Шошманг! ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб кечиктириладиганга ўхшамоқда

Шошманг! ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб кечиктириладиганга ўхшамоқда

Ўзбекистонда 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши шарт эди, боди-камераси йўқ ЙПХ ходимига ҳайдовчи ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эгалиги кечагина ҳам эслатилаётганди. Аммо бу тартиб, афтидан, 2019 йил 1 июлдан кучга кирмайди.

@xushnudbek нинг ёзишича, ИИВ 14 июнь куни regulation.gov.uz порталига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорига бир қатор ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини жойлаштирган. Унга кўра, боди-камерага оид талабларнинг кучга киришини 2019 йил 1 июлидан 2020 йил 1 январигача кечиктириш назарда тутилмоқда.

«Бу нима дегани, биласизми? Бу ҳукумат қарорлари қай даражада ўйинчоқ бўлиб қолганини кўрсатади. Ким нимани хоҳласа, шуни қиляпти. Ҳозир хоҳласа 2020 йил 1 январгача узайтиришади, ундан кейин хоҳласа 2030 йил 1 январгача узайтиришади, ундан кейин хоҳласа бутунлай бекор қилиб юборишади», — деб ёзади Хушнудбек.

Бундан ташқари ИИВ ўз лойиҳасида бошқа ўзгаришларни ҳам таклиф этган. Жумладан, ҳайдовчилар ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага ЙПХ ходими билан ўзаро муносабати қайд қилинган маълумотларни интернетга рухсатсиз жойлаштирмаслиги ҳақида талаб қўшилмоқда. «Бунинг учун ўша ЙПХ ходимидан рухсат олиш керак эмиш».

«Бу нима учун қилиняпти, ЙПХ ходимларининг хатолари, қонунга хилоф ҳаракатларини бировлар кўрмаслиги учунми? ЙПХ ходими давлат идорасининг вакили ҳисобланади ва жамоатчилик назорати нуқтаи назаридан унинг ҳаракатлари оммавий эълон қилиниши мумкин. Бу фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқ», — деб ёзади Хушнудбек.

Хуллас, ИИВнинг бир-биридан ажойиб таклифлари акс этган лойиҳа 29 июнгача муҳокама қилинади. Сиз ҳам муҳокамада қатнашинг ва фикрларингизни қолдиринг.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!