Собиқ Испания қироли мамлакатни тарк этишга қарор қилди

Собиқ Испания қироли мамлакатни тарк этишга қарор қилди

Коррупция можаросининг марказида турган собиқ Испания раҳбари, қирол Хуан Карлос мамлакатни тарк этишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди қирол саройи.

Маълумотларга кўра, Хуан Карлос ўғлига, ҳукмронлик қилаётган монарх Фелип VI га чет элга боришга қарор қилгани ҳақида айтиб берган.

"Испания фуқаролари ва унинг муассасаларига, шунингдек, қирол сифатида сизга имкон қадар энг яхши хизматни амалга ошириш истаги асосида, мен бу сафар Испанияни тарк этишга қарор қилганим тўғрисида хабар бераман", дейилган мактубда.

Қиролнинг айнан қаерга бормоқчи эканлиги ҳақида маълумот берилмаган. Фелип VI отасига миннатдорчилик билдирган ва "унинг ҳукмронлиги тарихий аҳамиятга эга" эканлигини таъкидлаган.

2014 йилда Хуан Карлос ўғли фойдасига тахтдан воз кечди, аммо қирол унвонини сақлаб қолди.

Июнь ойи бошида Испания Олий суди прокуратураси собиқ ҳукмдорга қарши Саудия Арабистонида Макка ва Мадина ўртасида тезюрар темир йўл қурилиши шартномалари бўйича тергов очди. Терговга кўра, Хуан Карлос Саудия қироли атрофидагиларидан пора олган бўлиши мумкин.

Март ойида бўлиб ўтган жанжал натижасида, Фелип VI отасини қироллик уйининг бюджетидан маҳрум қилишга қарор қилди, шунингдек, меросдан ҳам воз кечди.

 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!