Шўрчининг «Яккабоғ» маҳалласи аҳолиси бир ойдан бери чироқсиз яшамоқда

Шўрчининг «Яккабоғ» маҳалласи аҳолиси бир ойдан бери чироқсиз яшамоқда

Шўрчи туманидаги «Яккабоғ» маҳалласи аҳолиси бир ойдан бери чироқсиз яшамоқда. ХХ асрнинг 50–60 йилларида ўрнатилган подстанциядан 150 дан ортиқ хонадон, ишлаб чиқариш корхоналари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, дўконлар фойдаланиб келарди, дея хабар беради Turon24.

Газ қуйиш шохобчаси ҳудудида ўрнатилган 2204-рақамли подстанция кучли кучланиш натижасида ёниб кетган. «Ёнғин шохобчага ўтиб кетиб, портлаш юзага келмаслиги учун жонимизни хатарга қўйиб оловни ўчирганмиз», — дейди маҳаллада яшовчилардан бири.

Маҳалла раиси Олим Бойтўраевнинг айтишича, аҳоли номидан подстанцияни таъмирлаш ёки ўрнига бошқасини ўрнатиб беришларини сўраб бир неча бор вилоят электр тармоқлари корхонасига ҳамда «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбариятига мурожаат қилган. Лекин ушбу идораларнинг ҳеч бири муаммони ҳал қилиб бермаган.

Сурхондарёда сўнгги кунларда электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келмоқда. Нафақат чекка қишлоқларда, балки шаҳар ва туман марказларида ҳам чироқнинг тез-тез ўчиб қолиши кузатилаяпти.

Термиз тумани Саловот маҳалласида яшовчи Усмон Норматовнинг айтишича, маҳаллада ҳар куни кечки олтидан саккизга қадар чироқ бўлади. Кокилдорота маҳалласида истиқомат қилувчи Маъмур Тўхтасинов эса электр энергиясининг қуввати жуда пастлигидан кечки пайтларда икки қадам наридаги кишини ҳам таниб бўлмаслигини, телевизор, музлаткич ёки кондицонер умуман ишламаслигини айтади.

Маҳалла фуқаролари масъул идораларга бир неча бор мурожаат қилган. Ҳатто бир гуруҳ одамлар туман мутасаддилари билан учрашган. Аммо муаммо муаммолигича қолаверган.

Turon24 нинг туман электр тармоқлари бўлими бошлиғи Эркин Турсоатов билан боғланишлари ҳам самарасиз кечди. Бош муҳандис Нурмаҳмат Рўзиқулов эса буни «одамларнинг сабрсиз бўлиб бораётгани» билан изоҳлади. «Бир неча йилдан бери қишки мавсумда шу аҳвол, вазият 2019 йилга бориб яхшиланиши кутилмоқда, одамлар шунгача сабр қилишмаяпти», — деди бош муҳандис.

«Сурхондарёда ҳеч бир жойда чироқ ўчмайди. Шўрчидаги ҳолатга эса эндигина тўрт кун бўлди, икки кунда ҳал бўлади», — деди вилоят электр тармоқлари корхонасининг техник масалалар ва эксплуатация бўйича директори Аброр Алиев юзага келган вазиятга изоҳ бериб. У Turon24 мухбирининг бошқа саволларига жавоб беришдан қочиб, «ҳаммасини бундан оласиз» дея мухбирнинг қўлига қисқача маълумотномани тутқазган. Маълумотномада қайд этилишича, "Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ жорий йилнинг 9 ойи давомида 25 млрд сўмлик иш бажарган…

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!