Шуманайда фуқаро оқланди, чунки...

Шуманайда фуқаро оқланди, чунки...

Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2017 йил 20 ноябрдаги ҳукмига кўра Г. Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,237-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари билан, ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 1 йил адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида 7.488.750 сўм жарима жазосига судланган.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди кассация инстанциясининг 2018 йил 22 майдаги ажримига кўра, Г. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан оқланган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 29 январдаги ажрими билан, Г.га нисбатан чиқарилган Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди кассация инстанциясининг 2018 йил 22 майдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборилган.

Суднинг ҳукмига кўра, Г. “Г.К” адвокатлик бюроси адвокати бўлиб ишлаб келиб, фуқаро Г.Л ва унинг таниши М.Л.лар билан олдиндан тил бириктириб, Г.Л. таниши Д.Т. билан ихтиёрий равишда жинсий алоқада бўлиб келиб, 2016 йил октябрь ойида ҳомиладор бўлиб қолганидан сўнг, Д.Т. дан тўй қилиб унга уйланишини сўраганида, у рад жавобини бергач, сунъий далилларни келтиришиб, унга нисбатан туҳмат қилишиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аслида юз бермаган жиноий ҳодиса ҳақида ёлғондан хабар бериш орқали турмуш қуришга мабур қилишни режалаштиришган.

Шундан сўнг, Г.нинг 2016 йил 4 ноябрдаги берган маслаҳатларига асосан Г.Л. ҳаракат қилиб, 2016 йил 7 ноябрь куни Д.Т. билан Урганч шаҳри, Гурлан кўчаси, 19-уй, 30-хонадонда ихтиёрий равишда жинсий алоқада бўлганидан сўнг, жиноий режаларини амалга ошириш учун уйига қайтиб келиб ғаразгўйлик ниятида, дугонаси М.Л. ёрдамида кўкрак қафаси, чап сони, ўнг сони, чап елкасига енгил тан жароҳати етказиб ҳамда эгнида бўлган аёллар кўйлаги, лозимаси, майкаси, сийнабанди ва ички кийимини қўллари билан тортиш йўли билан қасддан шикастлантириб, сунъий далилларни вужудга келтиришиб, Г. шу куни Г.К. билан такроран учрашиб, у тайёрлаб берган аризасидан фойдаланган ҳолда Урганч шаҳар ИИБга Д.Т.ни оғир жиноят содир этишда айблаб, яъни номусига текканлиги ва жинсий эҳтиёжини зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондирганлиги ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Натижада, адвокат Г. Г.Л.га таниши Д.Т. га нисбатан оғир жиноятни содир этганлиги бўйича сунъий далилларни келтириш ҳақида бериб келган маслаҳатлари оқибатида, Урганч шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишларини олиб бориш давомида, Г.Лесбекова Д.Тасимов билан 2016 йил 16 ноябрда Урганч шаҳар ФХДЁ бўлимидан эр-хотин сифатида рўйхатдан ўтишга ва 2016 йил 1 декабрда никоҳ тўйи қилишиб, унга турмушга чиқишига эришганликда айбли деб топилган.

Г.кассация шикоятида, айбсизлиги ва ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги ҳақида важлар келтириб, суд ҳукмини бекор қилиб, уни оқлаш хусусида ажрим чиқаришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 22-моддаси талабларига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Ушбу кодекснинг 463-моддаси 1-қисмига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги 2014 йил 23 майдаги 7-сонли Қарорининг 4-бандига мувофиқ, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги;

далиллар мақбуллиги нуқтаи назаридан баҳоланишида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган тушунтиришларга амал қилиниши лозимлиги;

далилларни баҳолаш жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи фактлар ёки нарсалар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган тақдирдагина ишга алоқадор деб эътироф этилиши;

текширув натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлиги аниқланган далиллар ишончли деб ҳисобланиши, судланувчининг айбдорлиги (айбсизлиги) тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нафақат кўрсатилиши балки, суд томонидан нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган бўлиши лозимлиги;

ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозимлиги;

5-бандида, “Судларнинг эътибори, ЖПКнинг 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилиши;

судлар ҳукм ЖПКнинг 26, 90 ва 455-моддалари талабига биноан фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асосланган бўлиши лозимлигини эътиборга олишлари кераклиги”ги ҳақида тушунтиришлар берилган.

