Шомуродовга Испаниядан зўр таклиф чиқди. Элдор “Рома”дан кетадими?

Шомуродовга Испаниядан зўр таклиф чиқди. Элдор “Рома”дан кетадими?

Ёзги трансферлар вақтида “Рома” жамоаси сафига қўшилган Элдор Шомуродов кучли клубларда ҳам ўйнаш олиш қобилиятини намойиш этганидан Европанинг бошқа жамоалари эътиборига тушгани ойдинлашмоқда.

Европа футболини ёритишга ихтисослашган www.euro-football.ru сайтининг хабар беришича, ўзбек легионерига Испания клубларидан қизиқиш бўлмоқда.

Хусусан, Элдор Шомуродовни Испания чемпионати грандларидан ҳисобланган “Севилья” ўз сафида кўришни истаяпти. Хориж матбуотининг ёзишича, андалусияликлар ёзги трансферлар вақтида 26 ёшли футболчимиз трансферини амалга оширишни режалаштираётган экан.

Яна бир нуфзли сайт www.soccer.ru маълумотига кўра, “Севилья” клуби раҳбариятига ўз мақсадини амалга ошириш осон бўлмайди. Чунки бу кўп жиҳатдан Жозе Моуриньонинг қарорига боғлиқ бўлади.

Маълумки, “Рома” раҳбарияти клубнинг аввалги мавқеини тиклаш, А Серияда совринли ўринлар учун курашиш ва мунтазам Чемпионлар лигасида иштирок этадиган қудратли жамоа шакллантириш мақсадида Жозе Моуриньони бош мураббийликка таклиф этган.

Авваллари асосан “Челси”, “Реал”, “Интер”, “Манчестер Юнайтед” каби юлдузлар билан тўлиб-тошган жамоалар билан юқори натижаларни қайд этган португалиялик мутахассис бу гал жанговар жамоани бошидан шахсан ўзи шакллантиришга қарор қилди ва римликлар таклифини қабул қилди.

“Рома” раҳбарияти трансфер сиёсатида ҳам Моуриньони тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Жамоадан Моуриньога тўғри келмайдиган футболчилар кетказилди, Жозе танлаган янги ўйинчилар олинди ва бу жараён қишки ва ёзги трансферлар вақтида ҳам давом этади.

Роппа-роса бир йил муқаддам Россия премьер-лигасидан А Серияга кўчиб ўтган Элдор Шомуродов “Женоа” таркибида саккизта гол уриб, кучли бешлик чемпионатлари даражасида ўйнай олиш салоҳиятини намоён этганидан сўнг, мавсум давомида унга “Ювентус”, “Милан“, “Рома” каби жамоалардан таклифлар кела бошлади.

Ҳамюртимизни Римга таклиф қилиш фикри Жозе Моуриньодан чиққани аниқ. Чунки португалиялик мутахассис унинг имкониятларини яхши билади ва “Тоттенхэм”ни бошқарган даврда ҳам Шомуродовни Англия премьер-лигасига таклиф қилганди.

Хуллас, Моуриньо чақириғи билан “Рома”га ўтган Элдор Шомуродов УЕФА Конференциялар лигаси ва А Серия ўйинларида ҳам ўзини кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда ўйинида бироз пасайиш кузатилаётган ҳамюртимиз римликлар таркибидаги дастлабки беллашувларда битта гол ва тўртта ассист билан “Рома” ғалабаларига ҳисса қўшди.

Энг муҳим жиҳат шундаки, унча-мунча юлдузларни тан олмайдиган Жозе Моуриньо Элдор Шомуродовни топ даражадаги футболчи, деб билишини ошкор намоён қилди ва ўзбек йигити у қураётган қудратли “Рома”да муҳим вазифаларини бажаришига ишонч билдиришда давом этмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, шунинг учун ҳам “Севилья” вакилларининг ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродовни олишига биринчи навбатда Моуриньо қарши чиқади. Чунки, португалиялик мутахассис бир неча йил давом этадиган катта лойиҳани бошлаб юборган ва Шомуродов шу ғояга хизмат қилиши керак бўлган муҳим ўйинчилар қаторига киради.

Иккинчи томондан, Элдор Шомуродовга “Севилья” каби кучли клублар эътибор қаратаётгани қувонарли ҳол. Чунки ривожланиш ва ўсишнинг чегараси йўқ. Зеро, ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари Элдор Шомуродов ва бошқа футболчиларимизни нафақат “Рома” ва “Севилья” даражадасидаги жамоалар, балки “Барселона”, “Реал”, “Манчестер Юнайтед, “Челси”, “Манчестер Сити”, “Ливерпуль”, “Бавария” каби энг қудратли клубларда кўришни истайди.

Қолаверса, ёзги трансферлар ойнаси очилгунга қадар, Элдор Шомуродовга бошқа кучли клублардан ҳам чорлов бўлишига ишончимиз комил. Буёғини вақт кўрсатади...


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!