Шри-Ланкада коронавирусдан вафот этганлар ёқиб юборилмоқда

Шри-Ланкада коронавирусдан вафот этганлар ёқиб юборилмоқда

Шри-Ланкада яшовчи мусулмонлар кунора кўчага чиқиб, ҳукуматнинг коронавирусдан вафот этганлар борасидаги қарорини ўзгартиришни талаб қилишади. Улар ҳукуматдан ушбу касаллик сабаб дунёни тарк этган мусулмонларни ёқиш эмас, балки, кўмишга рухсат беришни сўрашмоқда.

Коронавирус пандемияси бошланмасидан аввал асосий аҳолиси буддистлар бўлган Шри-Ланкада мусулмонларнинг дафн маросимини ўз динлари асосида ўтказишлари муаммо эмасди. Ўтган йилнинг март ойида мамлакатга вирус кириб келганда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан ўлган мусулмонларни кўмишга рухсат берди.

Аммо Шри-Ланкада ислом динига эътиқод қилувчи одам коронавирусдан вафот этганда ҳаммаси ўзгариб кетди. 2020 йилнинг 30 март куни вируснинг биринчи мусулмон қурбони Муҳаммад Жамолнинг жасади унинг оиласи рухсатисиз ёқиб юборилди. 11 апрелга келиб Шри-Ланка ҳукумати коронавирусдан вафот этганларнинг жасади уларнинг қайси динга эътиқод қилишларидан қатьи назар ёқилиши бўйича қарор чиқарди.

“Мусулмонлар ўлимдан қўрқмайди, лекин, уларни мажбурий ёқиб юбориш бўйича қарор хафа қилмоқда” деди ҳуқуқ фаолларидан бири Шреэн Сарур 3 январь куни Arab Newsга берган интервьюсида.

Шри-Ланканинг барча йирик шаҳарларида бунга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 3 январь куни Киллионочи шаҳрида вирус қурбонларининг жасадини мажбурий ёқишга қарши намойиш бўлиб ўтди. Бундай намойишлардан бири 31 декабрда Коломбо шаҳридаги жасадларни ёқиш маркази ёнида ҳам бўлиб ўтганди.

Бу ҳолатга айни пайтда хорижда яшаётган Шри-Ланкаликлар ҳам норозилик билдиришмоқда. АҚШдаги Шри-Ланкаликлар 3 январь куни Вашингтонда намойишга чиқишган.

“Шри-Ланка ҳукумати ЖССТ кўрсатмаларига қарамасдан вирус қурбонларининг барчасини ёқишни мажбурий қилиб қўйди. ЖССТ ва бошқа тиббиёт мутахассислари вирус қурбонларининг кўмилишида ҳеч қандай хавф мавжуд эмаслигини таъкидлашган” дейди Вашингтондаги намойишчилардан бири Мизли Рифки.

“Бошқа барча мамлакатлар коронавирусдан вафот этганларнинг жасадини кўмишга рухсат беришди. Шри-Ланкада бунга қаршилик қилиниши, бу мамлакатда яшовчи мусулмонларнинг камситилишидир” дейди ҳуқуқ фаоли Муид Жиран.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!