Сирдарёда буюртма қотилликнинг олди олинди — Бош прокуратура

Сирдарёда буюртма қотилликнинг олди олинди — Бош прокуратура

2020 йил 7 декабрь куни шахсини сир сақлашни сўраган “Х” исмли фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Бош прокуратура.

У таниши, тадбиркор Ж.З. (1994 йилда туғилган, муқаддам судланган) уни муқаддам босқинчилик жинояти учун судланганлигидан хабар топиб, ўзига рақобатчи деб билган тадбиркор М.Д.ни ўлдиришга буюртма қилиб, эвазига 5000 АҚШ доллари беришни ваъда қилгани, таклифини рад қилган тақдирда бошқа шахсларни ёллаб бўлса ҳам уни ўлдиришини айтгани ва олдиндан 1000 АҚШ доллари бермоқчи бўлганлигини маълум қилиб, уни жиноят содир қилишга ундаётган Ж.З.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

2020 йил 10 декабрь куни Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Х” исмли шахс Гулистон шаҳрида жойлашган қабристон яқинида тадбиркор М.Д.нинг қотиллик аломатлари билан ётган, юз ва бош қисми грим қилинган жасади ва уни вафот этгани сунъий равишда яратилган фотосуратини кўрсатгач, буюртмачи тадбиркор Ж.З. Мирзаобод тумани Боғистон маҳалласи ҳудудида унга 4000 АҚШ долларини берган вақтида ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Ж.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи Ж.З. процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!