Соғлиги важидан авиачиптани қайтарган йўловчининг пули тўлиқ қайтарилди

Соғлиги важидан авиачиптани қайтарган йўловчининг пули тўлиқ қайтарилди

Истеъмолчи Ҳ. нинг Марғилон шаҳар прокуратурасига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди. Мурожаат фуқаро томонидан сотиб олинган ва сотувчига қайтарилган авиачиптанинг пули тўлиқ қайтариб берилмаётганлиги ҳақида.

Мурожаатда кўрсатилишича, фуқаро Ҳ. Марғилон шаҳридаги авиакассалардан биридан июл ойи ўрталарида Фарғонадан Россия Федерациясининг Москва шаҳрига учиш учун 4 150 000 (тўрт миллион бир юз эллик минг) сўмга авиачипта сотиб олади. Лекин маълум фурсат ўтиб унинг соғлиги ёмонлашганлиги сабабли учиб кета олмаслигига кўзи етиб, авиакассага мурожаат қилади ва соғлигида юзага келган муаммоли ҳолатни тушунтиради. Россияга уча олмаслигини айтиб, авиачипта учун тўланган пулни қайтариб беришларини сўрайди. Сотувчи эса қоидага кўра сотиб олинган авиачиптадан фойдаланиш рад қилинган ҳолда, авиачиптани қайтарилишида унинг пулидан ушланма ушлаб қолинишини айтиб, авиачипта учун тўланган пулдан муайян қисмини олиб қолиб, қолган қисмини қайтариб беради. Шу ўрнида истеъмолчига бундай ҳаракатлар амалга оширилганлигини тасдиқовчи тўлов ҳужжати ёки маълумотнома тақдим қилинмайди.

Мурожаат шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида авиакасса масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Истеъмолчи билан юзага келган ҳолатда, яъни унинг соғлиги ёмонлашиши сабабидан учиш қолдирилаётган ҳолатлар узрли ҳолат сифатида баҳоланиши ҳамда авиачипта учун тўланган пул тўлиқ қайтарилиши кераклиги масала қўйилди. Шундан сўнг авиакасса масъуллари томонидан истеъмолчининг авиачипта учун тўлаган пуллари тўлиқ қайтарилиши таъминланди.

Биз шу ўринда, ташувчилар ва уларнинг қонуний вакилларига истеъмолчиларга чипталар сотилиши жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 5 ва 6-моддалари талабларининг тўлиқ ижроси таъминланиши, яъни истеъмолчиларга ташувчи, ташиш шартлари ва қоидалари, чипталарни харид қилиш ва уларни қайтариш шартлари ҳақида тўлақонли маълумотлар берилиши лозимлиги ҳақида эслатиб ўтмоқчимиз. Зеро, истеъмолчига бундай маълумотларни тўлиқ берилмаслиги ёки нотўғри берилиши оқибатида юзага келадиган низоларда сиз моддий зарар кўриб қолишингиз мумкин.

Саидхон Хапизов,
Марғилон шаҳар жамияти мутахассиси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!