Швейцариядаги АҚШ–Эрон музокаралари тунгача давом этди: воситачилар илк ютуқлар ҳақида хабар берди
Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилган юқори даражадаги музокаралар ярим тунда якунланди. Музокараларда воситачилик қилган Қатар ва Покистон томонлар ўртасида «рағбатлантирувчи тараққиёт» кузатилганини маълум қилди.
Қатар ва Покистоннинг қўшма баёнотига кўра, томонлар 60 кун ичида якуний келишувга эришиш бўйича йўл харитасини келишиб олган. Техник даражадаги музокаралар эса ҳафта давомида давом этади.
АҚШ делегациясига вице-президент Жей Ди Вэнс, президентнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер бошчилик қилди. Эрон томонидан парламент раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф ҳамда ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи иштирок этди.
Музокаралар Эроннинг Ҳурмуз бўғозини қайта ёпиш ҳақидаги баёноти ортидан бўлиб ўтди. Теҳрон бу қарорни Исроилнинг Ливандаги ҳаракатлари ва АҚШ–Эрон меморандуми шартлари бузилгани билан изоҳлади. АҚШ ҳарбийлари эса бу даъвони рад этиб, бўғоз орқали кема қатнови давом этаётганини билдирди.
Президент Дональд Трамп музокаралар арафасида Эронни Ливандаги иттифоқчилари ҳаракатларини тўхтатишга чақирди. Унинг таъкидлашича, акс ҳолда Вашингтон янада қаттиқ чоралар кўриши мумкин.
Бунга жавобан Муҳаммад Боқир Қолибоф АҚШ таҳдидлари Эронга таъсир қилмаслигини айтди ва Теҳрон босим остида қарор қабул қилмаслигини таъкидлади.
Эрон ОАВ маълумотларига кўра, музокараларда қатнашиш учун мамлакат хавфсизлик хизматлари, Марказий банк ва нефть саноати раҳбарлари ҳам Швейцарияга келган. Бу эса муҳокамалар нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий ва энергетика масалаларини ҳам қамраб олаётганини кўрсатади.
