Сирдарёда "шайтон йўлдан урган" солиқчи фош этилди

Сирдарёда "шайтон йўлдан урган" солиқчи фош этилди

"Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади", деган мақол бежиз айтилмаган. Бунинг ростлигини ҳаётнинг ўзи қайта-қайта исботлаган. Лекин қинғирликни "хамирдан қил суғургандек" бажардим деб ўйлайдиган кимсалар ҳам, афсуски, ҳамон учраб турибди. Улар билмайдики, вақти келиб барчаси ошкор бўлади.

Аҳмаджон Йўлдошев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида солиқ соҳаси билимдони сифатида анча-мунча обрў-эътибор қозонди. Меҳнаткашлиги, интилувчанлиги билан Сардоба туман давлат солиқ идорасида солиқ қарзи ундирувини ташкил этиш бўлимига бошлиқ этиб тайинлангач, у ерда ҳам ишлар жонланди.

Аммо, нима бўлди-ю, Аҳмаджоннинг таъбири билан айтганда, уни “шайтон йўлдан урди”. Эгаллаб турган мансабидан фойдаланиб, “икки-уч сўм ишлаб” олгиси келиб қолди. Оқибатда қинғир ишга қўл урди. Ахир “қўшимча даромад” кимнинг чўнтагини тешиб чиқибди? Тўғрида, пул топишни билиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини, қонунни билмайдиганлар “ёрдам“ сўраб турса, "ҳожатини чиқариш"нинг нимаси ёмон?

...Гуруч омбори мудирига савдогарлар қопларда маҳсулот ёрлиқда кўрсатилган меъёрдан кам чиқаётгани тўғрисида шикоят қилибди. Шикоят важидан мудир тунда омборга кирса, қоровул ўзи ясаб олган махсус қўлбола “ускуна” билан ҳар бир қопдан бир килодан гуруч ўмараётган эмиш. Ўғрилик қилаётганда қўлга тушган қоровул, “Шайтон йўлдан урди, мени кечиринг хўжайин!”, дея ёлворибди. Бир четда кузатиб турган шайтон кўзга кўриниб, “Қопнинг оғзини очмай, йиртмай, гуруч ўмаришни мен сендан ўргандим-ку, номард” деганмиш охири чидолмай.

Аҳмаджон Йўлдошев лавозимидан фойдаланиб, тумандаги “Сувли сой жилғаси” фермер хўжалигининг солиқ ва мажбурий тўловлардан бўлган 4 миллион 150 минг сўм қарздорлигини аниқлаб, бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишни режалаштиради. Хўжалик раҳбари Ҳайитқул Дадабоевни ҳузурига чақириб, солиқ ва мажбурий тўловлардан анча-мунча қарзи борлигини, иш судга ошиб, мажбурий ижро орқали номидаги бор мол-мулк, моддий қимматликлар мусодара бўлиши мумкинлигини айтади.

Бундай нохуш хабарни эшитган ҳар қандай тадбиркор ташвишга тушиши шубҳасиз. Бу гаплардан боши қотган Ҳайитқулнинг жонига Аҳмаджон оро киради. Фермерга ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи борлигини, арзимаган 3 миллион сўм эвазига хўжаликни банкрот деб эълон қилдиришини, шу орқали солиқ ва бошқа барча қарздорликларни сўндириш мумкинлигини айтади. Фермер халоскор бўлиб кўринган Аҳмаджоннинг “беғараз ёрдам”ига рози бўлади.

Ҳайитқул Дадабоев жорий йил 14-18 январь кунлари деярли ҳар куни Аҳмаджоннинг ёнига келиб, тез орада ваъда қилинган пулни олиб келиб беришини, турли сабабларга кўра ҳозирча имкони бўлмаётганини билдиради.

“Ҳайитқул Дадабоев олдимга келганида, ваъда қилган пулдан зарурат туфайли озроғини ишлатиб қўйганини, шу сабабли ҳозирча 2 миллион 500 минг сўм беришга имкони борлигини айтди. Ҳар гал келганида моддий томондан қийналгани ҳақида гапирар эди, шу боис унинг пулларини тезроқ қўлга киритиш мақсадида бу таклифига рози бўлдим”, деб судда ўз айбига иқрор бўлди Аҳмаджон Йўлдошев.

“Нафсим қурғур балодир, сувдан ўтга солодир”, деган доно нақлни Аҳмаджон эшитмагандир эҳтимол. Акс ҳолда, туппа-тузук ишлаб юрган жойидан, меҳнат жамоасидан, мисқоллаб йиққан обрўсидан бир кунда мосуво бўлармиди?

Аҳмаджон Йўлдошев Сардоба туман давлат солиқ инспекциясидаги хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 2 миллион 500 минг сўм пулни олган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан жиноят устида қўлга олинди.

– Ўзбекистон Республикасида суд аввало, инсонийлик принципларига амал қилади, – дейди Сардоба тумани прокурори ўринбосари Ўктам Пирматов. – Суд ҳайъати, судланувчи Аҳмаджон Йўлдошевга нисбатан жазо тайинлашда, унинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб баҳолади ва унга нисбатан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги ҳам инобатга олинди.

Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони бор, деган қатъий хулосага келинди. А.Йўлдошевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан, 168-модданинг 5-қисмига асосан, модда санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Жиноят кодексининг 28, 211-моддаси 1-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

А.Йўлдошев мазкур жиноятни ўзи эгаллаб турган лавозими билан боғлиқ ҳолда содир этгани эътиборга олиниб, келажакда яна шундай жиноятлар содир этишининг олдини олиш мақсадида суд ҳайъати унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, қўшимча жазо, яъни моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шунингдек, унга сутканинг муайян вақтида яшаш хонадонидан чиқишни чеклаш, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Сирдарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар ҳам юклатилди.

Суд ҳайъати жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, А.Йўлдошевга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилди ва уни суд залидан озод этишни лозим топди.

Аҳмаджон Йўлдошев бировнинг ҳақига хиёнат, ўғрилик қилиш, порахўрликка қўл уриш каби иллатлар қайси йўлга бошлашини ўз ҳаёти мисолида кўрди. Меҳнат жамоаси, маҳалла-кўй, дўст-биродарлари, оила аъзолари олдида юзи шувут бўлди.

Қилмиш-қидирмиш, деганлари шу асли...


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!