмоқда ва талабалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, «Тўғри овқатланиш ҳақида мулоқот» Россия дастури 85 мамлакатни қамраб олган «Соғлом болалар» глобал ташаббусининг бир қисмидир. Ўзбекистонда ушбу ташаббус доирасида 2013 йилдан буён «Саломатлик йўналишлари» дастури жорий этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 140 дан ортиқ мактабни қамраб олган.