Соғлиқни сақлаш вазирлигининг икки нафар вакили Ғузор ТТБни текшириш билан овора. Вафот этган қизалоқнинг тўрт ёшли укаси эса ёрдамга муҳтож

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг икки нафар вакили Ғузор ТТБни текшириш билан овора. Вафот этган қизалоқнинг тўрт ёшли укаси эса ёрдамга муҳтож

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жамоатчилик учун номаълум, шифокорлар учун эса маълум касалликдан вафот этган олти ёшли қизалоқнинг тўрт ёшли укаси ҳам иситмалаб, ёрдамга муҳтож аҳволга келган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги юборган ишчи гуруҳ вакиллари эса Ғузор туман тиббиёт бирлашмасини текшириш билан овора. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Маълум бўлишича, Ғузор туманига махсус ишчи гуруҳ сифатида юборилган педиатрлар — Дилрабо Абдуллаева ҳамда Муборак Алихўжаевалар Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, вафот этган болаларнинг ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлаштиришга уринмоқда.

Вазирлик ишчи гуруҳи аъзоси Муборак Алихўжаева «Дарё» мухбирининг «Ишчи гуруҳнинг биринчи галдаги вазифаси болаларни асраб қолиш эмасми? Ҳужжатларни текшириш, вафот этган болалар ўлимига нима сабаб бўлгани кейин масала бўлиши керак эмасми», деган саволига бемор болаларга ёрдам бериш учун уларнинг мутахассисликлари тўғри келмаслигини билдирган.

«Мен ҳам шунга ҳайронман. Бизга айни пайтда бизни текширадиган эмас, бемор болалар ҳаётини сақлаб қоладиган ёрдамчи керак. Ишчи гуруҳ аъзолари эса фақат бизни текшириш билан овора. Ўзи шундоғам текширадиган органлар етиб-ортади», — дейди «Дарё» билан мулоқотда бўлган Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Дилмурод Шаймардонов.

«Вазирликдан ҳеч ким келмаган. Мен ҳам Тошкентдан уйга боряпман. Укам йиғлаб телефон қиляпти, жиянимизнинг аҳволи оғир. Ёрдам берадиган мутахассис керак», — дейди Фазлиддин Абилов.

Фазлиддин Абиловнинг айтишича, бетоб болани унинг укаси Феруз Абилов Қарши шаҳридаги шифохонага олиб кетмоқда.

«Ҳеч кимдан ёрдам келмагач, бошқалардан умид қилишни тўхтатиб, ўзимнинг шахсий машинамда уч нафар жиянимни Қаршидаги шифохонага олиб кетяпман. Улар билан телефонлашганимизда болаларни олиб келинг дейишди», — дейди Феруз Абилов «Дарё» мухбири билан суҳбатда.

Феруз Абилов бемор жияни билан бирга яна икки нафар жиянини шифохонага олиб кетаётганини, улар ҳам текширувдан ўтиши кераклигини айтмоқда.

«Менга таниш мутахассиснинг айтишича катта эҳтимол билан сувчечак ёки омикрон, чунки иккаласининг ҳам баданига тошма тошган бўлган. Шуни айтишга қўрқяпти, карантин қилиб ташлаши мумкин», — дейди Фазлиддин Абилов ўз тахминини ўртага ташлар экан.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!