Швейцарияда жамоат жойларида паранжи ва ниқоб тақиш тақиқланади

Швейцарияда жамоат жойларида паранжи ва ниқоб тақиш тақиқланади

Швейцарияда фуқароларнинг кўпчилиги жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпиб турувчи кийим элементларини, шу жумладан, мусулмон аёллар учун анъанавий бўлган паранжи ва ниқоб тақиб юришни тақиқлаш учун овоз берди, деб ёзади «РБК».

Халқ ташаббуси бўйича референдумда бундай кийимни тақиқлаш учун 51,2 фоиз овоз йиғилди, овоз беришда жами сайловчиларнинг 51,4 фоизи қатнашди.

Ташаббусни консерватив Швейцария халқ партияси (СВП) илгари сурди. Тақиқ нафақат мусулмонларга хос кийим-кечакларга, балки, масалан, футбол ишқибозлари ва норозилик намойишлари қатнашчилари киядиган балаклаваларга ҳам тааллуқли. Бу жиноятчиликка қарши курашда ва юзларини ёпиб юришга мажбурланадиган аёлларни ҳимоя қилишда ёрдам беради, деб ҳисоблайди тақиқ тарафдорлари.

Мамлакат фуқаролари муайян қарор қабул қилгани туфайли, бугунги кундан тегишли конституциявий низом кучга киради. Аммо энди унинг ижро этилиши юзасидан маҳаллий ҳукуматлар бир қарорга келиши керак. Швейцариянинг барча кантонлари раҳбарияти юзни ёпиб юришга умумий тақиқ киритиши шарт, тайёргарлик кўриш ва зарур фармонларни қабул қилиш учун уларда энг кўпи билан икки йил вақт бор. Референдумгача бундай тақиқ Тичино ва Санкт-Галлене кантонларида амал қилган.

Мамлакат адлия вазири Катин Келлер-Саттер референдум якунларини изоҳлар экан, Швейцария Федерал кенгаши ва парламенти юзни ёпиб турадиган кийимларни тақиқлашга қарши чиққанини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, чеклов мамлакатда яшайдиган мусулмонларга қаратилмаган, у бошқа баъзи Европа мамлакатларида паранжи аллақачон тақиқланганига ишора қилди.

Айни вақтда Швейцария Марказий ислом кенгаши референдум натижаларидан ҳафсаласи пир бўлганини ва тақиқни бузган аёллар учун жарима тўлаш мажбуриятини ўз бўйнига олишга тайёрлигини маълум қилди.

2009 йилда Швейцария фуқароларининг кўпчилиги (59 фоизи) референдум орқали миноралар қуришни тақиқлаш тўғрисидаги тузатишнинг Конституцияга киритилишини маъқуллаган эди. Буни ҳам ўша Швейцария халқ партияси таклиф қилган. Сиёсий бирлашма фикрича, миноралар жамиятни исломлаштириш тимсоли бўлиб, исломнинг диний ва сиёсий ҳокимиятга интилиши рамзи бўлиб хизмат қилади.

Бу каби қонунлар аллақачон Австрия, Болгария, Франция, Бельгия ва Данияда амал қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!