Сирдарёда Қизил китобга киритилган лочинларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлганлар қўлга олинди

Сирдарёда Қизил китобга киритилган лочинларни 280 миллион сўмга пулламоқчи бўлганлар қўлга олинди

Амалдаги тартибларга кўра, ҳайвонот дунёси объектларини республикамиз ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя давлат қўмитаси томонидан бериладиган махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади.

Республикамиз божхоначилари мазкур тартибларга риоя қилмай ноёб турдаги қушларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринган шахсларни тўхтатиб қолишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Дунё бўйлаб йўқолиб бораётган ноёб жонзотларни асраб-авайлашда, хусусан уларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олишда давлат божхона хизмати органларининг роли муҳим аҳамият касб этади.

Яқинда Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган лочинларни она табиатдан ажратиб олиб, пуллашга уринган шахслар тўхтатиб қолинди.

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Камаз” юк автотранспорт воситаси “Сирдарё” чегара божхона постида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, салондаги спорт сумкасига 8 бош лочинлар яширилганлиги фош бўлди. Боз устига қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлинган, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган.

Шу куни тезкор тадбир Сирдарё туманида ҳам давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинди.

Мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочинлар Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига киритилган ва табиатан камёб ҳисобланади ҳамда уларни овлаш тақиқланган. Лочинларнинг 6 таси Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобанади.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қонунбузарлар ушбу қушларни 280 млн. сўмга пулламоқчи бўлишган.

Ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди ва мутахассисларнинг доимий назорати остида парваришланмоқда.

Ҳолат юзасидан эса божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!