Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'zbekcha

Сирдарёнинг сув остида қолган маҳаллалари аҳолиси Жиззахдаги мактаб ва коллежларга жойлаштирилмоқда

Сирдарёнинг сув остида қолган маҳаллалари аҳолиси Жиззахдаги мактаб ва коллежларга жойлаштирилмоқда

Сирдарё вилоятида 1 май куни соат 5:55 да «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6-пикет девори бузилиш юз бериб, сув тошиб чиққан эди. Воқеа жойига зудлик билан Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов етиб борган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан маълум қилишларича, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштириш чоралари кўрилмоқда, деб ёзади "Дарё".

Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги «Навбаҳор», «Ҳақиқат» ва «Баҳористон» маҳаллари ҳудудида жойлашган аҳоли яшаш пунктларига қисман сув кирган. Аҳоли ушбу тумандаги касб-ҳунар коллежи, Сафарбарлик чақирув резерви бўйича ҳарбий қисм ва касалхонага эвакуация қилинган.

Эвакуация тадбирлари Жиззах шаҳрига ҳам ташкиллаштирилган. Хусусан, Сирдарёнинг Оқолтин туманидаги «Аҳиллик», «Шодлик», «Саховат», «Навоий», «Дўстлик», «Кўркамдиёр», «Тошкент», «Янгиҳаёт», «Обод» ва «Мустаҳкам» маҳаллаларининг аҳолиси Жиззах вилояти Гагарин шаҳарчасига вақтинчалик кўчирилган.

«Унда аҳоли учун 6000 дона ниқоб, 80 дона антисептик восита, 200 жуфт бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилди», — дейилади ФВВ ахборотида.

Бундан ташқари, Сардоба шаҳарчасидаги аҳолини ҳам Жиззах вилояти Гагарин аҳоли яшаш пунктига эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мирзаобод туманидаги «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Баҳористон», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» маҳаллалари аҳолиси, сув тошиш хавфи бўлгани учун, Янгиер шаҳрига эвакуация қилинмоқда.

Қайд этишларича, Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!