SMS ортидаги фожиа ёхуд ҳазилнинг таги – зил

SMS ортидаги фожиа ёхуд ҳазилнинг таги – зил

Мактабни тугатганига беш йил ўтган бўл са-да, синфдошлар, айниқса, йигитлар тўй, туғилган кун баҳонасида тез-тез учрашиб туришади. Дийдорлашган вақт, албатта, мактаб даври, болалик шўхликлари, қизиқарли ҳангомалар ёдга олинади. Навбатдаги учрашувда йигитлар келмаган синфдошларига SMS юборишади. Ёмони, синфдош қизларга юборилаётган хабарларнинг аксарияти ҳазил тариқасида ёзилган бемаъни жумлалардан иборат эди.

Мени доғда қолдириб, ўзгага эрга тегдинг. Сени севаман, дегандинг-ку бевафо , деган мазмундаги SMSни йигитлар синф сардори бўлган қизга юборишди.

Кутилмаганда, номаълум рақамдан келган хабарни эр-хотин бирга ўқишади. Даҳанаки бошланган жанг жиддий тус олади. Эрнинг ғурури устунлик қилиб, хотинининг юзига тарсаки туширади. Уни хиёнатда айблайди.

Биргина ҳазил ортидан гулдек бир оилага дарз кетади. Икки нафар фарзанд ота-она бағрида камол топишдан мосуво бўлади. Аёлнинг отаси синфдош йигитларни топиб, фарзандининг бегуноҳлигини исботлашга ҳарчанд уринмасин, ғишт қолипдан кўчганди. ғурур туфайли эр хотини билан ажрашди.

Бугун ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланган уяли алоқа воситаси бизга қатор имкониятларни берган бўлса-да, салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқараётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бемаъни SMSлар, интернетдаги танишувлар, сохта ахборотлар кунлик эҳтиёжга айланди. Бу борада меъёрни унутаётганлар, ростни ёлғондан ажратолмаётганлар кўплаб топилади. Оқибатда қанчадан-қанча оилалар барбод бўлиб, болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Сохта танишувлар ортида алданиб қолаётган қизларимиз, йигитларимиз қанча. Барчаси уяли алоқа воситаси имкониятларидан тўғри, самарали фойдаланмаётганимиз оқибатидир.

Телефон, аввало, сўзлашув учун яратилган воситадир, дейди кекса маориф ходими Асад Ҳайдаров. Техника тараққиёти даврида телефоннинг вазифалари анча кенгайди. Фарзандимизга ушбу матоҳни олиб бераётганимизда, ундан оқилона, тўғри мақсадларда фойдаланишини ҳам тушунтиришимиз лозим.

Азим ҚОДИРОВ,

zarnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!