Сирдарёда МИБ ва суд органи фермерни "жиноятчига айлантирди"

Сирдарёда МИБ ва суд органи фермерни "жиноятчига айлантирди"

Сирдарёлик фермер ҳалол меҳнат билан даромад олиш мақсадида деҳқончилик қилишни бошлади, аммо кутилмаган меҳмонлар ва дастлабки суд органи уни жиноятчига айлантириб қўйди.

Хўжакелди фермер хўжалигининг 15 гектар ер майдонига сув яхши бормас, экин майдони Сирдарёнинг қирғоқларига туташиб кетганди. Аниқроқ айтганда, Сирдарёнинг сатҳи кўтарилса, экин майдонини сув босади. Сув босган майдонда эса, экин кўнгилгидек битмайди.

Фермер хўжалиги раиси Т. Дилдабеков 2017 йилда суғориш қийин бўлган ана шу майдонга сув насосидан фойдаланаман, деган мақсадда маккажўхори уруғи қадади, Оқибатда дарёнинг сатҳи кўтарилиб, маккажўхори майдони сув остида қолади. Бунинг оқибатида экин нобуд бўлади.

Т. Дилдабеков қолган беш гектарча майдондаги маккажўхори ва унинг ёнидаги ерни суғориш учун 2017 йилнинг 5-6 август кунлари сув насоси ўрнатади. Бироқ у Сирдарё тумани электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмаганди. Аниқроқ айтганда, у 160 киловатт кучланишдаги трансформаторни умумий фойдаланишдаги Шодлик сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудини электр энергияси билан таъминловчи, 35/10 киловатт юқори кучланишдаги Роҳат трансформатор нимстанцияси электр тармоғига улаганди. Бунинг устига фермер хўжалиги раҳбари электр токи билан ишловчи сув насосидан атиги икки-уч кун экинларни суғоради.

Аммо бунга қарамай мажбурий ижро бюросининг Сирдарё тумани бўлими ходимлари 2017 йилнинг 19 августида Т. Дилдабековнинг тармоққа ноқонуний улангани ва электр энергиясидан фойдаланганини аниқлаб, далолатнома тузишади. Улар далолатномада фермер хўжалиги раҳбари электр тармоғига 15 июнь куни ноқонуний уланганини ёзиб қўйишади.

Т. Дилдабековнинг ўшанда уларга кўр-кўрона ишонгани кейинчалик ўзига жуда қимматга тушди. Чунки Т. Дилдабеков 2017 йил 15 июндан 19 августга қадар электр токи билан ишловчи сув насоси орқали фермер хўжалигининг жами 12 гектар ер майдонидаги экинларни суғориб, туман электр таъминоти корхонасига 43 миллион 344 минг 288 сўмлик анча миқдорда зарар етказганликда айбдор деб топилган.

Биринчи босқич судининг ўтган йил 26 январдаги ҳукмига кўра, Т. Дилдабековга Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 2-қисми билан тунги вақтларда яшаш жойидан чиқиш чекланган ҳолда 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланади. Бундан ташқари суд унинг зиммасига қўшимча тақиқлар юклайди.

Албатта, Т. Дилдабеков ва унинг ҳимоячиси суднинг ҳукмидан норози бўлиб, кассация тартибида шикоят ёзишади. Кассация шикоятида дастлабки тергов органи ва биринчи босқич суди томонидан иш ҳолатларига адолатли баҳо берилмагани, Жиноят процессуал кодекси ва Олий суд Пленум қарорлари талабига амал қилинмасдан жиноят иши бир тарафлама олиб борилгани ҳақида важлар келтирилади.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларидан ҳам маълум бўладики, Т. Дилдабеков электр тармоғига 2017 йил 15 июнда эмас, балки 2017 йил 5 август куни ўзбошимчалик билан уланиб, ўша йилнинг 19 август кунига қадар фойдаланган.

Судлов ҳайъати туман электр таъминоти корхонасининг ҳисоб-китоб далолатномасида кўрсатилган ҳисоблаш қоидаларига амал қилди. Ҳисобланган бир суткалик ўртача истеъмол қанча киловатт соатни ташкил қилиши, электр энергия баҳоси 204,30 сўм эканини инобатга олди. Яъни фермер хўжалиги томонидан етказилган зарар миқдорини жами 10 миллион 2 минг 528 сўм деб эътироф этди.

Судлов ҳайъати юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, биринчи босқич судининг Т. Дилдабековга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмини бекор қилди. Судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани сабабли у айбсиз деб топилиб, оқланди.Биринчи босқич судида йўл қўйилган хатолик кассация судлов ҳайъатининг ажрими билан бартараф этилди.

Бу ҳақда UzNews.uz га Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьялари Камолиддин Толлибаев ва Шерзод Мамиров маълум қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!