Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ҳайдовчиларнинг мурожаати прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ҳайдовчиларнинг мурожаати прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилоятида тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчилари ўз ҳисобидан ёниғли ва эҳтиёт қисмларга пул тўлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Хабарларда АИ-91 бензини берилиши керак бўлган автомобилларга ностандарт АИ-80 бензини қуйилиши, шу боис ҳам ҳайдовчиларда ёнилғи сарфи кўпайиб кетиши, ортиқча харажат ҳайдовчи зиммасига тушиши, автомобиль эҳтиёт қисмлари учун ҳам ҳайдовчилардан пул ундиришга ҳаракат қилишлари, автомобиль мойини алмаштириш, шина тешилса, яматиш каби кундалик ҳаражатлар ҳайдовчилар зиммасига юклатилиши таъкидланади.

Қайд этилишича, бошқарманинг махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалигида «Hyundai», «Toyota», «Nissan», «Damas» каби автомашиналар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Қайси маркадаги ёнилғи олишни автохўжалик ёки бошқарма ҳал эта олмайди. «Ўзбекнефтмаҳсулот» акционерлик жамияти томонидан етказиб бериладиган ёнилғи фондининг йиллик тақсимот жадвалида фақат АИ-80 бензини берилиши назарда тутилган. АИ-91 бензини биржадан кимошди савдоси орқали олинади. Тез орада автохўжаликдаги «Damas» русумли барча автомашиналарни газ ёнилғисига ўтказиш кўзда тутилмоқда. Мазкур тадбир туфайли тежалган маблағ ҳисобидан биржадан АИ-91 бензини сотиб олиш имконияти вужудга келади.

Ҳар бир автомашина тегишли ташкилотлар томонидан ёнилғи сарфи бўйича меъёрий текширувлардан ўтказилган. 2019 йил февраль ойидан автохўжаликдаги барча автомашиналарда GPS қурилмасининг ишлаши таъминланди. Йўл варақалари орқали чақирувга чиққан автомашина босиб ўтган масофа ва ёнилғи шу қурилмада ҳисобланади. Агар белгиланган меъёрдан ортиқча ёнилғи сарфланган бўлса, бу ҳаражатлар тегишли тартибда ҳайдовчидан ундирилмоқда.

Шунингдек, илгари автомашиналарни таъмирлаш ишлари автохўжалик слесарлари томонидан бажарилган бўлса, 2019 йил январь ойидан бошлаб бу ишлар биржа орқали танланган автосервис томонидан тегишли шартнома асосида амалга оширилмоқда. Молия идоралари томонидан ажратилган маблағлар асосида жорий йилда автохўжалик эҳтиёжига қараб 277 та автомашинага давлат биржаси орқали шина олинган. Белгиланган нормативга кўра, ҳар бир автомашинага 70 000 километр йўл босганидан сўнг шина, 2 йил-у 2 ойда аккумулятор ажратилиши таъминланмоқда. Мой алмаштириш ишлари автохўжалик станциясининг ўзида слесарь томонидан амалга оширилади. Колонна бошлиғи талабнома орқали юрган масофасига қараб меъёр асосида мой ва фильтр қисмларини ажратади.

«Автохўжалик маъмурияти эҳтиёт қисмлар учун ҳайдовчилардан пул талаб қилганлик ҳолати кузатилмаган. Айни пайтда Қарши шаҳар прокуратураси томонидан автохўжаликда мазкур ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари маълум қилинади», — дейилади хабарда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!