Шоқосим Шоисломовнинг Биринчи Президент ҳақидаги хотиралари

Шоқосим Шоисломовнинг Биринчи Президент ҳақидаги хотиралари

Ислом Каримов номидаги жамоатчилик фондининг Facebook’даги саҳифасида Шоқосим Шоисломовнинг Биринчи Президент ҳақидаги хотиралари эълон қилинди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.

«Ўзбекистонга қарши бошланган қатағон кампанияси авжига чиққан кезларда Кремлдагилар, ниҳоят, республика бошқарув идораларини Иттифоқнинг турли ҳудудларидан келтирилган кадрлар билан муттасил тўлдириб бориш мумкин эмаслигини тушуниб етдилар. 1986 йилнинг бошида Москвада (кейинчалик турли лавозимларда фойдаланиш учун) 35 ёшдан катта бўлмаган 40 кишидан иборат «ёш кадрлар захираси»ни тузишга қарор қилишди. Марказий Қўмита ташкилий бўлими инструктори лавозимида ишлаётган камина ҳам ушбу гуруҳга олинди. Ғоя ташаббускорларининг режасига кўра, ушбу гуруҳни мунтазам ўқитиш, республика раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этиш ва бошқа тадбирлар кўзда тутилган эди.

1986 йил март ойида бизга Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Давлат режа қўмитаси раиси билан учрашув бўлиб ўтиши маълум қилинди. Шанба кунларидан бирида биз Министрлар Кенгаши биносининг олтинчи қаватидаги залда йиғилдик. Залга кўринишидан ёш, тик қоматли киши кириб келди. Бу Ислом Абдуғаниевич Каримов эди. У киши вазминлик билан, ҳиссиётларга берилмай, республика иқтисодиётининг аҳволи ҳақида сўзлаб беришларини айтдилар. Кейин эса қоғозга қарамасдан, 40 дақиқа давомида бизнинг тасаввурларимизни остин-устун қилиб юборган ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилдилар. Ўша давр матбуоти ва телевидениесида эълон қилинган «Шарқдаги социализм машъаласи» қўлга киритаётган давомли муваффақиятлар ҳақидаги ғалаба ҳисоботларига ўрганиб қолган эмасмизми, биз, эшитганларимиздан шунчаки ўзимизни йўқотмадик, балки яксон этилган ҳолга тушдик. Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ипидан игнасига қадар яхши билган Ислом Абдуғаниевич даҳшатли рақам ва фактларни келтирган эдилар. Маълум бўлишича, республикамиз аҳоли жон бошига тўғри келадиган барча кўрсаткичлар бўйича собиқ Иттифоқда сўнгги ўринларда экан.

Гўё азахонага айланган залда юракни эзадиган сукунат ҳукм сурар эди. Гуруҳнинг аксар аъзолари минтақалардан – вилоят ва туман даражасидаги раҳбар ходимлар эди. Келтирилган далиллар, айниқса, уларга фавқулодда таъсир этганди.

Ислом Абдуғаниевич сўзларини якунлаб, саволлар борми, деб сўрадилар. Барчамиз ўзимизни йўқотиб, бошимизни хам қилганча, жимгина ўтирар эдик. Гарчи «ошкоралик» деб аталган давр эълон қилинган бўлса-да, бу – очиқлиги ва баҳо-муносабатларнинг шафқатсизлиги жиҳатидан фавқулодда кутилмаган чиқиш эди. Негаки, ўша куни айтилган аксар фикрлар ҳаттоки тор доира ёки ишончли дўстлар даврасида ҳам минг бир эҳтиёткорлик билан муҳокама этиладиган гаплар эди.

Чўзилиб кетган сукунат сабаб юзага келган ўнғайсизликни йўқотиш учун мен гуруҳбоши сифатида «Ўзбекистондаги вазият шу қадар оғир экан, республика раҳбарияти нега чора кўрмаётир?» деб савол бердим. Ислом Абдуғаниевич залга диққат билан разм солиб чиққач, «Мен ҳам шуни билишни истар эдим», дедилар. Яъни ҳалокатли вазият хусусидаги ҳақиқатларни шахсий ташаббуслари билан ошкор қилганлари маълум бўлди. Бу воқеа Ўзбекистонда Анишев ва унинг тўдаси ҳукмфармолик қилаётган, улар партия Марказий Қўмитаси, Совет иттифоқининг Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ), Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари, умуман, бутун ҳокимиятни эгаллаб олган даврда рўй берган эди. Ислом Каримов бу билан мислсиз жасорат кўрсатганларини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак: зеро, у киши ҳамма ерда айғоқчи ва жосуслар ҳозиру нозир эканини яхши билар эдилар.

Ватанпарварлик, бадном этилган миллат қайғуси, собиқ Иттифоқнинг турли ҳудудларидан келган муттаҳамлар галаси томонидан ғорат этилаётган Ватан тақдирига куйиниш каби хислатлар у кишини ана шундай мардонавор ҳаракатга ундаган эди.

…Бу воқеадан бир неча ой кейин Ислом Каримовни ўша даврда энг оғир ҳолатда бўлган Қашқадарё вилоятига юборишди. Муаммолар гирдобида қолган вилоят раҳбариятидан истаганча камчилик топиш мумкин – ғанимлар ақлли, қатъий иродали экани боис уларга номақбул бўлган инсондан шу йўл билан қутулишни кўзлаган эдилар.

Ўзбекистоннинг бўлажак раҳбари кейинчалик қандай машаққатли сиёсий йўлни босиб ўтгани кўпчиликка маълум. «Ёш кадрлар захираси» ғоясига келсак, Марказнинг бошқа кўплаб ташаббуслари каби, бу ташаббус ҳам биз ҳикоя қилган учрашувдан кейин бекор бўлди ва бошқа эсланмади».

Муаллиф ҳақида: 2005 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги Ахборот-таҳлил маркази директори лавозимида ишлаб келмоқда.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!