Соғлиқни сақлаш вазирлиги семизликка қарши курашишга чорлаб чиқди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги семизликка қарши курашишга чорлаб чиқди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда 18 ва ундан юқори ёшдаги 1,9 миллиард киши ортиқча вазнга эга. Уларнинг 600 миллиондан ортиғи эса семизликдан азият чекмоқда.

Шу боис, ортиқча вазн билан касалланишнинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва беморларни дарддан фориғ этиш замонавий тиббиёт олдидаги долзарб вазифалардан биридир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутун мамлакатимиз бўйлаб жорий йил 11 май, шанба куни соғлом турмуш тарзига риоя этиш борасидаги оммавий тадбирларнинг навбатдаги босқичида айни шу муаммога эътибор қаратилиб, Оилавий семизликка йўл йўқ шиори остида 5 километр масофага фаол юриш ва Саломатлик стартлари тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.​

Фото: Ҳасан Пайдоев, Халқ сўзи

Эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби пойтахтимизнинг истироҳат боғлари ва хиёбонларида ҳам вазирлик марказий аппарати, тизимдаги муассасалар, тиббиёт олий ўқув юртлари ходимлари ва маҳалла фаолларининг оилавий жамоалари иштирокида жисмоний фаолликни тарғиб этувчи эстафета ўйинлари, билимдонлар танлови ўтказилди.

Кам ҳаракатлилик, кун давомида узоқ вақт компьютерда ишлаш инсон организмида ортиқча вазн билан боғлиқ кўплаб касалликларни келтириб чиқаради, дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова. Мазкур хасталикларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир киши кундалик иш фаолиятини жисмоний фаоллик билан бошлаши, яъни тоза ҳавода сайр қилиши, жисмоний машқлар билан банд бўлиши ва албатта соғлом ҳамда тўғри овқатланишга эътибор қаратиши лозим. Зеро, тоза ҳавода сайр қилиш мушак, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, нафас олиш ритмини ривожлантиради.

Фаол ҳаракатлар танадаги ёғларнинг эришига, шу орқали ортиқча вазндан қутилишига ёрдам беради. Шунингдек, жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз усули ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажариши мумкин.

Семизликка қарши курашда соғлом овқатланиш ҳам муҳим ўринга эга. Турли хил сабзавот ва меваларни истеъмол қилишга одатланиш ҳам оилаларда соғлом ва тўғри овқатланиш рационини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда муҳим, аммо кўз илғамас қоидаларга риоя этишимиз ўзимиз ҳамда оила аъзоларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлайди. Мисол учун, ҳар куни наҳорда 200 граммдан кам бўлмаган илиқ сув истеъмол қилишни одатга айлантирсак саломатлигимиз учун кони фойда бўлади. Чунки сув тезлик билан ошқозонга ва ичакларга тушади, заҳарли моддаларнинг чиқарилишига ёрдам беради. Ичакларни тозалаб, овқатдан келадиган фойдали моддаларнинг яхши ўзлаштирилишига ҳисса қўшади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, тонгда оч қоринга ичилган сув метаболизмни 25 фоизга тезлаштиради. Бу эса ортиқча вазнга эга одам учун калорияни фаол сарфлаш натижасида озишга ёрдам беришини англатади.

Қолаверса, ош тузининг кунлик тановул қилинадиган маҳсулотлар таркибидаги миқдорини 5 граммдан оширмаслик ҳам турли бўғим касалликларининг олдини олади ва ортиқча вазн сабаб келиб чиқадиган хасталикларни бартараф этади.

Унутмайлик, семизликни олдини олишда соғлом турмуш тарзи, жумладан, оилавий жисмоний фаоллик, соғлом ва тўғри овқатланиш муҳим ўринга эга. Шундай экан, бунинг учун биздан кўп нарса талаб этилмайди. Шунчаки, эрталабки фаол юриш, жисмоний машқлар, кундалик овқатланиш рационни тўғри йўлга қўйиш ва фаол турмуш тарзига эришишнинг ўзи кифоя!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!