Бироқ суд, судланган Г.га нисбатан айблов ҳукми чиқаришда қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилмаган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28-моддасида, жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилиши, жумладан, жиноят содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, шунингдек бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берган шахс ёрдамчи деб топилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикасим ЖК 237-моддаси 2-қисмининг “а”, “б” бандларида, айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтирган ҳолда, ғаразгўйлик ниятларида ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур жиноятнинг объекти одил судлов органларининг нормал фаолияти, фуқароларнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобланиб, объектив томондан била туриб, жиноят содир этилгани ҳақида ёлғон хабар беришда ифодаланади.

Иш ҳужжатларига кўра, судланган Г. ва Г.Л.га сунъий далилларни вужудга келтириб, таниши Д.ни оғир жиноят содир этганлиги бўйича айблаш ҳақида маслаҳатлар бериб келиб, Г.ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёлғон хабар бериш жиноятини содир этишида иштирокчилик қилганликда айбли деб топилган.

Суд, судланган Г.ни айблашда Г. ва Г.Л.лар ўртасидаги телефон орқали бўлган суҳбатлар ёзилган аудиофайллар, Г.Л. ва Д.Т. ўртасидаги мулоқот акс этган видеотасвир ва уларнинг стенограммасини асос сифатида кўрсатган.

Жумладан, суд ҳукмида, адвокат Г.К.га тегишли бўлган “К52D” бўлган ноутбукда 2016 йил 4 ноябрь куни Г.Л. номидан Урганч шаҳар ИИБ бошлиғига, “Урганч шаҳар, Хлопзавод кўчаси, 7-уй, 4-хонадонда яшовчи Г.Л. томонидан ариза Мен Г.Л, 1988 йил 16 мартда туғилганман, юқоридаги манзилда яшайман. 2016 йилнинг 2 ноябрь куни танишим бўлган 1986 йил 10 апрелда Урганч шаҳрида туғилган ва Урганч шаҳар Водник шаҳарчаси Халқ сўзи кўчасида яшовчи Д. менга сенда гаплашадиган гапим бор деб, мени уйдан алдаб олиб чиқиб, ўзининг Гурленский кўчасидаги дўстининг уйига олиб бориб, менинг эркимга қарши менга тан жароҳати етказган ҳолда ўзи билан жинсий алоқада бўлишга мажбур қилди. Юқоридагиларга асосан унга нисбатан қонуний чора кўришларингизни ва менга суд медицина экспертизасига йўлланма беришларингизни сўрайман” деган мазмундаги ёзилган аризани кўздан кечириш баённомасини Г.ни айбини исботлаш учун келтирилган.

Терговда ва судда Г., Г.Л.га компьютерда ариза ёзиб бермоқчи бўлганлигини инкор этмагани ҳолда, балки Г.Л.нинг кўрсатувлари асосида унинг номидан ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиб бераётганида, компьютери бузилиб қолганлиги учун Г.Л.га ариза ёзиб берма олмаганлигини кўрсатган.

Қонунчиликка кўра, адвокат ўзига нисбатан юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахсга ҳуқуқий маслаҳатлар бериши ва ҳимоя нуқтаи назаридан мурожаат қилган шахснинг кўрсатмалари асосида, унинг пой мол этилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва бошқа ташкилотлар номига ариза ёзиши қонун билан таъқиқланмаган.

Қолаверса, Г.Л. Д.Т уни зўрлаб номусига текканлиги мазмунидаги аризани қўл ёзма шаклида ёзиб ИИБга тақдим этгани ёки 2016 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига мурожаат этиб, унда Д.Т. номусига текганлигини, лекин уйланаман деб алдаб юрганлигини маълум қилганлиги, мазкур ариза ҳам жиноят ҳақида расмий хабар саналиши ва унинг ёзилишида Г.К.нинг бирон-бир иштироки бўлмаганлиги суд томонидан умуман баҳоланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Конститутциявий судининг 2006 йил 7 февралдаги “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг тўртинчи қисмини ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 6-моддасининг бешинчи қисмини шарҳлаш ҳақида”ги қарори ҳам умуман инобатга олинмаган. Унда адвокатни қонунга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатаётганлиги муносабати билан уни жиноий, фуқаролик, маъмурий, интизомий ва моддий жавобгарликка тортиш ёки бундай жавобгарликни қўллаш билан қўрқитиш мумкин эмаслиги назарда тутилган.

