Сирдарёда 6 эркак тез ёрдам ходимларини ярим тунда аёвсиз калтаклади

Сирдарёда 6 эркак тез ёрдам ходимларини ярим тунда аёвсиз калтаклади

Жорий йилнинг 4 июн санаси Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли «Бирлашган» тез тиббий ёрдам шохобчаси навбатчи врачи ва навбатчи фельдшерини ҳеч ёдидан чиқмайдиган бўлди. 

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматига кўра, республика шошилинч тез ёрдам илмий марказнинг Сирдарё вилоят филиалида ўрнатилган «Call»-марказига Сайхунобод тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро А.Б.ни тоби қочганлиги боис ўша маҳалла ҳудудидан ўтувчи канал бўйига тез тиббий ёрдам сўраб тунги соат 00:13 да мурожаат қилишди.

Натижада Республика шошилинч ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали тез тиббий ёрдамнинг «Call»-маркази чақирувни Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли «Бирлашган» тез тиббий ёрдам шохобчасига узатган.

Гулистон шаҳридаги Тез тиббий ёрдамининг «Call»-марказига келиб тушган чақириққа асосан «Бирлашган» тез тиббий ёрдам шохобчасининг 20 382 МАА рақамли «Дамас» русумидаги тез тиббий ёрдам автомашинасида навбатчи врач Ж.О. ва навбатчи фельдшер В.Н.лар чақириқ манзилига тунги соат 00:21 да етиб боришади.

 Чақириқ манзилида эса 6 нафар маст ҳолатдаги фуқаролар кутиб олишади ва етиб келган навбатчи фельдшер ва навбатчи врачни машинадан тушиши билан сабабсиз калтаклашади. Натижада 1992 йилда туғилган навбатчи врач Ж.О. «БМЁЖ Бош мия чайқалиши. Ўнг қош соҳаси эзилган-йиртилган жароҳати. Ўнг кўз параорбитал гематомаси. Кўкрак қафаси ўнг томонлама юмшоқ тўқимаси лат ейиши» ташхиси билан ҳамда 1976 йилда туғилган навбатчи фельдшер В.Н. «БМЁЖ. Бош мия чайқалиши. Ўнг қўл В-кафт суягининг асосидан ёпиқ синиши. Чап чакка соҳаси бурун ва чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Юқори лаб ички ва ташқи юзаси тери ости гематомаси. Ўнг кўз пастки қовоқ соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши» ташхиси билан Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига тунги соат 02:00да ётқизилди. 

Туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими шифокорлари врач Ж.О. ва навбатчи фельдшер В.Н.га тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. 

Ушбу ҳодиса иштирокчиси бўлган 1980 йилда туғилган фуқаро Ш.Қ. ва А.Б.ларни тунги соат 02:00 да туман Ички ишлар бўлими ходимлари Сайхунобод тумани ТТБ олиб келишганида улар ўта маст ҳолатда бўлган. 

Маст ҳолатида бўлган 1973 йилда туғилган А.Б.нинг ўнг тизза бўғими соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши ва шилингани боис унга туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори, врач-хирург Жўрабой Аширов томонидан амбулатор ёрдами кўрсатилди.

Айни чоғда ушбу ҳолат юзасидан Сайхунобод туман ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!