Швеция Украинага ҳарбий ёрдамни 4 бараварга оширишини эълон қилди

Швеция Украинага ҳарбий ёрдамни 4 бараварга оширишини эълон қилди

Чоршанба куни Швециянинг янги ҳукумати Украина учун янги, қиймати 3 миллиард крон (287 миллион доллар) ҳарбий ёрдам пакети ва яна 720 миллион крон (69 миллион доллар) гуманитар ёрдам пакетини эълон қилди.

Жаҳон агентликларининг хабар беришича, Швеция мудофаа вазири Паль Юнсон янги пакетга, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Швеция армияси омборларидаги ўқ-дорилар бўлишини маълум қилган.

Бош вазир Ульф Кристерссон матбуот анжуманида ушбу ҳарбий ёрдам пакети аввалги саккизтасининг ҳаммасидан каттароқлигини таъкидлади ва Швеция Украинага айнан украиналикларнинг устувор рўйхатига биноан қурол топширишга қарор қилганини қўшимча қилди.

Швециянинг аввалги социал-демократик ҳукумати Украинага умумий қиймати бир миллиард крондан ортиқ бўлган бир нечта ҳарбий ёрдам пакетларини берган ва бу пакетлар орасида танкга қарши тизимлар, ўқ-дорилар, шлемлар ва ўқ ўтказмайдиган жилетлар ҳам бор эди.

Сентябрдаги сайловлардан сўнг бу ҳукумат ўрнини Кристерсон бошчилигидаги ўнг ва ўнг-марказ партиялари коалицияси эгаллади.

Reuters агентлигининг қайд этишича, янги пакетга Украина сўраган Швеция-Норвегия юқори технологияли Archer ўзиюрар гаубицалари кирмайди, бироқ мудофаа вазири Юнсон улар келгусидаги пакетларга киритилишини истисно этмади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!