Шу боис, судлов ҳайъати, адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган фуқаро номидан ариза лойиҳасини тайёрланганлигининг ўзинигина Г.К.ни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди деб ҳисоблайди.

Шунингдек, судлов ҳайъати, иш бўйича Г.К.нинг айбдорлигини исботловчи далил сифатида тан олинган Д.Т. томонидан уяли телефонда видеотасвирга туширилган Г.Л.нинг кўрсатмаларини ишончга сазавор эмас деб ҳисоблайди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 95-моддасининг 1-қисмига биноан ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Кассация инстанциясида сўроқ қилинган Г.Л., видеотасвирдаги гапларни ўша вақтда турмуш ўртоғи бўлган Д.Т. уни алдаб кўндирганлиги учун айтганлигини, Д.Т. қамалиб кетмаслиги ва у билан бир оила бўлиб яшаши учун ҳамма ишни қилишга рози бўлганлигини, агарда Д.Т. билан яшаб келаётган бўлганида ҳозирда ҳам видеотасвирда Г.К.га қарши айтган гапларини тасдиқлаган бўлиши ҳақида кўрсатма берган.

Худди шунингдек, судлов ҳайъати, иш бўйича Г.К.нинг айбдорлигини исботловчи яна бир далил сифатида тан олинган Г.Л. телефонда адвокат Г.К. билан 2016 йил 3 ноябрь куни соат 13:32 да суҳбатлашганида, “ассалом Г. апа ишдамисиз, соат 15 ларда телефон қилиб борсам ишда бўлсасизми, ишга қачон борасиз бўлмаса, бугун кечроқ бўлса ҳам бормайсизми, бугундан қолмасин деб турган эдим, маслаҳатли ишим бор эди сизда”, 2016 йил 8 ноябрь куни соат 20:38 да суҳбатлашганда, “алло апа, вақтингиз борми, гаплашмоқчи эдим, ё бошқа номердан телефон қилайми, Г. опа бояги бола телефон қилди, эртага загсга борамиз, загсдан ўтиб тўй қиламиз, кейин аризангни қайтиб оласанми деди, сиз билан маслаҳат қилмагунча унга бирон сўз айтиб билмадим ва бошқа суҳбатлари;

Г.Л.ни дугонаси М.Л. билан 2016 йил 5 ноябрь куни соат 20:54 да суҳбатлашганда, “келмадими”, “бугун келиши керакмиди”, “нишатиб ташайин, уриб ташайинми”, “қирчиб ташайинми ҳамма ерингни”, “телефон қил,  келарсан натса, бу ерга тўғри”, “агар шундин натадўн бўлса” - деб айтганлиги ва ўз навбатида Г.Л.ни “Телефон ургай деб ўтирибман”, “телефонда айтаварма вуни”, “Айт телефонда! на даб чиқариб бериб турсинлар”, “ўтиравар қани, натса телефон урарман”-деб айтганлиги қайд қилинган 2017 йил 7 мартдаги кўздан кечириш ва эшитиб кўриш хақидаги баённомалар ўрганиб чиқилганда, уларнинг мазмун-моҳиятидан айнан судланган Г.К. томонидан ғараз ниятда, Г.Л.га Д.Т.ни оғир жиноят содир этганлик учун айблашда сунъий далиллар вужудга келтириш учун маслаҳатлар бериб, Г.Л.нинг ёлғон хабар бериш жиноятини содир этганида иштирокчилиги англанмади.

Шу боис, судлов ҳайъати, мазкур далилларни Г.К.ни айблаш учун асос қилиб олиниши мумкин эмас деб ҳисоблаган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасига кўра, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Г.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 28,237-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандларида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли сабабли, унга оид жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПК 83-моддасининг 2-бандига асосан тугатилиб, айбсиз деб топилиб, оқланди.                                 

А.Шайдоев,

КСҲ-№ 4-04/47-19-сонли ажрими

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро вилоят суди раисининг

ўринбосари


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!