«Шуҳрат Домбрабадский» тўғрисида тарқалган хабарларга изоҳ берилди

«Шуҳрат Домбрабадский» тўғрисида тарқалган хабарларга изоҳ берилди

Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда «Шуҳрат Домбрабадский» номи билан танилган маҳкум Шуҳратилла Носиров яна 4 йилга сабабсиз қамалгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди, деб хабар берди «Xabar.uz».

Маҳкум Шуҳратилла Носиров 12-сон жазони ижро этиш колониясига жорий йилнинг 20 январь куни келтирилган. Колонияга этап орқали келтирилган барча маҳкумлар ИИВнинг 2012 йилдаги 174-сонли буйруғига асосан комиссион тартибда қабул қилиниб, тўлиқ тинтувдан ўтказилади. Тинтув вақтида унинг ёнидан маҳкумлар олиб юриши ва сақлаши тақиқланган 1 дона ‘Big’ ва 1 дона ‘Мак жилет’ соқол олиш устаралари, унинг 2 дона кассетаси ва 1 дона кесиш тиғи 2 сантиметр бўлган тамғаланмаган қайчи олинган.

Жиноят-ижроия кодексининг 111-моддасида ‘Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этиш, шунингдек, ички тартиб қоидаларида тақиқланган буюмлар ва нарсаларни сақлаш, тарқатиш, истеъмол қилиш ва улардан фойдаланиш жазони ўташ тартибини қўпол тарзда бузиш’ деб ҳисобланади. Маҳкум Носиров ушбу хатти-ҳаракати билан мазкур тартиббузарликни содир этган.

Алоҳида қайд этиш керак, колонияга этап орқали келтирилган маҳкумларнинг ёнларида сақлаши тақиқланган соқол олиш устаралари алоҳида сумкага солиниб, колония маъмурияти ходимлари томонидан ҳарбий хизматчилардан қабул қилиб олинади ва фақатгина алоҳида ажратилган сартарошхонада маҳкумлар фойдаланиши учун берилади. Фойдаланиб бўлишгач, шу жойнинг ўзида махсус қулфланадиган шкафларда сақланиши таъминланади.

Маҳкум Шуҳратилла Носировга нисбатан колония маъмурияти томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят-ижроия кодексининг 105 ва 106-моддаларига асосан колония бошлиғининг 2020 йил 23 январь кунидаги 16-сонли қарори билан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.

Содир этилган тартиббузарлик ҳолати архивлаштирилган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 221-моддасида озодликдан маҳрум этиш жойида жазо муддатини ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишга бошқа тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан сўнг ҳам такроран қўпол равишда тартиббузарлик содир этса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши назарда тутилган.

Лекин маҳкум Носиров колонияга келтирилганидан буён унга нисбатан карцер интизомий жазоси қўлланилмаган ва ҳозирги вақтда Жиноят кодексининг 221-моддасига асосан жиноят иши қўзғатишга асослар мавжуд эмас.

Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарда қайд этилган «12-сонли Жазони ижро этиш колонияси бошлиғига маҳкумнинг адвокати сўровнома жўнатган, аммо жавоб олмаган» жумласига ИИБ ЖИЭББ ахборот хизмати қуйидагича изоҳ келтиради:

«Тошкент шаҳар ‘SIMАY KOM’ адвокатлик фирмасининг адвокати У.Давлатовнинг сўровномаси (2020 йил 3 февралдаги чиқиш рақами 26/01-05/1-сон) 5 февраль куни қабул қилиниб, колония томонидан 340-сон билан рўйхатга олинган. Унда маҳкум Шуҳратилла Носировга нисбатан тавсифнома ва суд ҳукми билан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини қанча қисмини ўтаганлиги тўғрисида маълумотнома бериш сўралган. Бунга жавобан колония маъмурияти 8 февраль куни адвокат У.Давлатовга 833-сон чиқиш рақами билан жавоб хати юборган.

Маҳкум Носиров 2020 йил 23 январда колонияга келтирилганидан буён унинг яқин қариндошлари содир этган тартиббузарлигини бекор қилишни сўраб ёки бошқа сабаблар юзасидан колония раҳбариятига мурожаат қилмаган».

«Колония ходимлари томонидан маҳкум Шуҳратилла Носировдан ёки унинг қариндошларидан содир этган тартиббузарлигини бекор қилиш, унга енгиллик яратиб бериш эвазига моддий манфаатдорлик талаб қилинмаган», — дейилади ЖИЭББ ахборот хизмати хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!